Таълим сифатини оширишда “Тошкент тажрибаси” қўлланилади
Жамият
−
25 Октябрь 2019
3724Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида халқ таълими муассасаларида таълим сифатини ошириш бўйича “Тошкент тажрибаси”ни жорий этишга оид Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.
Қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 январдан бошлаб:
• Тошкент шаҳридаги барча олий ўқув юртларининг информатика ва ахборот технологиялари, педагогика ва психология ҳамда умумтаълим фанлари (математика, физика, химия, биология ва ўзбек тили каби) кафедраларини умумий ўрта таълим мактабларига бириктиради ва кафедранинг профессор-ўқитувчилари томонидан мактаб педагоглари учун ҳафтада камида бир маротаба маҳорат дарсларини ўтиш тизимини йўлга қўяди;
• Тошкент шаҳридаги умумтаълим муассасаларида фаолият юритаётган 3 минг нафарга яқин инглиз тили ўқитувчиларининг барчасини бир йил муддатда C1-CEFR даражасига олиб чиқиш мақсадида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва бошқа олий таълим муассасаларининг хорижий тиллар кафедралари биттадан мактабни оталиққа олиб, режа асосида амалий семинарлар, тренинглар, “очиқ дарс”лар, маҳорат дарсларини ташкил этади;
• битирувчи синф ўқувчилари ва уларнинг ота-оналари учун “Очиқ эшиклар куни” тадбирларини мунтазам ўтказади;
• умумтаълим муассасалари ўқувчилари ўртасида тизимли равишда маҳаллий фан олимпиадалари, жумладан “Тошкент STEAM фанлари олимпиадаси”ни ўтказилишини йўлга қўяди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда 2020 йилдан бошлаб, Тошкент шаҳридаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим муассасалари ўқувчиларининг ўқиш, математика ва табиий фанлардан саводхонлик даражасини халқаро баҳолаш дастурлари (PISA, PIRLS, TIMSS) асосида баҳолаб боришни жорий этади.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг 2021 йилдан бошлаб, Тошкент шаҳридаги туман халқ таълими бўлимлари қошида ўқувчиларда фундаментал билимларни амалий тажрибалар асосида мустаҳкамлашга, уларни илмий ижодкорлик ва мустақил тадқиқотларга йўналтиришга қаратилган юридик шахс мақомисиз STEAM лаборатория марказларини босқичма-босқич ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.
LiveБарчаси