Алиев парад ўтказди, меҳмон бўлиб Эрдўған ва Шаҳбоз Шариф борди – Туркий дайжест
Таҳлил
−
10 Ноябрь 3897 8 дақиқа
Туркийларда нима гаплар? Ўтган 1 ҳафта ичида туркий дунёда, хусусан Марказий Осиёда эсда қоларли қандай воқеалар юз берди. Ушбу ҳудуд вакиллари бориб яшаётган, ишлаётган манзиллардаги қизиқарли воқеалар тафсилотига тўхталиб ўтиш, туркий оламдаги ҳолатлар ҳақида сўз юритиш учун сиз билан Туркий дайжестнинг навбатдаги сони.
Қорабоғ урушидаги ғалаба учун ҳарбий парад
8 ноябрь куни Озарбайжон пойтахти Бакудаги Озодлик майдонида Арманистонга қарши “Ватан урушида”ги Ғалабанинг беш йиллиги шарафига улкан парад бўлиб ўтди. Унда мамлакат раҳбари Илҳом Алиев, биринчи хоним Меҳрибон Алиева ва бир қатор меҳмонлар, хусусан, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳамда Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф иштирок этди.
Парадда дастлаб Озарбайжон, Туркия ва Покистон давлат мадҳиялари янгради. Шундан сўнг, Миллий лидер Ҳайдар Алиев ва шаҳидлар хотирасига бир дақиқалик сукут сақланди. Мудофаа вазири, генерал-полковник Зокир Ҳасанов Озарбайжон Президенти, Қуролли кучлар Олий Бош Қўмондони Илҳом Алиевга ҳисобот берди.
Парадни очиб берган Алиев тарихни эслаб, мана бундай фикрларни билдирди:
“Арманлар бир пайтлар “Биз Бакуда чой ичамиз”, дер эди, энди эса улар ҳақиқатан ҳам чой ичишяпти. Арман ҳарбий жиноятчилари ҳозир Бакуда суд қилинмоқда, тергов ҳибсхонасида Озарбайжон чойини ичишяпти. Биз Қорабоғ ва Шарқий Зангезурга, ота-боболаримиз заминига қайтдик, бу ерда Озарбайжон байроғи абадий ҳилпираб туради”.
Алиев урушдаги ғалабага қўшган ҳиссаси ва берган ёрдами учун Эрдўғанга миннатдорлик билдирди. Унинг айтишича, Озарбайжон Туркиянинг бу ёрдамини унутмайди.
“Азиз биродарим Эрдўған Иккинчи Қорабоғ урушининг дастлабки соатлариданоқ Озарбайжонни қўллаб-қувватлади. Унинг “Озарбайжон ёлғиз эмас” деган сўзлари бутун дунёга сигнал бўлди. Озарбайжон халқи бу ёрдамни ҳеч қачон унутмайди”, деди Алиев ўз нутқида.
Алиевга кўра, Озарбайжон ғалаба қозонишга муваффақ бўлди, сабаби “мамлакат ўз ерларини қайтариб олиш учун ўттиз йил давомида меҳнат қилиб, кучли иқтисодиёт, мустақил ташқи сиёсат ва замонавий армия яратди”.
У урушдан вайрон бўлган ҳудудларни тиклаш жадаллик билан давом этаётгани, минтақада 60 минг киши истиқомат қилаётганини таъкидлади.
Туркия раҳбари Эрдўған ҳам парадда нутқ сўзлади ва ўтмишдаги ишлар қайта такрорланишига изн бермаслигини айтди.
“Биз ғазабланмаймиз ва ўтмишдаги азоб-уқубатлар такрорланишига йўл қўймаймиз”, дейди Президент.
Шундан сўнг, майдон бўйлаб Озарбайжон армиясининг барча бўлинмаларидан колонналар ўтди, замонавий танклар, зирҳли техникалар, узоқ масофага учувчи ракета тизимлари, артиллерия қуроллари ҳам намойиш этилди. Парадда Покистон Қуролли кучлари бўлинмалари ва Туркия Президенти гвардиясининг тантанали полки батальони ҳам иштирок этди. Иштирокчиларнинг умумий сони 3 мингдан ошди, техникалар сони эса 150 га яқин. Парадда барча техникалар қатори Озарбайжон ва Туркия ҳарбий техникасининг замонавий намуналари бўлмиш Bayraktar TB2 ва Akinci дронлари ҳам кўз кўз қилинди.
Парад якунида Озарбайжоннинг дронлари ва Туркия ҳарбий-ҳаво кучларининг F-16 қирувчи самолётлари шаҳар узра парвоз қилди. Вертолётларда Озарбайжон, Туркия ва Покистон байроқлари, шунингдек, Алиевнинг отаси Ҳайдар Алиевнинг сурати осмон узра олиб ўтилди.
1991 йилдан бери Тоғли Қорабоғ мухтор вилояти чегараларида ташкил этилган ўзини ўзи эълон қилган Тоғли Қорабоғ Республикаси Ереван кўмагида Арманистон маъмурияти томонидан бошқарилган. Минтақанинг анъанавий озарбайжон туманлари Арманистон ҳарбий кучлари томонидан босиб олинган. Бу йиллар давомида Баку Тоғли Қорабоғнинг бутун ҳудудини, шунингдек, унга туташ етти туманни қайтариб олиш мақсадини кўзлаган. Бунга фақат 2020 йилда эришилди: етти туман ва Қорабоғнинг бир қисми Озарбайжонга қайтарилди. 44 кунлик Иккинчи Қорабоғ уруши 2020 йил 27 сентябрдан 10 ноябргача давом этди. Унинг асосий мақсади, Озарбайжон томонининг расмий баёнотларига кўра, мамлакатнинг ҳудудий яхлитлигини тиклаш, Тоғли Қорабоғ ва унга туташ ҳудудлардаги Арманистон томонидан босиб олинган ҳудудларни озод қилиш, қочоқлар ва ички кўчирилган шахсларни ўз яшаш жойига қайтариш эди. 2020 йил 11 ноябрда Россия воситачилигида ўт очишни тўхтатиш тўғрисида уч томонлама баёнот имзоланди.
2020 йил 3 декабрда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев мамлакатда 27 сентябрни Хотира куни деб белгилаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Озарбайжон раҳбарининг бошқа фармойишига кўра, Шуша шаҳри ишғолдан озод қилинган кун – 8 ноябрь Озарбайжонда Ғалаба куни сифатида тантанали равишда нишонланади.
Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги кўп йиллик шиддатли можаро ва ўзаро нафрат риторикасига қарамай, 2025 йилнинг август ойида икки томон Оқ уйда АҚШ Президенти Дональд Трамп воситачилигида Тинч муносабатлар декларациясини имзолаш орқали муносабатларни нормаллаштиришга содиқлигини намойиш этди.
Бойсундаги кондан яна газ сизиб чиқди
Ўзбекистонда ҳам охирги ҳафта анча қизиқ воқеалар билан ўтди. Хусусан, ўзбекистонликлар учун анча танилиб улгурган кондан яна газ сизиб чиқди. Бу Сурхондарёнинг Бойсун туманида жойлашган “Мустаққилликнинг 25 йиллиги” конидаги вазият. 2 ноябрь куни коннинг 202-сонли газ қудуғида аввалдан ёқиб қўйилган оловнинг вақтинча сўниш ҳолати кузатилган. Мутахассисларга кўра, бу ҳолат кондаги геологик жараён сабабли юз берган. Шундан сўнг, ҳавога зарарли моддалар тарқалишининг олдини олиш мақсадида газ тезкор равишда яна ёқиб қўйилган. Энергетика вазирлигинининг иддао қилишича, ушбу жараён атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олишда стандарт ёндашув ҳисобланади ва халқаро саноат хавфсизлиги талабларига тўла жавоб беради.
Газ отилиб чиқиши масаласи ушбу кон билан илк марта кузатилаётгани йўқ. Бундан олдин ҳам бир неча маротаба катта босимдаги газ сизиб чиқиши кузатилганди. Мисол учун, жорий йилнинг май ойида ҳам айнан коннинг ушбу қудуғида таркибида водород сульфиди юқори бўлган газнинг катта босим билан отилиши ва натижада фонтанланиш ҳолатининг қайталаниши кузатилганди. Ўшанда вазирлик юзага келган ҳодиса яқин атрофдаги аҳоли пунктлари учун хавф туғдирмаслигини таъкидлаганди.
Март ойида ҳам худди шу конда, худди шу газ қудуғида айнан мана шундай муаммо кузатилганди.
Коннинг бошқа бир қудуғида, аниқроғи 604-сонли қудуқда 2024 йилнинг 1 сентябрь куни олиб борилган бурғилаш ишлари вақтида технологик жараённинг бузилиши оқибатида олтингугурт (водород сульфид) гази чиқиши кузатилганди. Аммо ўшанда ўлим ҳолатлари кузатилганди. Унда 4 киши қурбон бўлди. 11 киши жароҳатланди. Ҳалок бўлганлар конда ишлаган пудратчи ташкилот ходимлари эди.
Мактаб директори бензин билан ўзини ёқмоқчи бўлди
Сурхондарёдан узоқлашмаймиз. Яна бир қизиқ воқеа айнан вилоятнинг Қумқўрғон туманидаги 39-сонли мактаб билан боғлиқ. Ижтимоий тармоқларда мактабнинг собиқ директори ўзини бензин билан ёқиб юборишга урингани акс этган видео тарқалди. Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси берган маълумотга кўра, аёл мактабга 15 йил раҳбарлик қилган. Аммо жорий йилнинг 16 сентябрида у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган. 13 октябрь куни эса янги тайинланган директор ишини бошлаш учун келганида собиқ директор унга қаршилик кўрсатган, ундан кетишини сўраган, йўқса ўзини ёқиб юборишини айтган. Айтилишича, ҳозир мактабда янги раҳбар ишини давом эттиряпти. Ўқув жараёни эса барқарор олиб борилмоқда.
Мигрантлар яна муштлашди
2 ноябрь куни Москва шаҳридаги “Филатов луг” тураржой мажмуасида мигрантлар ўртасида оммавий жанжал содир бўлди. Воқеа жойига полиция ходимлари етиб бориб, ҳодисада иштирок этган шахсларни аниқлаш бўйича текширувни бошлаб юборган. Мигрантлар бир-бирига пичоқлар ва ҳатто болта улоқтирган. Ҳодисани телефонида видеога олмоқчи бўлган бир эркакнинг бўйнига пичоқ тиралган, ундан суратга олишни тўхтатиш талаб қилинган, бироқ у воқеа жойидан соғ-омон чиқиб кетишга муваффақ бўлган.
Мигрантларнинг қаердан экани ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган. Аммо видеодан англашилади-ки, улар орасида марказий осиёликлар, хусусан ўзбеклар ҳам бор. Сабаби улар видеода ўзбек тилида жавоб қайтарган.
Туркманистонлик мансабдор Россияда ушланди
Москванинг Домодедово аэропортида Туркманистоннинг давлатга қарашли “Demirýollary” компанияси бош директори Хидир Раҳмонов ва унинг севгилиси қўлга олинди. Россия божхоначилари жуфтликнинг шахсий буюмлари орасидан LSD таблеткаларини топган. Суд қарорига кўра, Раҳмонов тергов изоляторига жойлаштирилган.
Унинг қўлга олингани ҳақидаги маълумотни “Turkmen.news” нашрига бир-биридан мустақил иккита манба тасдиқлаган. Маълум бўлишича, жорий йилнинг 4 октябрга ўтар кечаси Раҳмонов севгилиси билан S7 авиакомпанияси рейси орқали Ашхободдан Москвага учиб борган. Домодедово аэропортининг божхона назоратида аёлнинг ўзини провокацион тутиши ходимларнинг эътиборини тортган. Шахсий буюмлар текширилганда, синтетик психоактив модда ҳисобланган LSD таблеткалари топилган.
Туркманистоннинг Россиядаги элчиси Эсон Айдоғдиев бу ишни ёпишга уринганига қарамай, Домодедово шаҳар суди судьяси Дина Ханси Раҳмоновни 3 декабргача қамоқда сақлаш тўғрисида қарор чиқарган.
“Demirýollary” компанияси 2020 йилда ўша пайтдаги президент Гурбангули Бердимуҳамедов қарори билан “Turkmendemirýollary” агентлиги (ҳозирги Темирйўл транспорти вазирлиги) негизида ташкил этилган. Компания Туркманистон темирйўл инфратузилмасининг бир қисмини бошқаради, йўловчи ва юк ташиш, шунингдек темирйўлларга оид кўприк ва бошқа иншоотларни қуриш билан шуғулланади.
Хидир Раҳмоновнинг укаси Аркач Раҳмонов эса Туркманистон Президенти хавфсизлик хизмати офицери ҳисобланади.
Туркияда катта портлаш
Эрдўған Озарбайжондаги ҳарбий парадда бўлган пайтда Туркиянинг Кожаэли вилояти шимоли-ғарбидаги атир ишлаб чиқарувчи фабрикада кучли портлаш юз берди. Портлаш тўлқини йирик ёнғинга сабаб бўлган, оқибатда бутун бино аланга ичида қолган. Ёнғин ўчирилгач, қутқарувчилар ҳалок бўлганларнинг жасадларини топган. Ҳозирда жабрланганларнинг сонига аниқлик киритилмоқда. Ҳозирча олти киши ҳалок бўлгани ва бир киши жароҳат олгани маълум. Ёнғин сабаблари номаълум бўлиб, тергов давом этмоқда.
Бу галги етказмоқчи бўлганларимиз шулар эди. Бизни кузатишда давом этинг.
Live
Барчаси