Қишда “свет” ва газ ўчадими?
Жамият
−
12 Сентябрь 2023
9636Ўзбекистонда энергетикадаги муаммоларнинг олдини олиш мақсадида 1 октябрдан бошлаб юридик шахслар учун электр ва газ нархини эркинлаштириш режалаштирилаётгани айтилди. Шундан сўнг, “свет” ва газ масаласи яна кун тартибига чиқди. Чиқадиямда. Ахир қиш келяпти. Ўтган йилги “аномал совуқ”ни эслаган ҳар бир одам қиш ғамини ейиши тайин.
Соҳа ходимлари ҳам қишга тайёргарлик масаласида қимирлаб қолган. 11 сентябрь куни ОАВ учун матбуот анжумани ўтказган энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ҳам соҳадаги муаммоларни яширмади. Вазирга кўра, Ўзбекистонда электр таъминотидаги узилишлар ва етказиб бериш сифатининг ёмонлашишига трансформаторларнинг юқори даражада эскиргани ҳамда узоқ йиллардан буён таъмирланмаётгани сабаб бўлган.
Маълум қилинишича, ҳозирги кунда Республикада 238,6 минг километр кучланишли тармоқларнинг 37,6 фоизи 40 йилдан ортиқ вақт давомида ишлатиб келинмоқда. Уларнинг техник имкониятларидан келиб чиқилса, ҳар қандай ускуна 15 йилда, ҳеч бўлмаганда 25 йилда капитал таъмирланиши лозим. Бироқ тармоқларнинг 29,4 фоизи 25 йилдан, 33 фоизи 10 йилдан буён таъмирланмаган.
Вазирнинг қўшимча қилишича, тарифлар либераллаштирилмаса соҳага инвестиция жалб қилиш янада қийинлашади ва бунинг оқибатида тармоқлар янгиланмайди ҳам. “Бунинг жабрини ўзимиз тортамиз”, дейди вазир.
“Электр энергиясини таҳлил қиладиган бўлсак, 2016-2022 йиллар давомида ишлаб чиқариш ҳажми 1,2 баробарга ошиб, йиллик ишлаб чиқариш 72 млрд kWh-га етган. Бу йил айни шу кўрсаткични 80 млрд кв га етказиш ниятимиз бор. Бугунгача аҳоли учун етказиб бериладиган электр энергияси ҳажми 1,5 бараварга ошиб – 11 млрд кв-соатдан, 16 млрдга етди. Йилдан-йилга аҳоли сони ва ялпи ички маҳсулот қиймати ошиб бормоқда. Жумладан, саноат 4,4 баробарга ошган”, дейди энергетика вазири.
Унга кўра, электр тармоқларини модернизация қилиш бўйича 2016-2019 йилларда ижобий ишлар қилинган. Бу йилларда электр энергияси тарифи ошиб борган ва тармоқлар модернизация қилинган ва давлатдан субсидия олинмаган. 2020-2023 йилларда эса тариф оширилмаган, шу боис корхоналар оғир молиявий аҳволга келиб қолган.
Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг айтишича, Ўзбекистонга импорт қилинадиган ускуналар нархи кундан-кунга ошиб бормоқда. 1 кWh электр энергиясининг таннархи эса 800 сўмга айланади.
“Импортдан келадиган технологиялар нархи ошиб бораётган бўлса ҳам, электр энергияси тарифлари ўзгараётгани йўқ. Бунинг натижасида электр токини ишлаб чиқариш таннархи 800 сўмдан (1 кWh учун) юқори бўлмоқда. Лекин аҳолига 295 сўм, юридик шахсларга 450 сўмдан сотилмоқда. Етмаган қисми эса давлат бюджети ҳисобидан субсидияланмоқда”, дейди вазир.
Юқорида айтганимиздек, 1 октябрдан юридик шахслар учун электр ва газ нархини эркинлаштириш режалаштирилмоқда. Бу бўйича ҳукуматнинг “ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор лойиҳасида эълон қилинди.
Унга кўра, келаси ойдан бошлаб электр энергияси 1 кWh учун бюджет ташкилотларига 450 сўмдан 1 000 сўмга, қолган бизнес вакиллари ва юридик шахслар учун 450 сўмдан 900 сўмга оширилиши мумкин. Аҳоли учун нархлар эса ўзгаришсиз, 1 кWh учун 295 сўмлигича қолдирилади.
“Албатта, тармоқларни модернизация қилиш керак. Чунки биз тармоқларни модернизация қилмасак, юқори юклама билан ишлаб турган электр станциялар эртага кўтаролмайди. Ўтган қиш ва ёз буни Тошкент мисолида кўрдик. Бунинг учун нималар қилинмоқда? Биринчи ўринда Тошкент шаҳри бўйича Президентимиз қарори қабул қилинди. Биз биринчи марта ер ости кабелларини ётқизмоқдамиз. Бунга йил охиригача 300 млн доллар маблағ сарфланади”, дейди энергетика вазири.
Вазир тармоқлар эскиргани, соҳага инвестиция киритиш лозимлиги, “свет” ва газ нархини эркинлаштириш кераклигини бот-бот такрорлаганидан сўнг, унга "Аҳоли учун ҳам электр энергияси ва газ нархи ошириладими?" дея савол бердик.
Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг айтишича аҳоли учун электр энергияси тарифларини ошириш ҳамда табақалаштирилган тарифларни жорий қилиш бўйича таклифлар киритиш 2024 йилнинг май ойига режалаштирилмоқда. Нарх оширишнинг асосий шарти — истеъмолчиларни электр энергияси билан барқарор таъминлай олиш. Агар аҳолини узлуксиз таъминлаш амалга оширилса ва лойиҳа тасдиқланса, янги тариф бўйича нарх 450-500 сўм атрофида бўлади.
“Ҳукуматга киритишни режалаштиряпмиз. Лекин бу айнан шу кундан нарх ошади, дегани эмас, ҳозирча барчаси лойиҳа холос. Бизда АСКУ тизими жорий қилинган. Электрон ҳисоблагичларнинг ҳаммаси ўша ерда ҳисоботларни чиқариб беради. Кондиционер, дазмол, микротўлқинли печь, кир ювиш машиналарнинг ҳаммасини меъёр бўйича ҳисоблаганимизда жами бўлиб 183 кWh электр энергия сарфланди. Ҳатто ортиқча қилиб ишлатган тақдиримизда ҳам 300 кWh энергия кетди. Бассейнини "отопление", сауна қилган 5000 кWh ишлатяпти. Нимага унга сиз билан биз давлат бюджетига тўлаган солиқларимиз ҳисобидан 295 сўм пул беришимиз керак?
Табақалаштирилган тариф деганда белгиланган “ижтимоий норма”дан кўп электр истеъмол қилаётган, айтайлик уйида бассейни, саунаси, кўплаб маиший техникалари бор хонадонлар, яъни нисбий олганда бой ва ўзига тўқ хонадонлар учун нарх ошади, дегани. Ҳозир 85 фоиз аҳоли бир ойда 300 кWh электр истеъмол қиляпти. Лекин қолган 15 фоиз аҳоли ишлатаётган электр энергияси ҳажми мана шу 85 фоиз аҳолиникидан кўпроқ”, дейди энергетика вазири.
Шундан сўнг, Мирзамаҳмудов Ўзбекистон ўз конларидаги захиранинг 85 фоизидан фойдаланиб бўлгани сабабли чет мамлакатлардан электр энергияси ва табиий газни импорт қилишга мажбур бўлаётганини айтиб ўтди.
Вазирнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳудудидаги 85 фоиз конлар узоқ йиллардан буён ишлатиб келиниши ҳисобига ўз ресурсини сарфлаб бўлган. Конлардаги қолган газни қазиб чиқариш учун катта ҳажмдаги маблағ талаб қилинади.
“Бунинг ўринини қоплаш учун электр энергияси ва табиий газ импорт қилишга мажбур бўляпмиз. Олдинлари Ўзбекистон умуман табиий газ ёки электр энергиясини сотиб олмаган. Албатта маҳсулотлар бозор нархида импорт қилинади ва нархдаги тафовут бюджетдан ажратилган субсидия орқали қопланади”, дейди Мирзамаҳмудов.
Унинг таъкидлашича, 2017-йилда табиий газ истеъмолчилари сони 3 млн 298 минг 737 та бўлган. 2023 йил 1 август ҳолатига кўра, 4 млн 164 минг 656 та истеъмолчи бор.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь