Суюлтирилган газ таъминотида янги тизим: эҳтиёжманд оилаларга компенсация тўланади
Бизнес
−
20:56 896 3 дақиқа
Газлашмаган хонадонларни суюлтирилган газ билан етарли ҳажмда ва ўз вақтида таъминлаш мақсадида босқичма-босқич бозор механизмларини жорий этиш таклиф этилмоқда.
Бунда 2026 йил 1 ноябрдан маиший баллонларда етказиб бериладиган суюлтирилган газ нархини 1 кг учун – 2 000 сўмдан 5 000 сўмга ошириш, Ижтимоий ҳимоя реестридаги оилалар учун эса нархни меъёр доирасида 2 минг сўмда сақлаб қолиш назарда тутилмоқда.

Янги нарх суюлтирилган газни тўлиқ бозор нархига ўтказишни англатмайди. “LPG-Trade” МЧЖ томонидан биржа орқали харид қилинадиган газнинг нархи билан аҳолига белгиланган 5 минг сўмлик нарх ўртасидаги фарқ, шунингдек, асосланган етказиб бериш харажатлари давлат бюджети ҳисобидан қопланиши режалаштирилган.

Ислоҳотнинг асосий сабабларидан бири аҳолига газ етказиб беришдаги узилишлар ва ресурсларга бўлган талабнинг ортиши билан боғлиқ. Амалдаги 2 минг сўмлик нарх аҳоли учун арзон ресурсни таъминлаётган бўлса-да, газни зарур ҳажмда ва ўз вақтида етказиб бериш имконияти чекланган.
Айрим истеъмолчилар белгиланган газ ҳажми етарли бўлмагани сабабли қўшимча ресурсни бозордан анча юқори нархда сотиб олишга мажбур бўлмоқда. Масалан, айрим ҳудудларда суюлтирилган газни етказиб бериш оралиғи 50–70 кундан ҳам ошмоқда. Бундай ҳолатда расмий нарх 2 000 сўм бўлгани билан, оиланинг газ учун амалдаги ўртача харажати анча юқори бўлиши мумкин.
.png)
Шу билан бирга, республикада суюлтирилган газ ресурслари ортиб бормоқда. 2023 йилда жами ресурс 906 минг тонна бўлган бўлса, 2026 йилда бу кўрсаткич 1,52 млн тоннага етиши кутилмоқда. Бироқ ресурслар таркиби ўзгармоқда. Маҳаллий ишлаб чиқариш 883 минг тоннадан 803 минг тоннага камайган, импорт эса 19 минг тоннадан 713 минг тоннагача ошган.
.png)
2026 йил январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонга 539 минг тонна суюлтирилган газ импорт қилинган. Бундан ташқари, суюлтирилган газга бўлган талаб автомобиллар сонининг ортиши ҳисобига ҳам ўсмоқда. 2026 йил 1 сентябрь ҳолатига пропанда ҳаракатланувчи автомобиллар сони 716 мингтани ташкил этган. Бу 2024 йил 1 ноябрга нисбатан 35 фоизга кўп.
Нарх ўзгаришининг ижтимоий таъсирини камайтириш учун эҳтиёжманд оилаларга компенсация бериш механизми жорий этилади. Уларга ойига 20 килограммгача бўлган меъёр доирасида суюлтирилган газнинг ҳар бир килограмми учун 3 минг сўм компенсация тўланади. Шу тариқа ушбу оилаларнинг амалдаги харажати 2 минг сўм/кг даражасида сақланиб қолади. Бу мақсад учун 158 млрд сўм ажратилиши режалаштирилган.

Мазкур компенсация 220 минг абонентни қамраб олиши ва бу мақсад учун 158 млрд сўм ажратилиши режалаштирилган.
Кейинги босқичда суюлтирилган газ бозорига хусусий операторларни кенг жалб қилиш кўзда тутилмоқда. 2026 йил 1 октябрдан Андижон вилоятида хусусий тадбиркорлар томонидан импорт қилинган газни аҳолига эркин нархларда етказиб бериш бўйича тажриба лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Келгусида аҳоли учун 5 ва 10 килограммлик газ баллонларини харид қилиш имкониятини яратиш, уларни дўконлар ва супермаркетлар орқали сотиш ҳамда хусусий операторлар томонидан уйга етказиб бериш хизматларини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Live
БарчасиЖиззахда 10 ёшли қиз зўрланди
06 Октябрь
Сергелидаги масжидга ўт кетди
03 Октябрь