Осиёда тенгсиз Файзуллаев ва тарих яратган Абдусатторов – Спорт дайжести
Таҳлил
−
03 Март
11495Бугун жаҳон чемпионлиги камари учун мажбурий даъвогарга айланган Шаҳрам Ғиёсов, Халқаро шахмат федерацияси рейтингида кучли кучли ўнликка кирган Нодирбек Абдусатторов ва Осиё кубогининг энг яхши ёш футболчиси бўлган ҳамда Европа грандлари “нишон”ида турган Аббосбек Файзуллаев ҳақида гаплашамиз. Ассалому алайкум QALAMPIR.UZ’да спорт дайжести.
Шаҳрам Ғиёсов WBA чемпионлик камари учун даъвогарга айланди
25 февраль куни профессионал бокснинг яримўрта (-66,5 кг) вазн тоифасида фаолият олиб борадиган Шаҳрам Ғиёсов (14-0, 9 КО) ўзининг 15-жангини мексикалик 34 ёшли Пабло Сезар Канога (35-8-1, 25 КО) қарши ўтказиб ғолибликни қўлга киритди.
Ўзбекистон вақти билан тонгги 05:30 лар атрофида АҚШнинг Орландо шаҳрида ўтказилган тўқнашувда ўзбекистонлик боксчи профессионал фаолиятидаги 15-ғалабаси қўлга киритди. Ғиёсов жангларининг тўққизтасини муддатидан олдин якунланган.
Канога қарши жанг 12 раунд этиб белгиланганди, аммо 11-раунд якунланган пайтда Сезар жароҳат олиб, тўқнашувни давом эттира олмади.
Ҳакамлар ғолибни очколар ҳисобига кўра аниқлади. Учала ҳакам ҳам Ғиёсовнинг ғалабасини эътироф этди (109-99).
Жангнинг учинчи раундида Шаҳрам рақибини нокдаун қилишга ҳам муваффақ бўлган.
Абдусатторов жаҳон рейтингида топ-10'га кирган биринчи ўзбекистонлик шахматчи бўлди
Ўзбекистонлик гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов Бутунжаҳон шахмат рейтингида кучли ўнталикка кирди. Бу ҳақда шахмат рейтингларини ҳисоблаб борадиган 2700chess.com сайти хабар берди.
Айни кунларда ўзбекистонлик шахматчи Чехия пойтахти Прагада ўтказилаётган “Prague Chess Festival 2024” турнирида иштирок этмоқда. Мусобақанинг 1-турида Абдусатторов мезбон шахматчи Дай Ван Нгуен устидан ғалаба қозонди.
Нгуенни мағлубиятга учратгач, 19 ёшли Абдусатторов тарихда биринчи марта шахмат рейтингида топ-10'га кирган ўзбекистонлик гроссмейстерга айланди. Ҳозирга келиб Абдусатторов рейтингда 2753.5 очко тўплаган.
Қайд этиш жоиз, ғалаба Нодирбекка рейтингда шахмат бўйича 5 карра жаҳон чемпиони, ҳиндистонлик Вишванатан Анандни ортда қолдиришга замин яратди. Бунгача ўзбекистонлик шахматчилар ичида энг яхши натижа Рустам Қосимжоновга тегишли бўлиб, у 2715 очко билан дунё рейтингида 11-ўринни эгаллаган.
Месси Instagram'да 500 миллионлик “довон”дан ўтган иккинчи одамга айланди
Аргентиналик футболчи Лионель Месси Instagram'да 500 миллиондан ортиқ обуначига эга бўлган иккинчи шахсга айланди.
Илгари бу кўрсаткичга фақат португалиялик Криштиану Роналду эришган эди. Ҳозирда “Ал-Наср” форвардининг саҳифасини 622 миллиондан ортиқ фойдаланувчи кузатиб боради.
Instagram'даги энг машҳур юлдузлар рўйхатида Мессидан кейин Селена Гомес (429 миллион), Кайли Женнер (400) ва Дуэйн Жонсон (396) бормоқда.
Аргентина терма жамоаси ҳужумчиси машҳурлигининг ошиши ЖЧ-2022'даги ғалаба билан боғлиқ. У ижтимоий тармоқ тарихида энг кўп қизиқиш уйғотган бешта постдан учтасининг эгаси ҳисобланади.
Маълумот учун, Месси кузатувчиларининг 72 фоизи эркаклар, 85 фоизи 34 ёшгача бўлганлар ҳисобланади. Мессининг Instagram аудиториясининг 12 фоизи бразилиялик, 8,1 фоизи ҳиндистонлик ва 6,5 фоизи аргентиналиклар саналади.
Ҳумоюн Тўхтамуродов озодликка чиқди
Ўтган йилнинг 27 ноябрь санасида Республика бўйлаб ўтказилаётган “Долзарб 40 кунлик” тезкор тадбирлари доирасида ММА жангчиси Ҳумоюн Тўхтамуродов ҳам ушланганди. У Қўқон шаҳрида икки нафар шахсга тан жароҳати етказиб, ҳодиса жойидан яширинганликда айбланаётганди.
Маълум бўлишича, спортчи озодликка чиққан. 26 февраль куни Тўхтамуродов ўз Instagram саҳифасида пост қолдирди. 27 февраль куни эса у ўз саҳифасида жонли эфир қилиб, кузатувчилари билан суҳбатлашди.
“Мени ҳеч қандай жиноятчи гуруҳлар, қонунбузарлар билан алоқам йўқ! ОАВда мен ҳақимда айтилган гумонларнинг барчаси асоссиз! Янги Ўзбекистонда қонун устувор! Бу юрт нон-сувини, меҳрини ичиб яшаган ҳар бир инсон бу юрт қонунларига ҳам амал қилиб яшаши шарт!”, дейди Тўхтамуродов ўз постида.
Тўхтамуродовга Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 3-қисми билан 3 ойлик қамоққа олиш эҳтиёт чораси танланганди. Ҳисоб-китобларга таянадиган бўлсак, спортчига тайинланган 3 ойлик қамоқ жазоси муддати тугаган.
Мбаппе Елисей саройида Макрон ва Ол Соний билан учрашди
Франциянинг ПСЖ клуби аъзоси Килиан Мбаппе Франция Президенти Эммануэль Макрон таклифига биноан Елисей саройида меҳмон бўлди.
ПСЖ ҳужумчиси Қатар Амири Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг расмий ташрифи муносабати билан ташкил этилган кечки зиёфатда иштирок этди. Мбаппедан 10 дақиқа олдин Париж клуби президенти Носир Ал-Хелайфи ҳам кечки овқатга етиб келди.
Қайд этилишича, 25 ёшли футболчи учрашувга таклиф этилган ягона спортчи бўлган. Спорт оламининг бошқа вакиллари Франция футбол федерацияси президенти Филипп Диалло, 2024 йилги Олимпиада ташкилий қўмитаси раҳбари Тони Эстанге ва Франция Профессионал футбол лигаси раҳбари Венсан Лабрун ҳам тадбирда иштирок этди.
Маълумотларга қараганда, учрашувдан кўзланган асосий мақсад Мбаппени ПСЖ билан шартномасини узайтиришга кўндириш эмас. Клуб Килианнинг мавсум охирида кетиш ҳақидаги қарорини қабул қилади.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Москванинг ЦСКА клуби аъзоси Аббосбек Файзуллаев Қатар яшил майдонларида бўлиб ўтган Осиё кубогининг энг яхши ёш футболчиси, деб топилди.
Аббосбек Файзуллаев мусобақа давомида 2 марта рақиблар дарвозасини ишғол қилишга муваффақ бўлди. 20 ёшли футболчи мазкур соврин учун курашда жанубий кореялик Ли Кан-Ин, япониялик Такефуса Кубо, саудия арабистонилик Абдуллоҳ Радиф ва индонезиялик Марселиньо Фердинанни ортда қолдирди
Шунингдек, Ўзбек футболининг бугуни ва эртаси сифатида қаралаётган Файзуллаевга Германиянинг Бавария клуби қизиқиш билдираётгани ҳақидаги хабарлар рост бўлиб чиқди. Бу ҳақда футболчининг ўзи “Championat” нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.
“Мен “Бавария”нинг қизиқиши ҳақида ҳеч нарса билмасдим, хабарларни интернетда ўқидим. Мюнхен клубининг эътиборига нормал қарайман. Билишимча, “Бавария”нинг менинг агентим билан ҳақиқатдан ҳам маълум алоқалари бўлган. Германия клубининг қизиқишини хотиржам қабул қиламан ва бу ҳали ҳеч нарсани англатмайди. Ҳозир бор эътиборимни ЦСКАга қаратганман, олдинда муҳим ўйинлар бор, лекин “Бавария” яхши вариант, албатта”, дейди Файзуллаев.
Қайд этиш жоиз, февраль ойи бошида Файзуллаевнинг ўйинларини “Бавария” клуби скаутлари кузатиб бораётгани ҳақида хабарлар тарқалганди.
Мюнхенликлар футболчини U-23 терма жамоада ўйнаганида ҳам унинг хатти-ҳаракатларини катта қизиқиш билан кузатган ва ҳозирда Файзуллаев немис скаутлари “нишонида” турибди.
Ирландиялик футболчи қизлар Исроил мадҳияси янграётганда асосий трибунага орқа ўгирди
Ирландия спорти ўз давлатининг Исроил сиёсати ва Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатига салбий муносабатини билдиришда давом этмоқда. Яна бир муҳим воқеа бир неча кун олдин Евро-2024 саралаш ўйини вақтида юз берди.
Тиранадаги футбол ўйинида Исроил мадҳияси янграётганда, Ирландиянинг 17 ёшгача бўлган аёллар футбол терма жамоаси ўйинчилари норозилик билдириб, асосий трибунага орқа қилиб, юзларини ўгириб олди.
Исроил футбол ассоциацияси UEFA ва FIFA ушбу воқеа юзасидан Ирландия терма жамоасига нисбатан интизомий чоралар кўришига умид қилмоқда.
Ирландия футбол ассоциацияси раиси Пол Кук Исроилга қарши ўйин ўтказилишига рухсат бергани учун Ирландия парламентидаги қонунчиларнинг танқидига учради. Бунга жавобан Кук Ғазо секторидаги вазиятга қарши бўлса ҳам, маҳаллий футбол бошқарув органи UEFA қоидаларига бўйсунишини айтди ва бу ташкилот Россия билан бўлгани каби Исроилни ҳам мусобақадан четламаганини таъкидлади.
Поль Погба 4 йилга футболдан четлатилди
“Ювентус” ярим ҳимоячиси Поль Погба допинг қабул қилгани учун 4 йилга футболдан дисквалификация қилинди. Бу ҳақда “Tuttosport” хабар берди.
2023 йил октябрь ойида француз футболчиси бирданига иккита допинг синовидан муваффақиятли ўта олмади. Туринликлар ярим ҳимоячисининг топширган текширув натижалари тестостерон даражаси жуда юқори эканлиги аниқланди.
“Ювентус” Погба расман дисквалификация қилингани учун тез орада у билан шартномани бир томонлама бекор қилиши мумкин.
Маълумот учун, Погба “Ювентус”да 2022 йилнинг ёзидан буён ўйнаб келмоқда. Ўтган мавсумда ярим ҳимоячи “кекса сеньора” сафида барча мусобақаларда бор йўғи 10 та ўйинда майдонга тушиб, 1 та голли узатмани амалга оширди. Футболчининг Турин клуби билан шартномаси 2026 йилнинг июнь ойи охиригача амал қилади. “Transfermarkt” интернет порталига кўра футболчининг тахминий нархи 20 миллион еврони ташкил қилади.