Солиқ кодексига тузатишлар киритилди
Жамият
−
13 Ноябрь 2020
5731Ўзбекистон Президенти томонидан айрим қонун ҳужжатларига киритиладиган тузатишлар имзоланди. Бу ҳақда “Норма” хабар берди.
Солиқ кодексининг алоҳида нормаларига ўзгартиришлар киритилди:
1) СКнинг 344-моддаси 2-қисмида маблағларни депозитга жойлаштиришидан фоизлар назарда тутилганлиги аниқлаштирилди. Бинобарин, ушбу норма бошқа турдаги фоизларга татбиқ этилмайди. Яъни мамлакатнинг солиқ резидентлари ҳисобланган юридик шахслар томонидан нотижорат ва бюджет ташкилотларига депозитга маблағларни жойлаштиришдан тўланадиган фоизларга:
тўлов манбаида 15 фоизлик ставка бўйича фойда солиғи солинади;
бундай даромад олувчиларнинг солиқ базасини аниқлашда чегириб ташланиши лозим;
2) жисмоний шахснинг жами даромадини аниқлаш тартибига тузатишлар киритилди:
а) вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси (оиланинг бетоб аъзосини парвариш қилиш бўйича нафақа) бўйича даромади жами даромадга киритилади. Давлат пенсиялари, қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа нафақалар, илгаригидек, жами даромадга қўшилмайди;
б) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, касаба уюшмалари, хайрия, экология жамғармалари ва Президентнинг қарорлари билан ташкил этилган бошқа жамғармалар томонидан кўрсатилган ёрдам солиқ тўловчининг даромади сифатида қаралмайди:
• уставда назарда тутилган фаолият доирасида бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар;
• даволаш ва тиббий хизматлар қиймати, ногиронларни профилактика ва реабилитация қилиш учун техник асбоб-ускуналар олиш;
• жисмоний шахснинг манфаатларини кўзлаб, товарлар ва хизматларни етказиб берувчидан олиш;
• хайрия мақсадида бошқа шаклларда қўллаб-қувватлаш (бундан пул шаклида қўллаб-қувватлаш мустасно);
3) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, касаба уюшмалари, хайрия ва экология жамғармалари томонидан солиқ тўловчиларга бериладиган нафақалар, шунингдек пул маблағлари тарзидаги ёрдамнинг бошқа турлари, бироқ солиқ даври мобайнида 15 млн сўмдан ошмаган ҳолда кўрсатилганда, улар солиқ (ЖШДС) солишдан озод этилади.
Бу – муҳим! 2 ва 3-бандлардаги қоидалар орқага қайтиш кучига эга – улар 2020 йил 1 апрелдан юзага келган муносабатларга ҳам татбиқ этилади.
Таҳририятдан: бир қатор ҳужжатларга тузатишлар киритилди, улар илгари қабул қилинган ҳужжатларни ушбу Қонунга мувофиқлаштиришга қаратилган, шу жумладан:
а) янги таҳрирдаги Солиқ кодексига (ЯИТ ва ЯЕСни бекор қилиш, сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудитини жорий қилишга доир);
б) Президентнинг:
2018 йил 27 июлдаги «Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5490-сон Фармони билан (тадбиркорлик субъектларида текширувларни тайинлаш ва ўтказишнинг умумий жиҳатларига доир);
2019 йил 15 мартдаги «Тадбиркорлик фаолиятини ҳимоя қилиш тизимини тбдан такомиллаштириш ва прокуратура органлари фаолиятини оптималлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5690-сон Фармони билан (тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни бизнес-омбудсман томонидан мувофиқлаштиришга доир) тузатишлар киритилди.