“Еб тўймаган, ялаб ҳам тўймайди”. Энди Ўзбекистонга киришда экспресс тест ҳам талаб қилинади
Жамият
−
14 Январь 2022
22959Ўзбекистон аэропортларида коронавирус учун мажбурий тест жорий этилди. Uzbekistan Airports’га кўра, Республика махсус комиссияси қарори билан жорий қилинаётган мажбурий тест синовлари фақат Ўзбекистонга келганларга тегишли.
Қайд этилишича, COVID-19 га қарши курашиш бўйича Республика махсус комиссиясининг 2022 йил 11 январдаги баённомасига асосан Ўзбекистонда коронавирус инфексиясининг аниқланган ҳолатлари кўпайиши ва “omicron” штамми аниқлангани муносабати билан Ўзбекистонда карантин чораларини кучайтириш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Хусусан, 15 январдан бошлаб Давлат божхона қўмитаси Санитария-эпидемиология осойишталиги хизмати билан биргаликда Ўзбекистондаги барча халқаро аэропортларнинг учиб келиш залларида экспресс-тест пунктларини ташкил этади. Келган барча фуқаролар коронавирус учун экспресс тестдан ўтишлари керак. Тест синовидан ўтиш қиймати Ўзбекистон Республикаси Марказий банки курси бўйича сўм эквивалентида 5 АҚШ доллари миқдорида белгиланади. Талабалик гувоҳномаси бўлган талабаларга 50% чегирма берилади. I ва II гуруҳ ногиронлари тест синовларини бепул топширади. Икки ёшгача бўлган болаларни ковид учун текшириш шарт эмас.
“Махсус комиссия қарорига кўра, Ўзбекистонга келганларнинг барчаси аэропортларда мажбурий экспресс-тестдан ўтказилади. Синовлар Давлат божхона қўмитасининг марказий лабораторияси томонидан ўтказилади. Барча аэропортларда бунинг учун махсус зоналар мавжуд, улар махсус тўсиқлар билан ажратилган, карталар билан тўловларни қабул қилиш учун терминаллар, нақд пул олиш учун банкоматлар ва валюта айирбошлаш пунктлари мавжуд. Аэропортлар имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, синов зоналари паспорт назоратидан ўтишдан олдин ёки ўтгандан кейин ташкил этилади”, дейди “Ўзбекистон аэропортлари” АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Жавлон Умархўжаев.
Тўловни амалга ошириб, квитанцияни олган йўловчи тўғридан-тўғри синовга юборилади, шундан сўнг паспортга штрих-код ёпиштирилади. Синов натижаларини олиш учун тахминан 15 дақиқа вақт кетади. Бу вақт ичида йўловчи юк олиб, божхона назоратидан ўтишга улгуриши мумкин. Терминалдан чиқишда штрих-код сканердан ўтказилади ва йўловчи тезкор коронавирус тести натижасини олади. Агар тест ижобий натижа берган бўлса, йўловчи изоляцияга юборилиши керак.
Эслатилишича, ҳозирда авиакомпанияларда 48 соатдан кўп бўлмаган вақт олдин берилган ПЗР тестининг салбий натижаси тўғрисидаги гувоҳнома жўнашдан олдин мавжуд бўлиши ҳақида қоида мавжуд.
Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, бугунгача Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа масъул идоралар томонидан Республикаси махсус комиссияси 11 январь куни йиғилиш ўтказгани ва унга кўра, аэропортларда экспресс тест топшириш мажбурий қилиб белгилангани хусусида ҳеч қандай расмий ахборот берилмаган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги сўнгги бор Республика махсус комиссиясининг мажлиси ва унда қабул қилинган қарорлар хусусида 9 январь куни ахборот берган. Унда қуйидагилар белгиланган:
• хорижий давлатлардан Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрувчилар келишидан камида 48 соат олдин топширилган коронавирус инфекциясига ПЗР тест натижаси бўйича манфий кўрсаткичли маълумотга эга бўлиши;
• коронавирус инфекциясига ПЗР тест натижаси бўйича манфий кўрсаткичга эга маълумотнома бўлмаганда, аэропорт, темир йўл вокзаллари ва чегара ўтказиш пунктларида ташкил этилган коронавирус инфекциясига экспресс тест топшириши шарт.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа масъул идораларнинг ахборот бермаганига қараганда, “Ўзбекистон аэропортлари” айтаётган қарор ҳеч қаерда эълон қилинмаган. Бундан чиқди у ёпиқ эшиклар ортида, кимнингдир фойдаси учун қабул қилинган деган шубҳага бориш ўринли.
LiveБарчаси