Собиқ президентнинг қариндошлари тўнаб кетилди, ўзи эса Россиядан данғиллама уй олди, Атамбоевнинг ўғли ҳибсга олинди – Туркий дайжест
Таҳлил
−
24 Ноябрь 6883 7 дақиқа
Кремль томонидан берилган Россиядаги ҳашаматли уйлардан бири собиқ президентга насиб этди. Аммо ўз ватанида унинг қариндошларига тегишли уй тўнаб кетилди. Қирғизистонда сайловдан кейин давлат тўнтариши ўтказмоқчи деган важ билан қатор мухолифат вакиллари, жумладан олдинги давлат раҳбарининг оғли ҳам ҳибсга олинди. Педофилга ёрдам беришга уринга судьялар ушланди. Ҳафта анча қизиқ воқеаларга бой ўтди. Бугун уларга батафсил тўхталамиз.
Назарбоев Москвадаги ҳашаматли маҳаллада махфий дачани ижарага олди
“Проект” суриштирув нашри Россия Федерал қўриқлаш хизмати Москвадаги Чумчуқ тепаликларида жойлашган ҳашаматли дачаларни юқори мартабали сиёсий арбоблар ва ҳукумат билан боғлиқ бизнесменларга ижарага бераётгани ҳақида хабар чоп этди.
Гап 1950 йилларда Совет Иттифоқи Коммунистик партияси Марказий Қўмитаси аъзолари учун қурилган ёпиқ посёлка ҳақида бормоқда.
2015 йилда Федерал қўриқлаш хизмати қасрларни қайта таъмирлаган ва фақат Никита Хрушчевнинг собиқ қароргоҳини сақлаб қолган. Ўша пайтда қароргоҳда миллиардер ва Россия Президенти Владимир Путиннинг дўсти Геннадий Тимченко яшаб келган.
Шундан сўнг, хавфсизлик хизмати бинолардан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланишни тўхтатди ва уларни давлат хавфсизлиги билан махфий келишув асосида юқори лавозимли амалдорлар ва ишбилармонларга ижарага беришни бошлади.
Журналистик суриштирувда аниқланганидек, қасрни фақат сиёсий ҳомийлик билан ижарага олиш мумкин эди. Ижара нархи ойига 3,1 млн рублни ташкил этади.
Нашрга кўра, тўртта асосий гуруҳ ҳашаматли уйларни қўлга киритган:
Биринчи гуруҳда Путин давридаги ҳукумат амалдорлари – собиқ Мудофаа вазири Сергей Шойгу, Россия Бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов бор.
Кейинги гуруҳда эса Давлат билан алоқалари туфайли гуллаб-яшнаган таниқли бизнесменлар – Роман Абрамович ва Геннадий Тимченко ўрин олган.
Кремль билан алоқалари бўлган маданият ва спортнинг таниқли намояндалари (масалан, хоккейчи Александр Овечкин ва актёр Олег Газманов) эса учинчи гуруҳда.
Қолганлари эса Шубҳали шахслар, “мафиялар” ва уларнинг қариндошларидан иборат.
Уйлардан бири Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевга тегишли эди. У Мичуринск проспектида жойлашган.
Ижарачилар дачаларда доимий яшамайди, балки вақти-вақти билан ташриф буюришади. Манбаларга кўра, бу уйларда яшаш қулайлик эмас, балки расмийларга яқинлик кўрсаткичи сифатида қабул қилинади.
Биринчи президентнинг қариндошларини тўнаб кетишди
Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг укаси, марҳум Болат Назарбоевнинг қариндошларига тегишли уй ўмариб кетилгани айтилмоқда.
2025 йилнинг 14 ноябрь куни Қозоғистоннинг Олмаота вилоятидаги Каргали қишлоғида кўплаб полиция машиналари тўпланиши аҳолининг эътиборини тортган. Маҳаллий аҳоли бу уй биринчи президент Нурсултон Назарбоевнинг укаси, марҳум Болат Назарбоевнинг қариндошларига тегишли бўлганини айтган.
Вилоят полиция бошқармасига кўра, қишлоқ аҳолиси тунда қийматли нарсалар ўғирланганини билдирган. Воқеа жойига тергов-оператив гуруҳ ва маҳаллий полиция инспекторлари етиб борган.
Жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирги пайтда гумонланувчиларни аниқлаш ва ушлаш учун барча зарур тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Гумондорларни топиш учун барча ходимлар жалб қилинган ва йўриқномалар яқин ҳудудларга юборилган. Шу билан бирга, ўғрилик содир бўлган уйнинг айнан кимга тегишли экани аниқланмаган.
Болат Назарбоев аграр ва инвестицион бизнес соҳасида фаолият юритган ишбилармон бўлиб, хайрия ишлари билан ҳам танилган. У “Салиқали урпақ” жамоат фондини ташкил қилган ва мамлакатдаги ёшларни қўллаб-қувватлаш, аграр лойиҳаларни ривожлантиришга ҳисса қўшган. Болат Назарбоев 2023 йил 13 ноябрда вафот этган. У Қозоғистонда бизнес ва хайрия фаолияти орқали танилган.
Педофилнинг ҳукмини енгиллатиш учун судьялар пора олди
Педофил бир қизни зўрлаб, етмаганига уни уриб ўлдирса-ю, ҳуқуқ ҳимоячилари унинг қотилига енгил жазо бериш учун қонунларга кўз юмиб, ундан пора олса, бундай жамиятда педофилик давом этаверади. Одамларнинг қонунларга ишончсизлиги ортгандан ортаверади.
Сентябрнинг охирида қўшни Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилояти Етти-Ўғуз тумани, Барскаун қишлоғида яшовчи 17 ёшли Ойсулув исмли қиз зўрлаб, кейин ўлдириб кетилгани эсингизда бўлса керак?! Бу бўйича видео ҳам тайёрлаган эдик.
Ҳолат юзасидан очилган жиноят иши доирасида қизнинг қотилига ҳукмни ўзгартириш учун собиқ судьялар пора олгани фош бўлди. Бишкек шаҳар судининг уч собиқ судьяси устидан ўтказилган тергов жараёнида улар судланувчи Қумарбек Абдировнинг адвокати орқали педофилнинг қамоқ жазосини камайтириш учун 10 минг доллар пора олгани аниқланган.
Судьялар кенгаши Бош прокурор Мақсад Асаналиев киритган илтимосномани қаноатлантириб, собиқ судьялар Сания Бранчаева, Жанил Мамбетали ва Кайсин Абакировларни жиноий жавобгарликка тортишга розилик берди. Уларга нисбатан Қирғизистон Жиноят кодексининг бир нечта моддалари билан айблов қўйилган.
Марҳум Ойсулувнинг ўлими юзасидан давом этаётган тергов жараёнларини шахсан назоратига олган Президент Жапаров мамлакатда ўлим жазосини тиклаш таклифини берганди. Қирғизистон Омбудсмани Жамила Жаманбоева эса унинг таклифига қарши чиқди ва ўлим жазосини тиклаш ташаббусини қўллаб-қувватламаслигини айтди.
Унинг сўзларига кўра, 2023 йилда Омбудсман институти ўлим жазосини қайтариш бўйича ўз позициясини бир гуруҳ парламент аъзолари Конституциявий судга ўлим жазосини тақиқлашни қайта кўриб чиқиш учун мурожаат қилганида билдирган.
Жаманбоеванинг таъкидлашича, “Ақикатчи” институтининг позицияси ўзгаришсиз қолмоқда: ўлим жазосини қайта тиклаш Қирғизистоннинг халқаро мажбуриятларига, хусусан, мамлакат 2010 йилда ратификация қилган ўлим жазосини бекор қилишга қаратилган Иккинчи факультатив протокол қоидаларига зиддир.
БМТ вакиллари ҳам унинг позициясини қўллаб-қувватлашини билдирди. Улар ўлим жазосининг тикланиши нафақат мамлакатнинг халқаро мажбуриятларига зид экани, балки инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тарафдори бўлган давлат сифатидаги халқаро обрўсига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлаган.
Собиқ президентнинг ўғли ҳибсга олинди
Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари 22 ноябрь куни оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўришда гумон қилиб катта тозалаш ўтказди, бир неча кишини сўроққа олиб кетилди, баъзилар ҳибсга олинди.
Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, улар Жогорку Кенешга сайловлардан кейин оммавий тартибсизликлар тайёрлаётган бузғунчи гуруҳнинг бир қисми бўлган. Сайлов 30 ноябрь куни ўтказилиши режалаштирилган.
Тергов маълумотларига кўра, гуруҳ таркибига сиёсий арбоблар, собиқ депутатлар, собиқ давлат хизматчилари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари кирган бўлиб, улар ўз тарафдорларини, жумладан, уюшган жиноий гуруҳлар ва спорт жамоалари вакилларини жалб қилган.
Қўлга олинганлар сайлов натижалари эълон қилинганидан кейин жанубдан бошлаб, кейин Бишкек ва вилоятларда оммавий норозилик кўринишини яратиб, бутун мамлакат бўйлаб бир қатор митинглар ўтказишни режалаштирган. Уларнинг режаларида конституцияга зид чақириқлар, шунингдек, маъмурий бинолар, телеканаллар, хавфсизлик кучлари объектлари, қурол-яроғлар ва жазони ўташ муассасаларини тортиб олиш эҳтимоли мавжуд бўлган.
“Гуруҳ аниқ иерархияга ва белгиланган ролларга эга эди. “Мувофиқлаштирувчи гуруҳлар” сиёсий талаблар қўйиши, жиноий ташкилотлар эса хавфсизликни таъминлаши керак эди. Айрим аъзолар келажакдаги лавозимларни олдиндан белгилаган”, дейилади ҳисоботда.
Ҳибсга олинганлар орасида сиёсатчи Темирлан Султонбеков, Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбоевнинг 32 ёшли ўгли Қодир Атамбоев, Иқтисодий жиноятларга қарши кураш давлат хизматининг собиқ раҳбари Сйимик Жапикеэв ва бошқалар бор. Уларнинг уйларида тинтув ўтказилган.
Собиқ депутатлар Кубаничбек Қодиров ва Шайлобек Атазовларнинг уйларида ҳам тинтувлар ўтказилган. Қодировга кўра, бу оммавий тартибсизликлар билан боғлиқ. Собиқ президент Алмазбек Атамбоевнинг рафиқаси Раиса сўроқ қилинмоқда. Атамбоевнинг қизи Алия Шагиева вазиятни “сиёсий таъқиб, инсон ҳуқуқларининг поймол қилиниши ва сўз эркинлигининг бузилиши” дея баҳолади.
Ҳибсга олинганларга Жиноят кодексининг 278-моддаси 1-қисми (оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўриш) бўйича айблов қўйилган. Айбланувчилар вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилди.
Тинтув чоғида Ички ишлар вазирлиги томонидан қурол-яроғ, ўқ-дорилар, гранаталар, алоқа воситалари, 150 минг АҚШ доллари, оммавий тартибсизликларни молиялаштириш тўғрисидаги ҳужжатлар, чора-тадбирлар режаси ва гиёҳвандлик воситалари олиб қўйилди.
Ҳозирда жиноят иши бўйича бузғунчи гуруҳ фаолиятини молиялаштирган бошқа иштирокчилар ва шахсларни аниқлаш бўйича қатор тергов-тезкор тадбирлари ўтказилмоқда.
Олдинроқ Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбоев оила аъзолари Атамбоевлар оиласига тегишли бўлган Қўй-Тошдаги уйидан ҳайдаб чиқарилганди. Шундан сўнг, Атамбоевнинг ўғли Қодир Атамбоев уйидан ҳайдаб чиқарилгани сабабли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза билан мурожаат қилганди.
Марказий Осиё ва туркий дунёдаги етказмоқчи бўлганларимиз ҳозирча шулар. Қолганини биргаликда кузатамиз. Саломат бўлинг.
Live
Барчаси