Сиэтлда “Ўзбек маҳалласи” жамоат уюшмаси ташкил этилди
World
−
09 July 2073 2 minutes
АҚШнинг Вашингтон штатидаги Сиэтл шаҳрида истиқомат қилаётган ўзбекистонликлар ташаббуси билан расман “Ўзбек маҳалласи” жамоат уюшмаси ташкил этилди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар қилди.

Маълум қилинишича, уюшма Вашингтон штати ҳукумати томонидан расман рўйхатдан ўтказилган. Уюшмага Вашингтон штати давлат котиби Стив Ҳоббс томонидан ҳуқуқий мақом берилган бўлиб, бу Сиэтлдаги ўзбек жамоаси учун тарихий воқеа сифатида баҳоланмоқда.
Қайд этилишича, ҳозирги кунда Вашингтон штатида Ўзбекистондан келган 3 мингдан ортиқ киши яшайди. Уларнинг аксарияти Сиэтл шаҳри ва унинг атрофида истиқомат қилиб, Microsoft, Amazon, Google, Boeing, Oracle ва NVIDIA каби етакчи халқаро компанияларда меҳнат қилмоқда. Улар дастурий таъминот ишлаб чиқиш, сунъий интеллект, муҳандислик, авиация, соғлиқни сақлаш ва тадбиркорлик соҳаларида фаолият юритади.
АҚШ давлат бошқаруви тизимида 15 йилдан ортиқ тажрибага эга ўзбекистонлик Муса Холмуродов “Ўзбек маҳалласи” уюшмаси раиси этиб тайинланган. Манбага кўра, у айни пайтда Вашингтон штати Жазони ижро этиш департаментида раҳбарлик лавозимида ишлайди.
Уюшманинг асосий вазифалари ўзбекистонликлар ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, миллий байрамлар ва маданий тадбирларни ташкил этиш, АҚШга яқинда келган Ўзбекистон фуқароларининг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш, шунингдек, ёш авлодда она тили, миллий анъаналар ва маданий меросга ҳурмат туйғусини шакллантиришдан иборат.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Ҳукумати фуқароларининг Америка Қўшма Штатлари ҳудудига кириши бўйича виза талабларини енгиллаштириш устида ишлаши белгиланган эди.
Live
All