СИ бўйича ТОП-50 та давлат қаторига киришни мақсад қилганмиз – Мирзиёев
Жамият
−
21 Октябрь 3672 2 дақиқа
Ўзбекистон 2030 йилга бориб сунъий интеллект бўйича ТОП-50 та давлат қаторига кириши мумкин. Бу ҳақда бугун, 21 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш юзасидан ўтказилган йиғилишда сўз очди.
Йиғилишда Президент соҳа учун йилига 2 минг нафар мутахассис тайёрлаётган олийгоҳларнинг бирортасида сунъий интеллект лабораторияси йўқлигига эътибор қаратган. Кейинги ўқув йилига қадар 10 та олий таълим муассасасини замонавий лаборатория билан жиҳозлаш режа қилинган. Шу билан бирга, банкларнинг биттадан олийгоҳда, жами 9 та шундай лаборатория ташкил қилиш ташаббуси маъқулланган.
“Янги Ўзбекистон” университетида “тармоқ – олийгоҳ – ҳамкор” тамойилида ишлайдиган “сунъий интеллект кластери” ишга туширилади. Кейинги ўқув йилидан ТОП-300 таликка кирган университетлар билан ҳамкорликда сунъий интеллект бўйича қўшма таълим дастури йўлга қўйилади.
Олийгоҳларда сунъий интеллект, финтех, киберхавфсизлик, IT-муҳандислик, аэрокосмик ва булутли технологиялар каби йўналишлар учун давлат гранти квоталари 35 фоизга оширилади. Талабаларнинг сунъий интеллектга қизиқишини ошириш мақсадида олийгоҳ жамоалари ўртасида сунъий интеллект бўйича умуммиллий танлов ўтказилади.
Қулай экотизим яратилгани учун йил бошидан маҳаллий стартапларга рекорд миқдорда – 264 миллион доллар сармоя киритилган. Лекин бунда сунъий интеллект соҳасидаги стартаплар улуши ҳали камлиги айтилди. Шу боис, бундай стартапларни кўпайтириш мақсадида мукофот жамғармаси 1 миллион доллар бўлган “Сунъий интеллект соҳасидаги энг яхши стартап” танловини ўтказиш таклиф қилинди.
“Биз 2030 йилга бориб, сунъий интеллект бўйича ТОП-50 та давлат қаторига киришни мақсад қилганмиз. Шу боис, илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб, “Сунъий интеллект альянси”ни ташкил қиламиз”, дейди Президент.
Ушбу альянс таркибига соҳада самарали фаолият юритаётган етакчи компаниялар, хорижий экспертлар ва маҳаллий вакиллар, йирик давлат корхоналари, банклар ва олийгоҳлар киритилади. Альянснинг асосий вазифалари етакчи халқаро илмий-тадқиқот марказлари ва акселераторлар билан ҳамкорликни кучайтириш, маҳаллий дастурлар бўйича медиа-контентни яратиб, халқаро ПР кампанияларни ташкил этиш, маҳаллий корхоналар ва мутахассисларнинг халқаро кўргазма, форум ва конференциялардаги иштирокини ташкил этишдан иборат бўлади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур йиғилишда Ўзбекистонда сунъий интеллектга асосланган хизматлар ҳажми 10 млрд долларга баҳолангани, эндиликда вазирлар ҳамда тармоқ раҳбарларининг рақамлаштиришга масъул ўринбосарлари бир вақтнинг ўзида соҳада сунъий интеллектни ривожлантиришга ҳам жавобгар бўлиши белгилангангани ва Ўзбекистонда аҳоли пунктларининг 99 фоизи мобил алоқа билан қамраб олингани ҳақида маълум қилинган эди.
Live
Барчаси