Президент боқаман дейди, кимдир эса...
Таҳлил
−
08 Май 2020
22236Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистондаги иқтисодий фаровонликни ошириш, аҳоли даромадларини кўпайтириш, камбағалликни қисқартиришга оид қатор қарорлар қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бу ишларда бош-қош бўлиш эса сектор раҳбарлари зиммасига юклатилган. Ҳудудлардаги айрим раҳбарлар эса бу ишларга жиддий қарамаётгани ачинарли.
Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев томонидан “Бир туманда бир кун” лойиҳаси йўлга қўйилган. Унга кўра, вилоятдаги барча ташкилот ва корхоналар раҳбарлари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари кун давомида бир ҳудудда бўлиб, бу ерда ўз йўналишлари ва соҳалари бўйича ислоҳотлар натижадорлиги, мавжуд муаммолар, истиқболли лойиҳалар ва уларни ҳаётга татбиқ этишга тўсқинлик қилаётган омилларни синчиклаб ўрганилади.
Бу сафар Шаҳрисабз туманидаги қатор камчиликларни очиб берди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, мазкур туман қулай географик ҳудудда жойлашган, табиий иқлим шароити, ерларининг унумдорлиги билан алоҳида ажралиб туради. Шунга қарамай, фойда олиш даражаси пассив эканлиги аниқланди.
“Вилоят ҳокими кўздан кечирган ўндан ортиқ объектнинг ўзиёқ бунга яққол гувоҳлик бериб турибди. Ўрганилган барча объектлар эгаларининг хатти-ҳаракатларидан улар даромад эмас, харидор илинжида пайт пойлаётганга ўхшайди”, дейилади хабарда.
Туманда жойлашган “Шаматон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги молхона бинолари кўп йиллар илгари хусусийлаштирилгани аниқланди. Бинони арзимаган пулга сотиб олган тадбиркор уни ўз ҳолига ташлаб қўйган. Оқибатда биноларнинг аҳволи абгорлашган. Унга қарашли қарийб 5 гектар ер эса ташландиқ майдонга айланган.
Шунингдек, тумандаги “Мевазор” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган эски молхона биносида ҳам, унга қарашли ерларда ҳам худди шу ҳолатга келиб қолган.
Давлат раҳбари одамлар ҳаётини янада яхшилаш учун туну кун меҳнат қилаётган, бош қотираётган ва қўпол бўлса-да, “нонни чайнаб бераётган” бир вақтда бу ҳудудларга масъул бўлган маҳалла раиси, сектор раҳбарлари, туман ҳокимининг мазкур масалаларга дахлдорлиги нима бўлади? Тадбиркорман деб биноларни эгаллаб олганларнинг виждони қийналармикан?
Дунёдаги аксари давлатлар унумдор бир қарич ерга муҳтож бўлиб турган вақтда шундоқ ястаниб ётган бу неъматдан унумли фойдаланмаслик, унинг қадрига етмасликнинг ҳисоби эртага оғир бўлади. Умид қиламизки, масъул ташкилотлар мазкур муаммоларни ҳал этади ва олиб борилаётган ишларда давлат раҳбарига елкадош бўлади.
LiveБарчаси