Коронавирус сабаб интернетда турли фирибгарликлар бошлангани айтилди
Жамият
−
19 Март 2020
7411Мутахассисларнинг фикрига кўра, коронавирус пандемияси интернетда фирибгарликнинг фаоллашишига олиб келди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Aхборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспексияси “Ўзкомназорат” хабар бермоқда.
Фирибгарлар шахсий маълумотларга эга бўлиш мақсадида инфекциянинг олдини олиш учун хавфсизлик чоралари кўрсатилган ёлғон хабар юборади. Уларнинг асосий вазифаси – фойдаланувчини сохта веб-сайтга ўтказиш ва у ерда шахсий маълумотларга эга чиқишдир.
Маълумотларга кўра, бошқа фирибгарлар эса вируснинг тарқалишига қарши курашиш учун хайр-эҳсон қилишни сўрамоқда. Айримларида эса обрўли ташкилотлар номидан жиддий беморларни даволаш учун маблағ талаб қилинмоқда.
“Бундан ташқари, тармоқда сизнинг коронавирусга чалинганингиз ёки йўқлигини аниқловчи тестлар таклиф этилаётган сохта сайтлар ҳам пайдо бўлган”, дейилади хабарда.
“Ўзкомназорат” ДИ фойдаланувчилардан огоҳ бўлишни, номаълум кишилардан юборилган хатларни ўчиришни, фойдаланишдан олдин ҳаволаларни синчковлик билан ўрганишни, шунингдек, номаълум қўнғироқлар бўлганда диққат билан тинглашни сўраган.
Шунингдек, фойдаланувчилар ижтимоий тармоқларда коронавирус пандемияси тўғрисидаги барча сохта хабарлардан огоҳлантирилган. Расмий ва тасдиқланган манбалардан маълумот олиш тавсия этилган.
Бош вазир Абдулла Арипов ОАВ вакилларига карантин бўйича ахборот бериб бориш тизими йўлга қўйилиши ва бир кунда 2-3 марта, керак бўлса 4 марта расмий ахборот берилишини маълум қилди ва тасдиқланмаган ахборот тарқатувчиларни жиддий огоҳлантирган эди.