Шавкат Мирзиёев ЖССТ бош директорини қабул қилди
Жамият
−
21 Апрель 1126 2 дақиқа
Бугун, 21 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан мамлакатда бўлиб турган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Адханом Гебрейесусни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу нуфузли ташкилот билан миллий соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш ва мустаҳкамлаш борасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.
Кейинги йилларда ЖССТ билан ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани таъкидланган. Соғлиқни сақлаш соҳасидаги кенг кўламли ва тизимли ислоҳотлар ташкилотнинг эксперт-маслаҳат кўмаги ҳамда унинг халқаро стандартлари ва тавсияларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилмоқда.
Ҳамкорлик доирасида соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришга қаратилган бир қатор стратегик ҳужжатлар ишлаб чиқилган. Малакали тиббиёт ходимлари тайёрланмоқда, бирламчи тиббий-санитар ёрдам, диагностика ва касалликлар профилактикаси тизимлари такомиллаштирилмоқда, давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилмоқда.
ЖССТ бош директори Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, аҳолининг тиббиёт хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, умр кўриш давомийлигини узайтириш, оналар ўлимини камайтириш ва рақамли тиббиётни ривожлантириш борасида эришилган салмоқли натижаларни алоҳида эътироф этган.
Учрашув якунида фармацевтика соҳасини тартибга солиш тизимини такомиллаштириш, соғлиқни сақлаш соҳасида рақамли ечимлар ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш каби устувор соҳаларда амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда қўшма тадбир ва тадқиқотлар ўтказиш юзасидан келишувларга эришилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева наркотаҳдидларга қарши курашиш бўйича Самарқандда ўтказилаётган халқаро форум доирасида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус билан учрашув ўтказганди.
Live
Барчаси