Шавкат Мирзиёев “қора шаҳзода” билан учрашди
Жамият
−
18 Август 2022
13023Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 17 август кунининг иккинчи ярмида Саудия Арабистонига давлат ташрифи доирасида Жидда шаҳрига келган.
Подшоҳ Абдулазиз номидаги халқаро аэропортда мамлакатимиз етакчисини Макка минтақаси раҳбарлари, инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳ ва бошқа расмий шахслар кутиб олган.
Жидда шаҳридаги “Қаср ас-Салам” саройида Ўзбекистон Республикаси Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтган.
Давлат раҳбарини Саудия Арабистонининг Валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд кутиб олган. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Икки давлат мадҳиялари ижро этилган.
Шундан сўнг, Шавкат Мирзиёев ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауднинг музокаралари бўлиб ўтган.
Учрашув аввалида Ўзбекистон етакчиси Саудия Арабистон Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Саудга ўзининг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказишни сўраган.
Турли даражалардаги алоқалар анча фаоллашгани мамнуният билан таъкидланган. Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кегашининг йиғилишлари мунтазам ўтказилмоқда. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ортмоқда, қўшма корхоналар ташкил этилмоқда. Шу билан бирга, мамлакатлар муносабатларни, энг аввало савдо-иқтисодий соҳадаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш учун улкан салоҳиятга эга.
Ўзбекистон Президенти Саудия Арабистонига илк давлат ташрифи бунинг учун кенг имкониятлар очишига ишонч билдирган.
Олий даражадаги музокаралар қарашлар ва интилишларнинг муштараклигини намоён этган. Саудияда “Нигоҳ - 2030” Давлат дастури муваффақиятли амалга оширилаётгани юксак баҳоланди. Мамлакатимизда жамият ҳаётининг барча соҳаларини трансформация қилишга қаратилган Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясининг мақсад ва вазифалари ушбу дастурга ҳамоҳангдир. Давлатларимизда рақамли ва “яшил” иқтисодиёт тамойилларини жорий қилишга катта эътибор қаратилмоқда.
Томонлар икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилган.
Ишбилармонларнинг алоқалари учун янада қулай шароитлар яратиш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, таркибини диверсификация қилиш зарурлиги қайд этилди. Мамлакатимизда Саудия Арабистони фуқаролари учун визасиз тартиб жорий этилиши бу борада муҳим қадамлардан бири бўлади.
“Бугунги тарихий учрашувимиз ҳамкорлигимизни амалий натижалар билан бойитиш, бизнес алоқалари учун “кучли сигнал” бўлишига аминман. Давлатларимиз тадбиркорлари мулоқотимиз натижаларини интиқлик ва катта қизиқиш билан кутаяпти”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари Саудиянинг етакчи компанияларини Ўзбекистондаги тижорат банклари, йирик саноат ва инфратузилма объектларини хусусийлаштириш жараёнида фаол иштирок этишга чақирган.
Энергетика ва нефть-кимё соҳаларидаги шерикликни кенгайтиришдан икки томон ҳам манфаатдор экани таъкидланган. Бугунги кунда кунда “ACWA Power” компанияси билан жами 2 миллиард 600 миллион долларлик йирик энергетика лойиҳалари бошланган. Кимё тармоғида “SABIC” компанияси билан шериклик истиқболлидир.
Саудия тараққиёт жамғармаси иштирокида мамлакатимиз ҳудудларида транспорт, сув таъминоти, электр тармоқларини ривожлантириш бўйича инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилган.
Ўзбекистон-Саудия Ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилиши муваффақиятли ўтказилгани мамнуният билан қайд этилган. Унинг якунида энергетика, кимё, электротехника, инфратузилмани ривожлантириш, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, ахборот технологиялари ва транспорт соҳаларида умумий қиймати 14 миллиард доллардан ортиқ бўлган келишув ва шартномалар имзоланган.
Учрашувда маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, бугунги кунда Ўзбекистонда ўн мингдан зиёд талаба Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг расмий тили ҳисобланган араб тилини ўрганмоқда.
Халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилган.
Музокараларда Ўзбекистон ва Саудия Арабистонининг қатор жиҳатлар юзасидан қарашлари ва ёндашувлари ўхшашлиги намоён бўлган. Давлатларимиз халқаро доирада бир-бирини доим қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ўзбекистон Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёднинг “Экспо - 2030” Бутунжаҳон кўргазмасини ўтказиш учун номзодини қўллаб-қувватламоқда.
Хавфсизлик соҳасида мулоқотни йўлга қўйиш, Афғонистонда тинчликни мустаҳкамлаш ва иқтисодиётни тиклашга кўмаклашиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш юзасидан якдил фикр билдирилган.
Ўзбекистон Президенти Саудия Арабистонининг Шанхай ҳамкорлик ташкилотида Мулоқот бўйича шерик мақомини олаётганини олқишлаган.
Музокаралар натижалари бўйича имзоланган ҳужжатлар алмашилган. Ўзбекистон Республикаси билан Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасида кенг қамровли шериклик муносабатларини янада кенгайтириш тўғрисида Қўшма баёнот қабул қилинган.
Икки мамлакат ҳукуматлари ва вазирликлари ўртасида энергетика, божхона, фуқаро авиацияси, туризм, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, меҳнат муносабатлари каби соҳаларда ҳамкорликка доир 15 та ҳужжат қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташрифи шарафига Подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд номидан қабул маросими ўтказилган.
LiveБарчаси