Шавкат Мирзиёев: “Одамлар, айниқса, болалар чарчади!”

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 29 апрель куни пандемия даврида аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш ва нарх-наво барқарорлигини сақлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди. Тадбир аввалида 27 апрель кечаси Бухоро, Навоий, Самарқанд, Қашқадарё вилоятларида юз берган табиий офат ва унинг оқибатларини бартараф этиш чора-тадбирларига ҳамда коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида юртимизда амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтди, кенг жамоатчиликка мурожаат қилди. Давлатимиз раҳбари, жумладан, шундай деди:

"Хабарингиз бор, мен кеча Бухоро вилоятида бўлиб, юзага келган вазият билан яқиндан танишдим. Бу масала бўйича тузилган Республика комиссияси ва жойлардаги масъул мутасаддилар билан биргаликда ушбу ҳудудларда амалга ошириладиган барча ишларни батафсил муҳокама қилиб, тегишли чора-тадбирларни белгилаб олдик.

Мазкур вилоятларда бир қатор ижтимоий соҳа объектлари, табиий газ ва электр тармоқларига, турар-жой бинолари ва маданий мерос иншоотларига, шунингдек, қишлоқ хўжалиги майдонларига жиддий талофот етган.

Шуни таъкидлаб айтмоқчиманки, давлатимиз, ҳукуматимиз томонидан табиий офатдан зарар кўрган ташкилот ва хўжаликларга, фуқароларга ёрдам ва кўмак бериш бўйича барча чора-тадбирлар ўз вақтида амалга оширилади.

Такрор айтаман, биронта ҳам юртдошимизни, биронта ҳам оилани ушбу кутилмаган фалокат қаршисида ёлғиз қолдирмаймиз".

Шундкан сўнг Президент эпидемиологик вазият ва пандемияга қарши кураш бўйича ишларга тўхталиб ўтди.

"Бугунги кунда мамлакатимиз бўйича ушбу касалликка чалинган 1066 нафар ёки 55 фоиз бемор тўлиқ соғайганини алоҳида қайд этмоқчиман. Охирги 5 кунда – 505 нафар.

Қолган 894 нафар беморни ҳам даволаш юзасидан, ўзимизда амалий ёрдам бераётган 18 нафар хитойлик, германиялик, кореялик врачлар ҳамда телемедицина орқали бошқа етакчи хорижий мутахассислар билан ҳамкорлик қилган ҳолда, барча зарур чоралар кўрилмоқда.

Мамлакатимиз тиббиёт ходимларининг бугунги кунда касалликка қарши олиб бораётган машаққатли ва ўта масъулиятли меҳнатини муносиб қадрлаш ва рағбатлантириш учун куни кеча яна бир муҳим қарорни имзоладим.

Унга кўра, санитария-эпидемиология хизматининг қарийб 11 мингга яқин барча тоифадаги тиббиёт ходимларининг иш ҳақи 2,5 бараварга оширилди.

Умуман, карантин қоидаларини ўз вақтида жорий этганимиз ва халқимиз унга сабр-тоқат билан амал қилаётгани туфайли кўплаб туман ва шаҳарларда инфекция тарқалишига йўл қўймадик.

Қадрли юртдошлар!

Шу ўринда кўнглимдаги бир фикрни жамоатчилигимиз, халқимизга очиқ айтмоқчиман.

Мана, бир ярим ойдан ошдики, эл-юртимиз “Уйда қолинг” деган даъватга амал қилиб, юксак жасорат кўрсатиб, ялпи карантин шароитида яшамоқда. Оилам, бола-чақам, деб тиниб-тинчимайдиган, эртаю кеч ғайрат билан меҳнат қиладиган халқимиз учун бундай мажбурий ҳолат, албатта, осон кечаётгани йўқ.

Юртдошларимиз оғир синов кунларида чинакам сабр-тоқат ва масъулият, меҳр-оқибат фазилатларини намоён этяпти.

Буни жаҳон ҳамжамияти ҳам тан олиб, ҳар томонлама эътироф этмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, пандемияга қарши курашнинг олдинги сафларида чинакам қаҳрамонлик кўрсатаётган барча шифокорларимизга, шу жумладан, тез ёрдам хизмати ходимлари ва ҳайдовчиларига алоҳида миннатдорчилик билдираман.

Шу жараёнда ўзини аямасдан хизмат қилаётган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига, мард ва жасур ҳарбийларимизга, вазирлик ва идоралар, ҳокимликларнинг раҳбарлари ва хизматчиларига, муҳтарам нуронийларимиз ва маҳалла фаолларига, саховатпеша тадбиркорларимизга, олимларимиз, ўқитувчи ва домлалар, ижодкор зиёлиларимиз, имом-хатибларимизга чин дилдан раҳмат айтаман.

Ҳозирги мураккаб шароитда ўз профессионал бурчини виждонан бажараётган оммавий ахборот воситалари вакилларига, инсонпарварлик намунасини кўрсатиб, кўнгилли бўлиб волонтёрлик ҳаракатида қатнашаётган фидойи  ёшларимизга ўз номимдан, халқимиз номидан катта  миннатдорчилик билдираман.

Ҳурматли дўстлар!

Республикамизда санитар-эпидемиологик вазият аста-секин барқарорлашиб бораётганини ҳисобга олиб, мутахассислар билан маслаҳатлашган ҳолда, карантиндан босқичма-босқич чиқиш бўйича навбатдаги қадамларни қўйиш вақти келди.

Чунки ҳаёт давом этмоқда.

Биз эртанги кун ҳақида, эл-юртимизнинг келажаги тўғрисида ҳар дақиқа ўйлашимиз керак.

Биринчидан, санитария-эпидемиология ҳолатининг ижобий динамикаси, об-ҳаво шароити ва фуқароларнинг кўплаб мурожаатларини инобатга олган ҳолда, шаҳар ва туманлардаги кўп қаватли уйларнинг ички ҳовли ва ҳудудларида ота-оналар ҳамроҳлигида болаларини сайр қилдиришга рухсат бериш керак. Бунда хавфсизлик чораларига қатъий риоя қилиш талаб этилади.

Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия ушбу топшириқнинг ижросини сўзсиз таъминлаш чорасини кўрсин.

Тошкент шаҳри бу борада намуна бўлиши керак.

Иккинчидан, пишиб етилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нобуд бўлишининг олдини олиш мақсадида аҳоли талабларидан келиб чиқиб, фермер ва деҳқонларимиз томонидан етиштирилган мева-сабзавот, полиз ва кўкат маҳсулотларини жойларга етказиш ва сотиш учун вилоятлараро ва шаҳарлараро қатновларни амалга оширишга рухсат бериш лозим.

Мисол учун, илгари Фарғона водийсидан Қамчиқ довони орқали пойтахтимиз ва бошқа вилоятларга катта ҳажмда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб берилар эди. Ҳозир бу йўл ёпиб қўйилган. Ёки Самарқанд вилоятидан Қорақалпоғистон Республикаси, Зарафшон шаҳри ва бошқа ҳудудларга кўплаб маҳсулотлар олиб борилар эди. Бу ишлар ҳам ҳозир тўхтаб турибди. Шунинг учун Бош прокурор бошчилигидаги озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш комиссиясига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жойларга етказиб бериш бўйича 24 соат ишлайдиган узлуксиз тизим ташкил этиш топширилади.

Ички ишлар вазирлиги деҳқон ва фермер хўжаликларининг автотранспорт воситаларини ҳудудлараро постларда кутиб олиш, уларни ташкил этилган ярмаркалар ва савдо нуқталарига тартиб билан кузатиб боришни таъминласин.

Давлат солиқ қўмитаси, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги сотиш учун олиб келинаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жойларда аҳоли талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, савдо майдончалари, ярмарка ва бозорларга йўналтириб борсин.

Учинчидан, аҳоли орасида касалликка чалиниш динамикаси пасайиб бораётганини инобатга олиб, фуқароларимиз томонидан шахсий автотранспортдан фойдаланишга чекловларни ҳам секин-аста юмшатиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман.

Республика комиссияси тегишли чекловлар ўрнатилган ҳудудларда аҳоли томонидан эрталаб соат 7:00 дан 10:00 гача ҳамда кечқурун 17:00 дан 20:00 гача шахсий автомашиналардан фойдаланишга рухсат берилишини таъминласин.

Бунда:

шахсий автотранспортдан, биринчи навбатда, фуқароларимизнинг иш жойига, тиббиёт муассасаларига бориши ва уйига қайтиши, истеъмол маҳсулотлари, дори-дармон ва тиббий буюмларни харид қилиши учун фойдаланиши;

махсус рухсатномаларга (стикерларга) эга ва етказиб бериш хизматини кўрсатаётган фуқаролар эса шахсий автотранспортда ҳеч қандай чекловсиз ҳаракатланиши мумкинлиги белгилансин.

Шу билан бирга, ҳурматли олимларимизга, илмий-тадқиқот институтлари ходимларига, профессор-ўқитувчиларимизга санитария-гигиена нормаларини таъминлаган ҳолда ўз лаборатория ва кафедраларида кундалик ишларини давом эттиришларига ижозат бериш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Улар илмий ва ўқув жараёнларини ташкил этишга аста-секин тайёргарлик кўриб боришларига, мен ўйлайман, вақт беришимиз керак.

Албатта, вазиятимиз яхшиланиб, ижобий томонга ўзгариб бориши билан, 10 майдан кейин биз карантин режимини босқичма-босқич юмшатишга қаратилган ишларимизни янада дадилроқ давом эттирамиз.

Лекин такрор ва такрор айтаман: ҳамма жойда санитария талабларига амал қилишга биринчи даражали масала деб қарашимиз керак.

Мамлакатимизда пандемияга қарши кураш борасида ўтган вақт мобайнида муҳим тажриба орттирилди. Энди ундан юқумли касалликларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш, санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш ҳамда тиббий маданиятни ошириш йўлида самарали фойдаланишимиз зарур.

Таъкидлаб айтаман, агар бу талабларга барчамиз қатъий амал қилмасак, санитария-карантин нормаларига аҳамият бермасак, шунча қилган ишларимиз, кўрган чора-тадбирларимиз зое кетиши ҳеч гап эмас.

Энг асосийси, ҳар биримизнинг соғлиғимиз ўзимизга ва, айни вақтда, бутун халқимизнинг соғлиғи ҳар биримизга, бизнинг онгу тафаккуримиз, тартиб-интизом ва сабр-бардошимизга боғлиқ эканини барчамиз ҳеч қачон унутмаслигимиз керак.

Ҳурматли селектор қатнашчилари!

20 апрелдаги йиғилишда вирусдан холи туман ва шаҳарларда карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда, корхоналар фаолиятини тиклаш бўйича топшириқ берилган эди.

Бунда, яна бир бор такрорлайман, шошилмасдан, пухта ўйлаб, карантин қоидаларига тўлиқ амал қиладиган корхоналар ишини тиклаш лозим.

Бу борада Наманган вилоятида фаолиятини тўхтатган ёки паст қувватда ишлаётган 10 мингдан зиёд корхонадан 2 минг 854 тасининг ишини тиклаш бўйича қарор қабул қилинган. Яна 851 тасининг ишлашига рухсат бериш масаласи ўрганилмоқда.

Хоразм вилоятида 3 минг 350 та ишламаётган корхонадан 448 тасининг фаолияти тикланади, 409 таси бўйича ўрганиш ўтказилмоқда.

Жиззах вилоятида иш қувватини пасайтирган 6 мингдан зиёд корхонадан 534 тасининг фаолиятини тиклаш бўйича қарор қабул қилинган, 332 тасига рухсат бериш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Тошкент вилоятида иш ҳажми кескин пасайиб кетган 14 мингта корхонадан 5 минг 399 тасининг фаолиятини тиклаш бўйича қарор қабул қилинган, 2 минг 833 таси бўйича ўрганиш давом этмоқда.

Бугун ҳокимлар ва сектор раҳбарлари ўз ҳисоботида корхоналар фаолиятини тиклаш бўйича ишларни қандай ташкил этгани ва уларда карантин қоидалари тўлиқ бажарилишини шахсан кафолатлаши тўғрисида ахборот бериши керак.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

135

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг