Шавкат Мирзиёев Имом Мотуридий мажмуасини зиёрат қилди

Жамият

image

Бугун, 19 март куни Президент Шавкат Мирзиёев Самарқандга ташрифининг иккинчи куни Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуасида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбарининг қарорига мувофиқ, ўтган йили Ўзбекистонда ақида илмининг асосчиси Абу Мансур Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги кенг нишонланган. Шу муносабат билан Самарқанд шаҳридаги Чокардиза қабристони ҳудудида Имом Мотуридий мажмуасини қайта таъмирлаш ва ободонлаштиришга киришилганди.

Айни пайтда мажмуа ва унинг атрофида қурилиш-ободонлаштириш ишлари давом этмоқда. Умумий майдони 26 гектар бўлган ҳудудда Имом Мотуридий мажмуаси қайта қурилиб, 250 ўринли масжид, кириш пештоқи, илмий марказ, кутубхона, музей ва автотураргоҳ бунёд этилмоқда.

Шунингдек, қурилиш ишлари жараёнида Чокардиза қабристонида буюк фақиҳ Бурҳониддин Марғиноний дафн этилган жой ҳам аниқланиб, бу ерда мақбара қурилмоқда.

Алломалар ёдга олиниб, Қуръон тиловат қилинган.

Давлат раҳбари бунёдкорлик ишларини кўздан кечириб, ушбу маскан дунё мусулмонлари талпинадиган зиёрат манзилларидан бири эканини қайд этиб, бу ерда улар учун замон талабларига мос шароит яратиш зарурлигини таъкидлаган.

“Мажмуага келган киши аввало Имом Мотуридий бобомизнинг илмий-маънавий мероси, ислом оламида тутган мавқеи ҳақида ёрқин тасаввурга эга бўлиши, алломанинг маърифатпарвар қарашлари бугун ҳам долзарблигини ҳис қилиши керак”, деган Президент.

Қурилишни сифатли ва ўз вақтида бажариш, ҳудудда яшил майдонларни кўпайтириш юзасидан топшириқлар берилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Самарқанд Имом Мотуридий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг