Шавкат Мирзиёев Дания Ташқи ишлар вазирини қабул қилди
Жамият
−
21:10 206 2 дақиқа
Бугун, 2 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатга расмий ташриф билан келган Дания Қироллиги Ташқи ишлар вазири Ларс Лёкке Расмуссенни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон – Дания муносабатларини сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилган.
Икки томонлама ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашгани мамнуният билан қайд этилган. Ўтган йили Данияга Ўзбекистоннинг қароргоҳи Стокгольм шаҳрида бўлган илк элчиси тайинланган. Жорий йилда Дания Марказий Осиё бўйича махсус вакилини тайинлаган.

Сўнгги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб беш баробар ошган. Даниянинг етакчи компаниялари иштирокида Ўзбекистонда тоғ-кон, кимё ва озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, сув таъминоти ҳамда бошқа соҳаларда қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш, Дания инвестициялари, илғор технологиялари ва ноу-хауларини энергетика, фармацевтика, транспорт ва логистика, агросаноат мажмуи ҳамда бошқа истиқболли йўналишларга жалб этиш муҳимлиги таъкидланган.
Таълим, маданият ва туризм соҳаларида алоқаларни ривожлантириш учун салмоқли салоҳият мавжудлиги қайд этилган.
Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилган.
Учрашув якунида ҳамкорликни тизимли равишда кенгайтириш учун институционал ва шартномавий-ҳуқуқий асосларни янада мустаҳкамлаш юзасидан келишувга эришилган.
Live
Барчаси