Шавкат Мирзиёев БМТнинг юбилей сессиясида нутқ сўзлайди
Жамият
−
20 Сентябрь 2020
13367Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 23 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси етмиш бешинчи юбилей сессиясининг юқори даражадаги умумсиёсий мунозараларида иштирок этади. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Бош Ассамблеянинг марказий тадбирлари жаҳонда вужудга келган эпидемиологик вазият муносабати билан БМТ тарихида илк бор видеоанжуман шаклида бўлиб ўтади.
Давлат раҳбари сессиянинг ялпи қисмида сўзга чиқиб, халқаро ҳамжамият эътиборига минтақавий ва глобал аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини тақдим этади ҳамда Ўзбекистонни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилишнинг устувор йўналишларини белгилаб беради.
Муҳокамаларнинг асосий мавзусини ҳисобга олиб, коронавирус пандемиясига қарши биргаликда курашиш ва касаллик тарқалишининг салбий оқибатларини енгиб ўтиш масалаларига тўхталиб ўтилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти минтақада ва глобал миқёсда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, барқарор тараққиёт, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, конструктив мулоқотни кенгайтириш, шунингдек, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоси, қашшоқликка барҳам бериш ва камбағалликни қисқартириш масалалари каби замонавий хатар ва таҳдидларга қарши қаратилган қатор муҳим ташаббусларни илгари суриши кутилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, давлат раҳбари 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида ҳам қатор муҳим таклиф ва фикр-мулоҳазаларини баён этган эди.
Уларни амалга ошириш доирасида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари мунтазам ўтказилмоқда. Хусусан, иккинчи шундай учрашув ўтган йили ноябрь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди.
2018 йил март ойида пойтахт Тошкентда Афғонистон бўйича юқори даражадаги халқаро конференция муваффақиятли ташкил этилди, унинг якунида афғонлараро тинчлик музокараларини бошлаш бўйича ўзига хос “йўл харитаси”га айланган декларация қабул қилинган эди.
Ўша йилнинг декабрь ойида эса БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” махсус резолюцияси қабул қилинди.
Бугунги кунда БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича конвенцияси лойиҳасини тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу конвенциянинг долзарблиги жорий йил август ойида ўтган “Ёшлар 2020: глобал миқёсдаги бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” Самарқанд форумининг халқаро иштирокчилари томонидан яна бир бор қайд этилди.
Икки йил аввал ташкил этилган Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик асосидаги Траст фонди амалий фаолият кўрсатмоқда.
Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган барча ташаббуслар жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг қўллаб-қувватланиб, амалиётга татбиқ этилмоқда.
LiveБарчаси