Шавкат Мирзиёев Австрия делегациясини қабул қилди
Жамият
−
07 Май 1002 2 дақиқа
Бугун, 7 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Австрия Республикасининг Европа ва Ташқи ишлар федерал вазири Беате Майнл-Райзингер ва Ички ишлар федерал вазири Герхард Карнердан иборат делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, учрашув аввалида юқори мартабали меҳмонлар давлатимиз раҳбарига Австрия Федерал Президенти Александр Ван дер Белленнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказган.
Икки мамлакат ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган.
Турли даражалардаги мулоқотлар изчил ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилган. Кейинги йилларда товар айирбошлаш 3 баробар ошган. Қурилиш материаллари, тоғ туризми, соғлиқни сақлаш, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, банк-молия ва бошқа тармоқларда кооперация лойиҳалари жадал амалга оширилмоқда.
Ҳукуматлараро комиссия самарали фаолият юритмоқда. Ушбу ташриф доирасида қўшма бизнес форуми муваффақиятли ўтказилди, меҳнат миграцияси, дипломатик хизмат ва солиққа тортиш соҳаларида муҳим битимлар имзоланган.
Олий даражада тизимли мулоқотни йўлга қўйиш, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, устувор йўналишларда қўшма лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги таъкидланган.
Хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик ҳақида сўз юритилар экан, терроризм, одам савдоси, наркотрафик ва кибержиноятларга қарши курашиш соҳасида мунтазам ахборот алмашиш зарурлиги қайд этилган.
Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилган.
Live
Барчаси