Ички ишлар ходимларининг қўпол муомаласи ва тергов сифатидан норозилар кўп – Президент
Жамият
−
14:46 4047 1 дақиқа
Ўзбекистонда ички ишлар ходимларининг қўпол муомаласи ва тергов сифатидан норозилик кўп. Бу ҳақда бугун, 13 март куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан видеоселектор йиғилишида сўз борди.
Йиғилишда қайд этилишича, турли сабаблар билан туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани олмаган болаларга бундай ҳужжатни расмийлаштиришдаги бюрократия ҳақида 448 нафар одам мурожаат қилган.
“Бу боласини боғча ва мактабга жойлаштиришда гувоҳнома сўралгани учун мажбур бўлиб мурожаат қилганлар, ҳали ариза бермаганлари қанча?” дея савол қўйган давлат раҳбари.
Адлия вазирлигига ушбу масалага содда ечим ишлаб чиқиш топширилган.
Ўтган йили ички ишлар ваколатидаги масалалар бўйича 148 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Айниқса, ички ишлар ходимларининг қўпол муомаласи ва тергов сифатидан норозилик кўплиги қайд этилган.
Тизим масъуллари ҳар 1 минг кишига нисбатан энг кўп ариза тушаётган Денов, Ургут туманлари, Самарқанд, Қарши, Наманган, Жиззах, Фарғона, Чирчиқ шаҳарларига бориб, аҳолининг муаммоларини эшитиши, профилактика инспектори ва терговчиларнинг касбий ва муомала маданиятини ошириш бўйича ўқитиши шартлиги кўрсатиб ўтилган.