Сенатнинг бешинчи ялпи мажлиси санаси белгиланди
Жамият
−
11 Июнь 2020
4457Бугун, 11 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда юқори палата Матбуот хизмати хабар берди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бешинчи ялпи мажлисини жорий йил 19 июнь куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Парламент юқори палатаси Раиси Танзила Норбоева ялпи мажлис кун тартибига киритиладиган ҳар бир масала юзасидан халқ фикрини эътиборга олиш, қолаверса, ҳудудлардаги муаммоларни доимий тарзда ўрганиб бориш ва уларни ялпи мажлис муҳокамасига олиб чиқиш зарурлигини таъкидлади.
Видеоконференцалоқа шаклида ўтказиладиган ялпи мажлисда бир қатор долзарб масалалар кўриб чиқилиши режалаштирилган.
“Инновацион фаолият тўғрисида”ги, “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг жамоат тартибини сақлашда иштирок этиши тўғрисида”ги, “Геодезия ва картография фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари шулар жумласидан.
Бундан ташқари, “Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлар сенаторлар томонидан муҳокама қилинади.
“2007 йил 27 июндаги Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида ҳамкорликдаги ҳарбий ўқувларни ўтказиш тўғрисидаги Битимга қўшимчалар киритиш ҳақидаги Баённомани (Бишкек, 2019 йил 29 апрель) ратификация қилиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Бўғувчи, заҳарли ёки бошқа шу каби газлар ва бактериологик воситаларнинг урушда қўлланилишини тақиқлаш тўғрисидаги Протоколга (Женева, 1925 йил 17 июнь) қўшилиши ҳақида”ги қонунлари ҳам ялпи мажлис кун тартибига киритилган масалалардан саналади.
Шу билан бирга, Адлия вазирининг Ўзбекистон Республикасида 2019 йилда ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасида амалга оширилган ишлар юзасидан ахбороти, қолаверса, Самарқанд вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботи эшитилиши назарда тутилган.
Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати, шунингдек, чиқиндилар билан боғлиқ масалаларда вужудга келган муаммолар ва уларнинг аҳоли саломатлигига таъсири юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровлари юбориш масаласи кўриб чиқилади.
Кенгаш мажлисида Сенат қўмиталари таркибига ўзгартириш киритиш, хусусан, Кудратулла Рафиковни Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси, Санобар Суяровани эса Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси аъзолигига сайлаш бўйича қарор қабул қилинди.
LiveБарчаси