Сайловдан кейинги илк селектор. Мирзиёев қишлоқ хўжалигида ўнлаб ташаббусларни илгари сурди
Жамият
−
27 Октябрь 2021
10249Бугун, 27 октябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев сайловдан кейин илк бор қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларнинг бориши, кластерлар олдидаги муаммоли масалалар ва уларнинг ечимларини кўриб чиқишга бағишланган видеоселектор ўтказмоқда. Унда давлат раҳбари соҳанинг бир қатор йўналишлари бўйича ўнлаб ташаббусларини илгари сурди.
Президент йиғилишнинг асосий қисмини ўтган беш йилда қишлоқ хўжалигида қилинган ишлар сарҳисобидан бошлади:
“Кластер тизимига ўтганимиз қисқа вақт ичида қишлоқ хўжалигида кескин ўзгаришлар қилишга замин яратди.
Жумладан, биргина пахтачиликда толани қайта ишлаш 2,5 баробарга ошиб, 100 фоизга етказилди, шунингдек, ип-калава ишлаб чиқариш 2 баробарга, тайёр маҳсулот – 3 баробарга ортди, экспорт йил якунига қадар 3 миллиард долларга етади. “Пахта хом ашёсидан тайёр маҳсулотгача” бўлган занжирни яратиш бўйича 2 миллиард долларлик 125 та янги ишлаб чиқариш қувватлари ҳамда 150 мингта доимий иш ўринлари ташкил қилинди.
Шунингдек, кластерлар томонидан 5 мингдан ортиқ юқори унумли техникалар олиб келинди, 126 минг гектар майдонда сув тежаш технологиялари жорий қилинди, 143 минг гектар майдон фойдаланишга киритилди. Пахта ва ғаллачиликда ҳосилдорлик йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Кластерларнинг аксарияти жорий йилда пахтадан 35-40 центнергача ҳосил олди”, дейди давлат раҳбари.
Шунингдек, Мирзиёев пахтачиликдаги асосий режаларни ҳам ўқиб эшиттирди.
“Ҳосилдорликни камида 2 баробарга кўтариш, хом ашёни чуқур қайта ишлаш, соҳа экспортини 7 миллиард долларга олиб чиқиш, қишлоқлардаги аҳоли бандлиги ва даромадларини янада ошириш пахтачиликдаги асосий режалар сифатида белгиланди”, дейди Президент.
Мирзиёев пахта-тўқимачилик йўналишида илгари сурган асосий ташаббуслар:
• пахта ҳосилини молиялаштириш шудгор давридан, яъни октябрь ойидан бошланади;
• кластерлар пахта етиштириш (пахта қийматининг 60 фоизи) учун Қишлоқ хўжалиги жамғармаси томонидан жойлаштирилган маблағлар ҳисобидан 24 ойга кредит ажратилиб, унинг имтиёзли даври 11 ойдан 18 ойгача узайтирилади;
• кластерларга пахта теримини (пахта қийматининг 20 фоизи) молиялаштириш учун ҳам Қишлоқ хўжалиги жамғармаси маблағларидан имтиёзли – 10 фоиз ставкада кредит ажратилади;
• пахта етиштириш учун имтиёзли кредитлар фақат кластерлар орқали молиялаштирилади;
• якуний ҳисоб-китоб учун (пахта қийматининг 20 фоизи) олинган кредит фоизининг Марказий банк ставкасидан (14 фоиз) ошган қисми Қишлоқ хўжалиги жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади.
Мирзиёев қишлоқ хўжалиги бўйича ташаббусларни илгари сурар экан кластерлар ҳамда матони бўяш ва мато ишлаб чиқариш бўйича қуйидагиларни ҳам қўшимча қилди:
• кластерларга бириктирилган 1 млн гектар пахта майдонларида тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорликни ошириш, суғоришнинг янги технологияларига ўтиш, ўсимликлар ҳимояси хизматлари, замонавий лабораториялар барпо этиш, фермерларни ўқитиш каби тадбирлар учун ҳар бир гектарга 1 миллион сўмдан грант ажратилади;
• кластерлар томонидан ип-калавани чуқур қайта ишлаш келгуси 2 йилда ҳозирги 50 фоиздан 70 фоизга етказилади;
• матони бўяш ва аралаш мато ишлаб чиқарадиган ускуналар хариди учун корхона қувватига қараб давлат ҳисобидан молиявий грантлар ажратилади;
• бўялган мато ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг экспортини қўллаб-қувватлаш учун давлат томонидан ставкаси 4-5 фоиздан ошмаган 100 миллион долларлик янги кредит линияси очилади;
• бўялган мато ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи ҳамда уларнинг камида 80 фоизини экспорт қилувчи кластер ва бошқа тўқимачилик корхоналарига 3 йил муддатга ижтимоий солиқ ставкаси амалдаги 12 фоиз ўрнига 1 фоиз қилиб белгиланади, мол-мулк солиғини 3 йилга кечиктириб тўлаш имконияти берилади.
Бундан ташқари:
• келгуси йилдан ип-калавани қайта ишлайдиган кластерларга, кредит олишда пахта хом-ашёси ва толасини гаровга қўйиш амалиёти жорий этилади;
• очиқ танлов асосида барча кластерлар билан 30 йил муддатгача алоҳида шартнома тузилади;
• кластерларга ўғит, ёқилғи ва техника хизматлари каби масалаларни мустақил ҳал қилиш ва уларни тўсиқсиз импорт қилишга рухсат берилади;
• пахтачилик фермерлари ерининг ижара шартномаси бекор қилинган тақдирда, бўшаган ерни қайта ижарага беришда ушбу ҳудуддаги кластерга танловда устуворлик берилади;
• кластерлар фаолиятини тугатиш Республика комиссияси хулосаси асосида фақат суд тартибида ҳал қилинади.
Видеоселектор йиғилиши доирасида Президент ғаллачилик йўналишида қуйидаги ташаббусларни илгари сурди:
• келгуси йилдан экинларни жойлаштириш тартиби сақланган ҳолда ғаллачилик кластерлари ва фермерларга етиштирган буғдойни бозор нархида тўлиқ эркин сотиш ҳуқуқи берилади;
• ҳар бир ғаллачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари 3 йил давомида ҳар йилги ҳосилдан гектарига 2,5 тонна ғаллани биржа савдоларига эркин нархларда чиқаради;
• қишлоқ хўжалиги жамғармасидан ғалла етиштиришни имтиёзли кредитлаш тартиби келгуси 3 йилда сақлаб қолинади;
• молия вазирлиги ҳузуридаги жамғарма 2,5 миллион тонна ғаллани биржадан бозор нархларида давлат захираси учун сотиб олади;
• сотиб олинган ғалла донни сақлаш қувватлари мавжуд ғаллачилик кластерларига танлов асосида сақлаш учун жойлаштирилади;
• “Ўздонмаҳсулот” таркибидаги донни қайта ишлаш корхоналари негизида ғалла кластерлари ташкил этиш учун улар очиқ савдоларга чиқарилади;
• жорий йилда давлат захирасига сотиб олинган ғалла ҳисобига, кластерларнинг қўшимча харажатларини қоплаш учун ҳар бир килограмм буғдойга 350 сўмдан ажратилади.
Президент Мирзиёевнинг мева-сабзавотчилик йўналишида илгари сурган асосий ташаббуслари:
• мева-сабзавотчиликда ҳам Қишлоқ хўжалиги жамғармаси томонидан кластерларни имтиёзли кредитлаш йўлга қўйилади;
• кластерларга айланма маблағ учун амалдаги 20-24 фоизли тижорат кредитлари ўрнига Жамғарма ҳисобидан 1 йил муддатга 10 фоиздан кредит ресурслари ажратилади;
• келгуси йилдан суғурта компаниялари орасида мева-сабзавот ҳосилини хавф-хатардан суғурталаш тизими жорий этилади;
• экспорт шартномаси бўлган мева-сабзавот кластерлари ва фермерларга суғурта мукофотининг 50 фоизи давлат томонидан қоплаб берилади;
• паст ҳосилли 200 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, аҳолига танлов асосида 1 гектардан ижарага берилади;
• “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури шартлари асосида 100 миллион сўмгача бўлган кичик интенсив мева-сабзавотчилик лойиҳаларига кредит бериш тартиби жорий этилади;
• кредитлар мева учун 3 йиллик имтиёзли давр билан 7 йил, сабзавотга 2 йил муддатга ажратилади ва гаров таъминоти талаб этилмайди;
• ҳар бир вилоятдаги биттадан энг илғор мева-сабзавот кластерлари билан ҳамкорликда маҳсулотни сақлаш, қайта ишлаш қувватларини кенгайтириш учун давлат-хусусий шериклик асосида агрологистика марказлари барпо этилади.
Президент Шавкат Мирзиёев ҳосилдорликни ошириш йўналишида илгари сурган асосий ташаббуслар:
• қишлоқ хўжалиги учун техника сотиб олишда кредит харажатларининг 10 фоиздан юқори қисми давлат томонидан қоплаб берилади;
• жорий йил ҳосилидан бошлаб 3 йил давомида пахтани Жиззах, Қашқадарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида машинада териш харажатининг 30 фоизи бюджетдан қоплаб берилади;
• импорт қилинадиган техника, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар божхона тўловларидан 3 йил муддатга озод этилади;
• четдан олиб келинган техникаларга қўшилган қиймат солиғини 270 кунгача кечиктириб тўлаш тартиби жорий этилади;
• лазерли текислаш ускуналари ва дон уруғ сеялкаларини харид қилиш учун келгуси йилда 50 миллиард сўм субсидия ва божхона имтиёзлари берилади;
• янги навлар майдонларини кенгайтириш орқали пахтада ҳосилдорликни 60 центнергача, ғаллада эса 80 центнерга етказиш бўйича алоҳида дастур қабул қилинади.
Шунингдек:
• фермер ва кластерларга, пахта ҳамда ғалланинг энг ҳосилдор навларини импорт қилиш ва мустақил жойлаштиришга рухсат берилади;
• “Ўздонмаҳсулот” тизимидаги 20 та уруғлик дон тайёрлаш цехлари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги таркибидаги Уруғчилик марказига ўтказилади;
• сув тежовчи технологияларни жорий қилиш учун кредитлар, тижорат банклари томонидан камида 5 йилга берилади.
• субсидия ажратиш тизими ҳам такомиллаштирилади. Жумладан, биринчи йили субсидиянинг 50 фоизи берилиб, ҳосилдорлик ошиши ва ускуналарнинг ишлатилишига қараб, келгуси йили қолган 50 фоизи тўлаб берилади;
• юқори ҳосилдорликни сақлаб қолган пахта, ғалла ва мева-сабзавот кластерларига учинчи йилда яна 20 фоиз субсидия берилади;
• сув тежовчи технологиялар ўрнатувчи корхоналарнинг ягона электрон реестри жорий қилинади.
Президент соҳа бўйича ўз ташаббусларини илгари суриб бўлгач, ҳокимлар ва кластер раҳбарлари йиғилишда кўтарилган масалалар юзасидан ахборот беришни бошлади.
LiveБарчаси