Сауна ва меҳмонхоналарда рейд ўтказилди. 258 нафар енгил табиатли аёллар аниқланди
Жамият
−
04 Апрель 2019
19053Жорий йилнинг 26-30 март кунлари Ўзбекистонда “Стоп-трафик” тадбирлари бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси базасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларидан иборат мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳ ташкил этилиб, одам савдоси билан боғлиқ трансчегаравий ва трансмиллий гуруҳларнинг жиноий фаолиятини олдини олиш ва фош этиш, ушбу йўналишда қидирувда бўлган шахсларни аниқлаш, қўлга олиш ва профилактик тадбирлари ўтказилди
“Стоп-трафик” тадбирлари давомида бир қатор жинсий эксплуатация, чақалоқ савдоси, фоҳишахона сақлаш ва қўшмачилик қилиш каби жиноятлар аниқланиб, тегишли чора-тадбирлар амалга оширилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги хабар бермоқда.
Хусусан, тунги клублар, сауна ва меҳмонхоналарда ташкил этилган 2861 та рейдлар доирасида 258 нафар енгил табиатли аёллар аниқланиб, улар билан профилактик суҳбатлар ўтказилган. Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича 87 нафар шахсга нисбатан маъмурий чоралар қўлланилган.
Шунингдек, мазкур тадбирлар давомида республикамиз барча вилоятлари, яъни чегара ҳудудлари, аэропорт, таълим муассасалари, маҳаллалар ва туристик фирмаларда 6417 маротаба тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилиб, 6259 нафар шахслар билан индивидуал тарзда профилактик суҳбатлар ўтказилган.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳрининг Бектемир, Юнусобод ва Шайхонтохур туманларида жойлашган бир марталик иш билан таъминлаш марказлари, Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропорти ҳамда “Ғишткўприк” чегара масканида 3740 нафар шахслар билан одам савдоси ва ноқонуний меҳнат миграцияси соҳасидаги саводхонликни оширишга қаратилган тадбирлар ўтказилиб, ички ишлар органлари ходимлари ва “Истиқболли авлод” нодавлат нотижорат ташкилоти вакиллари томонидан босма тарғибот материаллари тарқатилган.
LiveБарчаси