Саудияда дунёдаги энг баланд бино қурилиши қайта бошланди

Бу қизиқ

image

Саудия Арабистонида қурилаётган “Jeddah Tower” осмонўпар биноси лойиҳаси устида ишлаётган Kingdom Holding Company дунёдаги энг баланд бино қурилиши 2028 йилда якунланишини эълон қилди. Лойиҳа Чикагодаги Adrian Smith + Gill Gordon Architecture студияси томонидан ишлаб чиқилган. Бу ҳақда “De zeen” хабар берди.

“Jeddah Tower”нинг қурилиши дунё амбициялари ва тараққиётининг рамзи сифатида расман қайта бошланди”, дейилади Kingdom Holding Company баёнотида.

Ушбу осмонўпар бино ҳақида илк бор 2011 йилда хабар берилган бўлиб, унинг қурилиши 2013 йилда бошланган. Гарчи бинонинг аниқ баландлиги ҳали расман эълон қилинмаган бўлса-да, камида 1 001 метр бўлиши режалаштирилган. Бу эса ҳозирда дунёдаги энг баланд бино ҳисобланган 828 метрлик Бурж-Халифадан (Дубай) камида 173 метр баландроқ бўлишини англатади.

Дастлаб, 2020 йилда бино қурилиш якунланиши режалаштирилган эди, аммо лойиҳа чўзилиб кетди ва 2018 йилда бутунлай тўхтатилди. Ўшанда бино 63-қаватгача қурилган эди. Ўтган ҳафта тантанали маросим доирасида 64-қават қурилиши қайта бошланди. Қурилиш компанияси вакили ҳар тўрт кунда бир қават қуриб бориш режалаштирилганини ва бутун лойиҳани 2028 йилда якунлаш мўлжалланаётганини маълум қилди.

“Jeddah Tower” шаҳарнинг шимолида қурилаётган янги туман маркази бўлиб хизмат қилади. Бинода “Four Seasons” меҳмонхонаси, ҳашаматли тураржойлар, офислар ва 157-қаватда дунёдаги энг баланд кузатув майдончаси жойлашади.

Бу лойиҳа Саудия Арабистонида амалга оширилаётган йирик лойиҳалардан бири ҳисобланади. Бундан ташқари, Британиянинг Foster + Partners студияси “Jeddah Tower” баландлигидан ҳам юқори – 2 км баландликка эга бўладиган осмонўпар бино лойиҳасини ишлаб чиқмоқда.

Маълумот учун, яқинда RCR Arquitectes студияси бошқа араб мамлакати БААнинг Дубай шаҳри марказида “Мураба Веил” номли 380 метрлик осмонўпар бино лойиҳасини тақдим этди. Унинг ўзига хослиги шундаки, бино кенглиги бор-йўғи битта хонадонга тенг бўлиб, фақат 22,5 метрни ташкил қилади. Ушбу ноёб лойиҳа шаҳар марказидаги асосий автомагистраль ва Дубай канали ёнида барпо этилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ар-Риёдда дунёдаги энг катта бино – 400 метрлик “Мукааб” осмонўпар биноси қурилиши бошланган эди. Ушбу улкан тураржой мажмуаси 100 000 та уй ва 9 000 та меҳмонхона хонасини ўз ичига олади. Лойиҳа ўзида савдо марказлари, офис мажмуалари, музейлар, театрлар ва паркларни бир жойда жамлаган ихчам шаҳар бўлиши кутилмоқда. “Мукааб”нинг барча объектлари пиёда 15 дақиқалик масофада жойлашади.


Мақола муаллифи

Теглар

“Jeddah Tower” “Мукааб” Бурж-Халифа

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар