Санаторийда даволаниш учун йўлланма бериш тартиби ўзгарди

Жамият

image

2022 йил 1 июлдан кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар фақат ДХМ ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали берилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентида кўрсатилган. 

Регламентга кўра, йўлланмалар қуйидаги тоифадаги кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга берилади:

•  уруш ногиронларига ва қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар;

•  ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг янги никоҳдан ўтмаган бева хотинлари (бева эрлари);

•  республика аҳамиятига молик шахсий пенсия олувчи шахслар;

•  Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошидан кечирган шахслар, шунингдек, Чернобиль ҳалокати сабабли ногирон бўлиб қолган шахслар;

•  ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахслар;

•  I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, кўзи ожиз I гуруҳ ногиронини кузатиб борувчи шахс;

•  ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар;

•  ёшга доир пенсия олувчилар.

Қайд этилишича, давлат хизматлари кўрсатилгани учун йиғим ундирилмайди. Йўлланмалар кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга 12 кунга, йўлланмаларнинг амал қилиш муддати бошланишидан 10 кун олдин (асосли сабабларга кўра қайтарилган йўлланмалар бундан мустасно) берилади.

Йўлланмалар фақат уларда кўрсатилган муддатларда ҳақиқий ҳисобланади. Йўлланмада кўрсатилган муддатдан олдин санаторийга қабул қилинмайди, санаторийга кечикиб келинган кунлар тикланмайди.

Йўлланмадан фақат унда кўрсатилган шахсгина фойдаланиши мумкин. Битта йўлланма билан биттадан ортиқ киши (жумладан, ёш болалар ҳам) қабул қилинмайди.  

Қарорга кўра, “Электрон санаторий” платформаси ишлаб чиқилади. Бунда санаторийларга йўлланма олиш учун мурожаат қилган аҳоли электрон ахборот тизими орқали ҳисобга олинади. Шунингдек, йўлланмалар бўйича навбатни кузатиш имкониятини берувчи механизмлар жорий этилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

755

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг