Садир Жапаров илк бор хорижий сафарга рафиқаси билан чиқди
Олам
−
09 Июнь 2021
13902Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров бугун, 9 июнь куни давлат ташрифи билан Туркия Республикасига борди. Уни пойтахт Анқарадаги Эсенбоға аэропортида Туркия маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой кутиб олди.
Садир Жапаров Туркияга рафиқаси Ойгул Жапарова билан борган. Эътиборлик жиҳати шундаки, Президент Жапаров бугунгача Москва, Нур-Султон, Тошкент ва Сочига ёлғиз ўзи борган. Илк бор унга халқаро ташрифларда рафиқаси ҳамкорлик қилмоқда.
Туркия Республикасига расмий ташрифи доирасида Президент Садир Жапаров Аниткабир ёдгорлик мажмуасига – Туркия Республикасининг биринчи Президенти Мустафо Камол Отатуркнинг мангу оромгоҳига ташриф буюрди.
Содир Жапаров Туркиянинг буюк давлат ва сиёсий арбоби дафн этилган жойга гулчамбар қўйди, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Ташриф давомида Жапаров Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан икки томонлама музокаралар ўтказади.
Икки мамлакат раҳбарлари икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликни, шунингдек, Туркий тилли давлатларнинг ҳамкорлик кенгаши доирасидаги ўзаро алоқаларнинг долзарб масалаларини муҳокама қиладилар.
Қайд этилишича, Президентлар Қирғизистон ва Туркия ўртасидаги стратегик ҳамкорлик олий кенгашининг 5-йиғилишида қатнашадилар.
Расмий ташриф доирасида Президент Жапаровнинг Туркия парламенти спикери Мустафо Шентоп билан учрашиши кутилмоқда.
Жапаров Қирғизистон ва Туркия ўртасидаги бизнес форумда иштирок этади, Қирғизистон фуқаролари, талабалар ва Туркия пойтахтида ишлайдиган қирғизлар, жамоат бирлашмалари ва ташкилотлар вакиллари билан учрашади.
Туркия расмий ахборот агентлиги “Анадолу”нинг ёзишича, ушбу ташриф Туркия-Қирғизистон муносабатларида янги саҳифа очади. Гарчи Қирғизистон Президент Матбуот хизматининг хабарномасида, Жапаровнинг Туркияга ташрифи доирасида Эрдўған билан қирғиз-тожик чегарасидаги вазиятни муҳокама қилиши ҳақида миқ этилмаган бўлса-да, Туркия томони тарқатаётган маълумотларда учрашувда ушбу масалаларга ҳам эътибор қаратилишига шаъма қилинади.
“Қирғизистоннинг коронавирус пандемиясига қарши кураши, сўнгги бир ой ичида тожик-қирғиз чегарасидаги кескинликнинг кучайиши ва ички сиёсатдаги тезкор ўзгаришлар Жапаровнинг ташрифини янада аҳамиятли қилади”, деб ёзмоқда “Анадолу” ахборот агентлиги.
Қирғизистон-Туркия муносабатлари
1991 йил 31 августда Қирғизистон ўз мустақиллигини эълон қилди ва Туркия ушбу давлатни 1991 йил 16 декабрда тан олган биринчи мамлакат бўлди.
Икки мамлакат ўртасидаги алоқалар Президентлар Тургут Озал ва Асқар Акаев томонидан "Қирғизистон ва Туркия Республикалари ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида битим" имзолангандан сўнг ривожлана бошлаган. 2011 йилга келиб икки қардош мамлакат ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилган.
Туркия Қирғизистонга энг аввало Туркия Ҳамкорлик ва Мувофиқлаштириш Агентлиги (ТИКА) орқали энг катта ривожланиш ва ижтимоий ёрдам кўрсатадиган давлатлардан биридир.
Қирғизистонда чет эл капитали иштирокидаги 3 476 компания фаолият юритмоқда ва Туркия ушбу жараёнда Россия, Хитой ва Қозоғистондан кейин тўртинчи ўринни эгаллаб турибди. Турк компаниялари Қирғизистонда асосан қурилиш, транспорт ва омборлар, ишлаб чиқариш, улгуржи ва чакана савдога сармоя киритадилар.
Мамлакатда фаолият юритаётган 300 га яқин турк компанияларининг умумий савдо айланмаси 400 миллион долларни ташкил этади.
Туркиялик ишбилармонларнинг сармоявий инвестициялари аллақачон 1 миллиард доллардан ошган, деб тахмин қилинмоқда.
Турк ҳаво йўллари авиакомпаниясига тегишли самолётлар Қирғизистонга ҳафтасига 17 рейсни амалга оширади.
Туркия расмий ахборот агентлигида келтирилган маълумотларда Қирғизистоннинг Туркия олдидаги қарзи 82 миллион долларга етгани айтилган.
Маълумот ўрнида, Жапаровнинг Туркияга ташрифи 11 июнга қадар давом этади.
LiveБарчаси