Саҳнадаги сўнгги чиқиш: мухлислари кўз ўнгида жон берган машҳурлар
Бу қизиқ
−
20 Май 32159 6 дақиқа
Ўлим вақт, жой ва ҳолат танламайди, бугун биз санамоқчи бўлган машҳур инсонлар ҳам ўзларининг сўнгги нафасини саҳнада, миллионлаб нигоҳлар қаршисида олган. Ролдан чиқиб кета олмаган Жокер ижрочиси, суратга олиш майдонида отиб ташланган актёр, жонли эфирда вафот этган қизиқчи, мухлислари кўз ўнгида жон берган туркиялик санъаткор ва илон иштирокидаги саҳна кўринишида ўлим топган қўшиқчи, шулар жумласидан.
Образдан чиқа олмай, депрессияда вафот этган “Жокер”

Бир миллиард доллардан ортиқ даромад келтирган “Қора рицарь” (The dark night) фильмидаги Жокер образи дунё бўйлаб катта шов-шув келтириб чиқарди. Ушбу ролни гавдалантирган австралиялик актёр Ҳит Лежер образга чуқур кириб, уни жуда реал кўрсатган. У бир неча ой давомида ёлғиз яшаб, қаҳрамони психологиясини ўрганган. Сўнгида бу роль уни машҳурликка олиб чиққан бўлса-да, ички азоб-уқубатларга ҳам сабаб бўлди.

Эндигина 28 ёшга тўлган актёр Ҳит Лежер 2008 йилнинг 22 январида Нью-Йоркдаги квартирасида ўлик ҳолда топилди. Расмий манбаларга кўра, унинг ўлимига меъёридан ортиқ дори истеъмолидан заҳарланиш сабаб бўлган. Шундай қилиб, актёрга фильм премьераси насиб қилмади. Кўпчилик унинг вафотини Жокер ролига ҳаддан ташқари кириб кетгани билан боғлайди. Баъзилар бу роль уни “ютиб юборди” деб ҳисоблайди. Ҳит Лежер ўлимидан сўнг, Оскар мукофотининг “Энг яхши иккинчи даражадаги актёр” номинацияси билан тақдирланди.
Суратга олиш майдончасида отилган актёр

Афсонавий жанг санъати устаси, актёр ва режиссёр Брюс Лининг ўғли Брэндон Лининг ҳам тақдири отаси каби кечди. У 1993 йилда ёрқин ва драматик сюжетга эга “Қарға” (The Crow) фильмида бош ролни ўйнаётган эди. Қаҳрамоннинг тўппончадан яраланиши эпизодини ўйнаётган актёрга ўқ узилади. У жиддий жароҳатланади, чунки хатолик туфайли қуролда ҳақиқий ўқ қолиб кетган эди. Брендон оғир аҳволда зудлик билан касалхонага олиб борилди, бироқ жарроҳлик амалиёти омадсиз якунланди.

Брэндон ҳам худди юқорида таъкидлаб ўтилган Ҳит Лежер каби атиги 28 ёшда эди. Бу воқеа кино оламида хавфсизлик чораларига жиддий ёндашув зарурлигини кўрсатди. Фильм кейинчалик тугалланиб, премьера актёрнинг хотирасига бағишланди. Баъзи мухлислар Брэндонни отаси Брюс каби “машҳурлик қурбони” деб атайди.
Ўлими ҳам кулгига айланган қизиқчи
Буюк Британиянинг энг таниқли қизиқчиларидан бири бўлган Томми Купер оддий фокус, кулгили ҳаракат ва кутилмаган ҳазиллари орқали мухлислари кўнглидан жой олган. Қизиқчи ҳар доим саҳнага чиқаётганида бошига киядиган қизил туркча анъанавий бош кийими (фез) унинг шахсий бренди бўлиб қолганди. 1984 йилнинг 15 апрелида 63 ёшли комик “Қироличанинг саройидан жонли эфир” (Live from her Majesty’s) номли телекўрсатувда иштирок этиш учун ITV телеканали студиясига келади.

Жонли эфирда узатилаётган ушбу дастурни ўша пайтда миллионлаб томошабинлар тўғридан тўғри кузатарди. Ҳар доимгидек саҳнада кулгили фокус кўрсатаётган Купер кутилмаганда йиқилди. Томошабинлар бу ҳолатни саҳна кўринишининг бир қисми деб ўйлаб, қарсак чалиб, кулишда давом этди. Кўпчилик қизиқчининг ерда ҳаракатсиз ётишини уюштирилган “пауза” деб қабул қилди. Аслида эса Томми юрак хуружига учраб, ҳушидан кетган эди. Операторлар ҳолатни англаб етмагунича уни суратга олишда давом этди, бу эса ҳолатни янада мураккаблаштирди. Ниҳоят, саҳна орқасидаги жамоа воқеани сезиб, эфирни реклама ролигига алмаштирди.
Саҳнадан олиб чиқилган Томмига зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатилди, лекин у ҳаётга қайтмади. Одамларни йиллар давомида “бу ҳақиқатми?” “шунчаки актёрлик саҳнасими?” деган саволлар қийнади, ҳатто ёрдам беришга югуриб чиққан техник ходимлар ҳам буни аввалига ҳазил деб ўйлаган. Мазкур воқеадан сўнг, Британияда жонли эфирлар учун тиббий кузатув ва хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Британияда у ҳали ҳам “саҳнада жон берган ҳақиқий комик” сифатида ёдга олинади. Томми Купернинг кулгили ифодалари, таниш овози ва машҳур фези ҳали ҳам мухлислар ёдида.
Хунук кўринишдан қўрққан қўшиқчининг жонли эфирдаги хунук ўлими

XX асрдаги турк классик мусиқасининг энг машҳур санъаткорларидан бири “санъат қуёши” деб ном олган Закий Муран эди. У аёллардан ҳам кўпроқ эътибор тортишни яхши кўрарди, ҳаттоки, Туркия президенти Фахри Собит Корутурк саройига таклиф қилганида пошнаси 28 сантиметрли туфли кийиб боради. Эътибор Закий учун ҳар доим муҳим эди, ижобийми, салбийми фарқи йўқ. У казиноларда қўшиқ айтар, фильм ва рекламаларда суратга тушар, қоп-қоп пул топарди.

Закий ўз ташқи кўринишига жуда талабчан бўлиб, даромадининг асосий қисмини ҳам шу мақсадда сарфларди. Аммо қўшиқчи баъзи касалликлардан азият чекарди. Закий Муранни энг хафа қиладиган жиҳат унинг тана ва юз тузилишидаги ўзгаришлар эди. Хасталик оқибатида ортиқча вазн тўплаган ва гўзаллигини бой берган Закий одамларга кўринмаслик учун Бодрумдаги уйига қамалиб олади.

Мухбирлар тез-тез қўшиқчига боғланиб, унинг иштирокида дастур тайёрлашга уринарди. Закийга илк бор саҳнага чиққан микрофонида қўшиқ куйлаш имкони ваъда берилганида у дастурда иштирок этишга рози бўлди. ТРТ телеканалида тўғридан тўғри эфирга узатилаётган кўрсатувда Закий Муран 45 йил аввал қўшиқ айтган микрофонини олаётганида қўллари қалтиради. Бошловчи Ҳулья Ойдин қўшиқчининг қўлларидан маҳкам тутиб, базўр диванга ўтказди. Закий аёлга пичирлаб:
“Нима бўлганда ҳам, одамлар кўз ўнгида йиқилмай. Менинг йиқилганимни халқ кўрмасин”, деди.
Студияда ғала-ғовур, хавотир кучайган, намойиш тўхтатиб қўйилганди. Закий Мураннинг эса нафас олиши қийинлашиб борарди. Охири у
“Болалар, мен бу ишларнинг ҳеч бирини қилолмайман, чоғи”, деди ва жон таслим қилди.
Илон билан фожиали учрашув
Индонезиялик халқона ва оммавий мусиқа куйловчиси 25 ёшли Ирма Бьюл саҳнада илонлар иштирокидаги чиқишлари машҳур эди. Концертларида у илонларни бўйнига ўраб, кўпинча кобралар билан рақсга тушарди. Бу хавфли шоу услуби уни томошабинлар орасида машҳур қилганди. Караванг шаҳридаги концертлардан бирида Ирма заҳарли кобра билан чиқиш қилаётган эди.

Ижро давомида илон уни оёғидан чақиб олади, аммо Ирма шундан кейин ҳам у қўшиқ айтишда давом этади, бу эса томошабинларни ҳайратда қолдиради. Орадан 45 дақиқача вақт ўтиб Ирма йиқилади ва касалхонага олиб борилади, аммо у ҳам актёр Брэндон каби жарроҳлик амалиётидан чиқмаган. Дастлабки маълумотларга кўра, илон чаққанидан сўнг, заҳарга қарши дори (антидот) берилмаган.
Ирма Бьюл саҳнада чиқиш пайтида илон чақишидан вафот этган илк санъаткор сифатида тарихда қолди.
Асолат Ғуломназарова
Live
БарчасиСамарқандда “гашиш” сотаётган шахс ушланди
13 Декабрь
“Мойка”да қолдирилган Malibu ўғирлаб кетилди
13 Декабрь