Руҳий касал опа синглисининг 2 яшар боласини ўғирлаб кетди
Жамият
−
05 Ноябрь 2019
5549Қашқадарёда руҳий касал опа ўз синглисининг 2 яшар боласини ўғирлаб Тошкентга келди ва чиқиндихонада бошпана топди.
Гап шундаки, Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси ходими Феруза Орипова психолог Шоира Исоқова қўнғироқ қилиб, ўзи дуч келган воқеани сўзлаб берган.
“Феруза, узр сизни безовта қилдим, ишга шошаётгандирсиз... Менга ҳам ҳозир танишларим қўнғироқ қилиб, “Шоира опа, биз яшаётган уй яқинидаги чиқиндихонада бир аёл 1-2 ёшлар атрофидаги бола билан яшаяпти. Бола тинимсиз йиғлайди, она эса “Қашқадарёликман, даволанишим керак, болани детдомга топшираман” дейди, нима қилсак экан шу бўйича?” деб сўрашяпти. Шунинг учун дарров сизга телефон қилдим”, деб қўмита ходимидан маслаҳат сўрайди психолог.
“Шоира опа, ўшаларга айтинг, бизнинг 1146 рақамли “Ишонч телефони”мизга чиқиб, воқеа ҳақида батафсил маълумот беришсин. Она-бола ҳали ҳам чиқиндихонада бўлса, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасига зудлик билан юборишсин”, дейди қўмита ходими психологга жавобан.
Ўша куни соат 10:00 атрофида Қўмитада давом этаётган қабул пайти Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш бўлими бошлиғи Озода Исломованинг қабулига ўзини “қашқадарёликман”, дея таништирган аёл қўлида кичкина бола билан кириб келади. Суҳбат жараёнида аёлнинг ўзини тутиши, болага нисбатан ўта совуққон эканлиги ва ёши катталиги, болани аввалига ўз фарзандим деб таништириб, кейин эса бировнинг боласи дейиши, саволларга узуқ-юлуқ жавоблар бериши Озода Исломовада шубҳа уйғотади. У вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Қашқадарё вилоятига қўнғироқ қилиб, аёл ҳақида маълумот сўрайди.
Маълум бўлишича, бу аёл аслида руҳий касал бўлиб, ҳақиқатан ҳам бола уники бўлмаган. Аёл синглисининг фарзандини ўғрилаб келган. Ота-она 2 кундан буён боласини қидираётган, ҳатто, уни топиш учун вилоят ички ишлар бошқармаси ҳам “оёққа турган”. Болакайнинг онаси эса хавотир ва қўрқувдан аҳволи ёмонлашган.
Шу куни Қашқадарё вилояти хотин-қизлар қўмитаси раиси тезкор чора кўриб, аёл ва бола учун машина юборган. Болакай онасининг қўлига соғ-омон топширилган. Хаста аёл эса даволаниши учун шифохонага ётқизилган.
LiveБарчаси