Россияда вабо хавфи: Ўзбекистон ўта хавфли касалликка қарши тайёргарликни кучайтирди

Жамият

−

image

Аввалроқ, Россиянинг Иркутск вилоятида 27 ёшли аёл вабодан ўлгани айтилаётгани ҳақида хабар берилган эди. Ижтимоий тармоқларда ростдан ҳам ҳолат қайд этилгани ҳақида маълумотлар тарқалганидан сўнг Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Ўзбекистонда тегишли хизматларнинг тайёргарлиги кучайтирилганини маълум қилди.

Қайд этилишича, ҳозирда Россия Федерациясининг ваколатли идоралари ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг расмий манбалари орқали вазият мунтазам равишда кузатиб борилмоқда. Хусусан, касаллик ташхисининг лабораторияда тасдиқланган ёки тасдиқланмагани, эҳтимолий юқиш манбаи ва йўллари, беморнинг ҳаракатланиш йўналиши ҳамда у билан мулоқотда бўлган шахсларга оид маълумотлар ўрганилмоқда.

“Айни вақтда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ўта хавфли юқумли касалликларнинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича тегишли хизматларнинг тайёргарлиги кучайтирилган”, дейилади қўмита хабарида.

Шунингдек, қўмита эпидемиологик вазиятда ўзгариш юз берган тақдирда жамоатчиликка белгиланган тартибда қўшимча ахборот тақдим этилишини қайд этган.

Маълумот учун, вабо (cholera) – ингичка ичакнинг зарарланиши, интоксикация, умумий аҳволнинг оғирлашуви ва организмнинг сувсизланиши билан давом этадиган ўткир инфекцион ўта хавфли ичак касалликларидан бири. Вабо микроби (вибрион деб аталади) классик Вабо вибриони ва Эль-Тор вибриони деб аталадиган икки турга ажратилади. Вабо вибриони дарё сувида 18 кундан 5 ойгача, музда бир неча ой, ариқларда бир неча кун, денгиз сувида икки ҳафта, совуқ вақтда нажасда бир неча ой, ахлат чуқурларида 3 ойгача, ички кийимларда 2 ой, қум-тупроқда бир неча ой, сув ҳавзаларида 15-30 кун, сут ва ёғда бир ойгача, картошкада 2 ҳафтагача, ҳўл мевада бир неча кунгача тирик қолиши мумкин. Дезинфекцияловчи моддалар вибрионни тез ўлдиради. Сув қайнатилганда ҳам вибрион тез ўлади. Вабо вибриони беморнинг ахлати, қусуғи, баъзан пешоби билан ташқарига чиқади. Вибрионлар тушган сув ва озиқ-овқатни истеъмол қилиш натижасида мазкур касаллик юқиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Россияда мутахассислар вафот этган бемор билан алоқада бўлган жами 197 кишини аниқлаган. Улардан 189 нафари профилактик кузатув учун шифохонага ётқизилган, яна саккиз киши ҳозирча карантиндан ташқарида қолмоқда. Шу билан бирга, ҳокимият органлари аниқланган мулоқотда бўлган шахсларда касаллик белгилари йўқлигини ва лаборатория тадқиқотлари натижалари манфий чиққанини хабар қилмоқда.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг