Россияда инқироз, Ўзбекистонда қимматлашув: бензин “очарчилиги” қандай бошланди?

Review

Reklama
0:00

Ер ости бойликлари ва улкан энергия ресурслари билан дунё бозорини назорат қилиб келган Россия бугун кутилмаган ва парадоксал инқироз қаршисида турибди. Одатда энергия экспортёрлари етакчиси сифатида кўриладиган ушбу мамлакатнинг йирик шаҳарлари, хусусан, Москва кўчаларидаги ёнилғи қуйиш шохобчаларида километрларга чўзилган навбатлар пайдо бўлди. Кремль ўз армиясини ва ички бозорини ёнилғи билан таъминлаш учун энди қўшни давлатлардан бензин сотиб олиш бўйича яширин музокаралар ўтказишга мажбур бўлмоқда. Путин бошчилигидаги давлатда кузатилаётган ёнилғи муаммоси Марказий Осиёга ҳам таъсир қиляпти. Ўзбекистонда AI-92 маркали бензин рекорд даражада қимматлади. Қирғизистон бошқа давлатлардан ёрдам сўраяпти. Қозоғистонда фуқаролар чегарадан бензинни олиб чиқиб кетишга уриняпти. Бугун биз Россия иқтисодиётининг юраги ҳисобланган нефтни қайта ишлаш саноатидаги жиддий инқироз, унинг асл сабаблари, рақамлар ва бу воқеанинг дунё саҳнасидаги акс садоси ҳақида атрофлича гаплашамиз.

Дунёнинг энг йирик нефть давлати қандай қилиб ёнилғисиз қолмоқда?

Россия ички ёнилғи бозоридаги дастлабки силкинишлар ўтган йилнинг охирида сезила бошлаган бўлса-да, ҳақиқий тизимли инқироз жорий йилнинг апрель-май ойларида ўзининг юқори нуқтасига чиқди ва июнь ойига келиб ҳалокатли тус олди. Сабаблар эса аниқ. Жорий йилнинг 3, 6, 8, 15, 21 ва 22 июнга ўтар кечалари Россия учун оғир синов бўлди. Бу кунларда Украина томонидан юзлаб дронлар мамлакатга учирилди. Москва ва бир қатор вилоятларда ҳатто аэропортлар фаолияти вақтинча тўхтатилди.

Украинанинг дрон кампанияси Россиянинг энг ҳаётий ва стратегик тармоғи – нефтни қайта ишлаш саноатига ниҳоятда оғир техник ҳамда иқтисодий зарбаларни бериб келмоқда. Қилинган кетма-кет ҳужумлар оқибатида бугунги кунда мамлакатнинг энг йирик ва марказий заводлари фалаж ҳолатга тушиб қолган. Зарбалар нишонига айланган нуқталар орасида пойтахтни ёнилғи билан таъминловчи ягона манба – Москванинг Капотня нефтни қайта излаш заводи, мамлакатнинг Топ-5 талигига кирувчи Рязань заводи, “Лукойл” компаниясига қарашли Норси мажмуаси, шунингдек, яна ўнлаб стратегик заводлар бор. Ушбу ҳужумларнинг асосий тактикаси заводларнинг юраги ҳисобланган бирламчи нефть ҳайдаш миноралари ва хом нефтдан юқори сифатли бензин ҳамда дизель олиш жараёнини бошқарадиган қурилмаларини йўқ қилишга қаратилган бўлиб, бу ўз навбатида Россияни улкан талафотлар билан “сийлади”.

Тушунишингиз учун, бошланганига 4 йилдан ошган уруш давомида Россия умумий нефтни қайта ишлаш қувватининг 13 фоиздан 15 фоизгача бўлган қисмини йўқотган эди. Биргина июнь ойидаги энг оғир ва кетма-кет ҳужумлар даврида эса бу кўрсаткич 24–28 фоизгача чуқурлашиб (кўтарилиб) кетди.

Бугун Россия заводлари кунига ўртача 85 минг тонна бензин ишлаб чиқараётган бир пайтда, ёзги энг юқори талаб мавсумида мамлакат иқтисодиётига кунига камида 110 минг тонна ёнилғи зарур бўлмоқда. Натижада ҳар куни 25 минг тонналик тизимли тақчиллик юзага келмоқда. Бу эса занжир реакцияси сифатида нархларнинг кескин сакрашига олиб келди.

Росстат маълумотларига кўра, июнь ойининг охирги ҳафтасида бензин нархи 1,6 фоизга, дизель эса 2,2 фоизга ошди. Бу охирги йирма йилдаги энг юқори ҳафталик ўсишдир. Ҳозирда AI-95 бензини ўртача 74 рубль, AI-98 эса 97 рублдан сотилаётган бўлса, Қрим ва Севастополь каби муаммоли ҳудудларда нархлар бирданига 30 фоиздан зиёдроққа қимматлашган. Бугунги кунда Россиянинг 83 та маъмурий ҳудудидан ярмида фуқаролар ёнилғи тақчиллигига дуч келган ва ёнилғи қуйиш шохобчаларида чекловлар эълон қилинган. “Лукойл”, “Газпром нефть” ва “Роснефть” каби гигантларнинг шохобчаларида битта машинага 30 литргача лимитлар ўрнатилиб, канистрларга бензин қуйиш тақиқланган, хусусий тармоқларда эса ёнилғи умуман тугаган.

Хўш, бу инқирознинг туб илдизида нима турибди? Фақат Украинами? Таҳлиллар шуни кўрсатадики, муаммо фақат битта омилга боғлиқ эмас, балки бир нечта стратегик инқирозларнинг тўқнашуви натижасидир. Биринчи ва энг асосий объектив сабаб – Украинанинг Россия энергетика инфратузилмасига қарши бошлаган кенг кўламли дрон кампаниясидир. Жорий йил бошидан бери Россия нефтни қайта ишлаш заводларига 194 мартадан ортиқ дрон ҳужумлари уюштирилди ва фақатгина май ойининг ўзида 16 та йирик завод муваффақиятли нишонга олинди. Бироқ заводларнинг дронлардан зарар кўриши муаммонинг ярми, холос. Иккинчи ва энг оғир томони – уларни таъмирлашнинг имконсизлигидир. Ғарб санкциялари туфайли Россия нефтни қайта ишлаш заводларининг юқори технологик қурилмаларига эҳтиёт қисмлар олиб келиш тўхтаган. Шу сабабли оддий носозликларни тузатиш ҳам ойлаб вақт талаб қилмоқда.

Вазият шу даражага етдики, ҳукумат мамлакатда ёнилғи сифат стандартларини пасайтиришга мажбур бўлди ва таркибида олтингугурт миқдори кўп бўлган, экологияга жиддий зиён берадиган, паст сифатли Euro-3 бензинини сотишга қонунан рухсат берди.

Айни шу мураккаб вазиятда Яқин Шарқ геосиёсати, хусусан, Эрон омили инқирозни янада чуқурлаштириб юборди. Баҳор ойларида Яқин Шарқдаги уруш фонида Эрон томонидан дунё нефть савдосининг бешдан бир қисми ўтадиган Ҳормуз бўғозининг ёпиб қўйилиши глобал бозорда “Brent” маркали нефть нархини 120 доллардан ошириб юборди. Бу эса мутлақо кутилмаган парадоксни келтириб чиқарди.

Жаҳон бозорида хом нефть нархи астрономик даражада кўтарилгач, Россия компаниялари ўз хом ашёсини ичқарида қайта ишлаб, арзон нархда сотгандан кўра, уни санкцияларни айланиб ўтувчи “соя флоти” танкерлари орқали Хитой ва Ҳиндистонга хом ашё кўринишида экспорт қилишни афзал кўрди. Яъни, Ҳормуз инқирози Россиянинг валюта тушумини оширган бўлса-да, ички бозорини ёнилғисиз қолдирди ва бор ресурсларини экспортга йўналтириб юборди.

Бундай кескин вазиятга Россия расмийлари, аҳолиси ва дунё ҳамжамияти турлича муносабат билдирмоқда. Россия ҳукумати вазиятни назорат остида эканини айтиб, нархлар ошишида хусусий корхоналарни айбламоқда. Инқирозни жиловлаш мақсадида бензин ва дизель экспортига вақтинчалик чекловлар жорий йилнинг июль ойи охиригача узайтирилди. Шу билан бирга, давлат статистика идораси ёнилғи нархлари бўйича очиқ ҳисоботларни фильтрлаш ва яширишга ўтди. Табиийки, аҳоли буни жиддий ташвиш билан қабул қилмоқда.

Инқироз Россия осмонига ҳам кўчди. Бензин ва дизель ортидан мамлакат фуқаро авиацияси ҳам ҳалокатли керосин тақчиллигига дуч келмоқда. Вазият шу даражага етдики, Россиянинг бир нечта энг йирик аэропортларида самолётларга ёнилғи қуйиш билан боғлиқ кескин чекловлар ўрнатилди – авиакомпаниялар парвозларни тўхтатиб қўймаслик учун курашмоқда.

Улгуржи бозордаги рақамлар эса, даҳшатли. Авиакеросин нархи тарихий энг юқори нуқтага чиқиб, бир тоннаси 113 минг рублга (тахминан 1,2 минг доллар) етди! Бу бор-йўғи март ойининг бошига нисбатан нақд 52 фоизлик сакраш! Бундай нарх кўтарилиши шароитида авиаташувлар тизими фалажланиш арафасида турибди.

Россия Энергетика вазирлиги фавқулодда йиғилиш ўтказишга мажбур бўлди. “Ёнғинни ўчириш” режимида ишлаётган расмийлар керосинсиз қолган энг оғир ҳудудларга мамлакатнинг бошқа нуқталаридан зудлик билан ёнилғи ташиш чораларини кўрди. Кремль ички бозордаги ҳалокатнинг олдини олиш учун охирги чорага қўл урди. 2026 йилнинг 30 ноябрига қадар авиакеросин экспорти бутунлай тақиқланди. Аммо бу вақтинчалик “блокировка” россиялик авиаторларни чуқур тизимли таназзулдан қутқара оладими? Бу – катта сўроқ остида.

АҚШнинг дунёга машҳур ва нуфузли жамоатчилик фикрини ўрганиш институти – “Gallup” тадқиқот хизмати томонидан 2026 йилнинг март–май ойларида Россия фуқаролари орасида ўтказган ижтимоий сўровнома натижаларига кўра, россияликларнинг 56 фоизи ҳаёт даражаси ёмонлашганини айтган ва бу уруш бошланганидан буён энг юқори кўрсаткичдир. Бензин муаммоси юк ташиш, логистика ва озиқ-овқат нархларининг 3–6 бараваргача қимматлашишига сабаб бўлди. Халқаро ОАВ ва етакчи таҳлил марказлари эса ушбу ҳолатни Россия энергетика иттифоқининг ички қулаши деб атамоқда. Экспертларнинг фикрича, Украинанинг “иқтисодий бўғиш” стратегияси иш беряпти. Россия нефть экспорт қилиб миллиардлаб доллар топиши мумкин, лекин ўз тракторлари, танклари ва транспортини ёнилғи билан таъминлай олмаса, бу фронт ортида тизимли парокандаликни келтириб чиқариши аниқ.

Россия ички бозордаги ёнилғи тақчиллиги сабабли Қозоғистон билан тахминан 50 минг тонна ҳажмдаги AI-92 автобензинини импорт қилиш имконияти бўйича яширин музокаралар олиб бораётгани ҳақида “Reuters” хабар берди. Нашр берган маълумотларга кўра, Россия нефтини Қозоғистоннинг нефтни қайта ишлаш заводларидан бирига толлинг шартлари асосида етказиб бериш варианти муҳокама қилинмоқда. “Толлинг шартлари нима?” деган саволга ҳам жавоб бераман. Содда қилиб айтганда, бир томон иккинчи томонга хом ашё беради, иккинчи томон эса уни қайта ишлаб, тайёр маҳсулот ҳолатида эгасига қайтаради. Бунинг эвазига қайта ишловчи томон фақат қилган хизмати учун ҳақ олади.

“Reuters” нашри Россия Ҳиндистондан бензин олишни бошлагани ҳақида ҳам маълум қилди. Нашр келтирган бир манбага кўра, Москвага 60 минг тонна автомобиль бензини юборилган. Бошқа бир манба эса ҳар бирида 30–40 минг тоннадан юк бўлган иккита танкер йўлга чиққанини маълум қилган. Россия томони эса бу ҳақда ҳозирча ҳеч нарсани очиқламаган.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Россия ҳукумати яқин ойларда инқироздан чиқиш учун мураккаб сценарийларга таянмоқда. Ҳозирда ўз нефтини Ҳиндистонга сотиб, у ерда қайта ишланган тайёр бензинни айланма йўллар билан қайтадан импорт қилиш каби мураккаб ва қиммат логистик занжирлар қурилмоқда, шунингдек, Беларусь ва Қозоғистондан ёнилғи сотиб олиш ҳажми максимал даражага чиқарилмоқда. Бироқ, бу чоралар фақат вақтинчалик ечимдир. Агар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари нефть заводларини дронлардан самарали ҳимоя қила олмаса ва ғарб технологияларига муқобил ечим топилмаса, яқин ойларда Россия иқтисодиёти янада оғир ёнилғи очарчилигига дуч келиши муқаррар.

Россиядаги инқирознинг Марказий Осиёга таъсири

Бу инқироз Марказий Осиё иқтисодиёти Россия нефть маҳсулотларига ҳали ҳам юқори даражада боғлиқлигини яна бир бор кўрсатиб берди. Масалан, Қирғизистон бензин ва дизелнинг 90 фоиздан ортиғини Россиядан олади. Бироқ ўзи ҳам муаммо гирдобида турган россияликлар Қирғизистонга бензин етказиб беришга у қадар шошилмасликлари аниқ. Шу боис Қирғизистон Ўзбекистон ва яна бир қатор давлатлардан ёрдам сўради.

“Қирғизистон Республикаси ёнилғи-мойлаш маҳсулотларининг асосий қисмини импорт қилади. Шу муносабат билан жаҳон энергетика бозоридаги ўзгаришлар, жумладан, Яқин Шарқдаги геосиёсий кескинлик, халқаро логистикадаги хавф-хатарлар ва жаҳонда нефть нархининг ошиши, бошқа кўплаб давлатлар бозорлари қатори, мамлакат ички бозорига ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда. Ёнилғининг барқарор етказиб берилишини сақлаб қолиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ва Энергетика вазирлиги Россия, Қозоғистон, Беларусь, Озарбайжон, Ўзбекистон ва Туркманистоннинг соҳавий давлат органларига расмий мурожаатлар йўллади”, дея қайд этган Қирғизистон Энергетика вазирлиги.

Марказий Осиё давлатлари фуқароларининг аксарияти жуда ишбилармон. Айниқса муаммоли вазиятларда ҳар нарсани четга суриб, пул ишлаб қолиш дардида яшайдиганлар тез-тез пайдо бўлади бу давлатларда. Мисол учун Қозоғистонда мамлакатдан ёнилғи олиб чиқиб кетишга бўлган уринишлар сони ортди. Жорий йилнинг 5 июль куни Молия вазири ўринбосари Ержан Бижанов ёнилғи бозоридаги вазиятга бағишланган ҳукумат йиғилишида сўнгги икки сутка ичида Қозоғистон чегарасида республикадан ёнилғи-мойлаш материалларини олиб чиқиб кетишга бўлган 61 та уринишнинг олди олингани ҳақида ахборот берди.

“Мобил гуруҳлар чегараолди трассаларида тун-у кун патруллик қилмоқда ҳамда бензин ташувчи ва автоцистерналарни текширмоқда. Автомобиллардаги қўшимча баклар ва канистраларда жами 3 тоннадан ортиқ ёнилғи аниқланган. Шунингдек, давлат органлари 62 та автоёнилғи қуйиш шохобчаси ва 22 та кичик нефтни қайта ишлаш заводи фаолиятини текшириб, уларда хизмат кўрсатиш ҳажмининг аномал даражада ўсишини аниқлаган” дейди у.

Ички ишлар вазири Ержан Саденовнинг маълум қилишича, йил бошидан буён умумий ҳажми 40 минг литрдан ортиқ бўлган нефть маҳсулотларини ноқонуний олиб чиқиб кетишга бўлган 593 та уриниш бартараф этилган.

Россиядаги экспортга чекловнинг Ўзбекистонга таъсири

Ўзбекистон автомобиль ёнилғиси бозорида ҳам вазият ўзгарди. “Заправка”ларда AI-92 маркали бензин нархи тарихий максимумга етди. 29 июнь кунги биржадаги савдолар якунига кўра, AI-92 бензинининг бир тоннаси 13 миллион 919 минг сўмдан сотилган. Бу аввалги савдоларга нисбатан яна 1,1 фоизлик ўсишдир.

Вазиятни янада яхшироқ тушуниш учун июнь ойидаги рақамлар ўсишини кўриб чиқамиз. Июнь ойи бошидан буён ушбу ёнилғи тури тонна ҳисобидан нақд 1 миллион 473 минг сўмга (қарийб 11,8 фоизга) қимматлашган! Нархлар аномал даражада тез сакраши асосан ойнинг биринчи ярмига тўғри келди. Масалан, 4 июнь куни бир тонна бензин 12 млн 476 минг сўм бўлиб турган бўлса, бор-йўғи тўрт кун ичида ўсиб, 8 июнда бирданига 10,5 фоизга кўтарилди ва 13 млн 788 минг сўмга етди. Кейинги икки ҳафталикда кузатилган “сув қуйгандек сокинлик”дан кейин, 29 июнда нархлар яна юқорилаб, рекордни янгилади.

Биржа маълумотларида нарх ошиши билан бир вақтда ёнилғи таклифи кескин қисқарганини ҳам кўриш мумкин. 1 июнь куни савдоларга 3 791 тонна бензин чиқарилган бўлса, 23 июнга келиб бу кўрсаткич деярли икки баробарга камайиб, атиги 1 898 тоннани ташкил этган. Энг қизиғи, 29 июнь куни, яъни AI-92 рекорд даражада қимматлаган пайтда биржада таклиф ҳажми 3 123 тоннагача қайта тикланган бўлса-да, бозор бу “кенгчилик”ка парво ҳам қилмади. Нархлар барибир пасаймади. Табиий савол туғилади: мутасадди ташкилотлар ушбу “бензин жазаваси”ни жиловлаш учун қандай амалий чоралар кўряпти? Буни улар расмий маълумот берганида ёки АЁҚШлардаги таблоларда нарх ўзгаргандагина билишимиз мумкин!


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends