Россия ва Украина яна маҳбус алмашинувини амалга оширди
Олам
−
26 Июнь 2025 2827 2 дақиқа
Россия ва Украина яна асирга олинган ҳарбий хизматчиларни алмашди, бу июнь бошидан бери еттинчи алмашишдир. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский Telegram-каналида маълум қилди.
“Бугун Қуролли Кучлар, Миллий гвардия, Давлат чегара хизмати аскарлари қайтмоқда. Уларнинг аксарияти 2022 йилдан бери асирликда”, дейди у.
Ўз навбатида, Россия Мудофаа вазирлиги алмашинув 2 июнь куни Истанбулда эришилган келишувларга мувофиқ амалга оширилганини маълум қилди.
“Ҳозирда россиялик ҳарбий хизматчилар Беларусь Республикаси ҳудудида бўлиб, уларга зарур психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилмоқда”, дейилади баёнотда.
Украина ҳарбий асирларни даволаш бўйича мувофиқлаштирувчи штаб маълумотларига кўра, 25 ёшгача бўлган ҳарбий хизматчилар, шунингдек, ярадор бўлган ва соғлиғида муаммолар бўлганлар Украинага қайтарилган.
“Алмаштиришнинг бугунги босқичининг ўзига хослиги шундаки, биз ёш аскарларни уйга олиб келишга муваффақ бўлдик. Энг ёш ҳимоячи 24 ёшда, у 2022 йил апрелида Мариуполь мудофааси пайтида, 21 ёшида қўлга олинган. Энг кексаси эса 62 ёшда”, дейилади штаб хабарида.
Асирларнинг катта қисми Мариуполь мудофааси пайтида қўлга олинган. Бундан ташқари, Чернобиль АЭСни қўриқлаган Миллий гвардиячилар қўйиб юборилган.
Киев ҳам, Москва ҳам ўз мамлакатларига қайтган ҳарбийлар сонини айтмади.
2 июнь куни Истанбулда бўлиб ўтган музокарада Россия ва Украина оғир яраланган аскар ва 25 ёшгача бўлган асирларни алмашиш, шунингдек, урушда ҳалок бўлган 6 минг ҳарбий хизматчининг жасадини бир-бирига топширишга келишиб олди. Шундан сўнг, ҳарбий асирларнинг етти марта алмашинуви бўлиб ўтди – хусусан, 9, 10, 12, 19 ва 20 июнь кунлари.
Шу билан бирга, марҳумларнинг жасадларини алмашиш давом этди: Россия бир неча босқичда Украинага 6000 дан ортиқ ўлганларнинг жасадларини топширди, Россия томони даъво қилганидек, Украина Қуролли Кучлари офицерлари ва аскарлари. Москва Киевдан 78 қурбоннинг жасадини олди.