Россия Украинанинг бир нечта ҳудудларига зарбалар берди. Қурбонлар бор
Олам
−
09:54 555 3 дақиқа
Кеча, 12 сентябрь куни Россиянинг Украина бўйлаб амалга оширган ҳаво ҳужумларида камида 10 киши ҳалок бўлиб, ўнлаб одам яраланди. Бу ҳақда Украина расмийлари маълум қилди.
Украинанинг Киевдан ғарбда жойлашган Житомир вилояти губернатори Виталий Бунечко Россия зарбаси оқибатида Звягель шаҳридаги озиқ-овқат дўконида икки киши ҳалок бўлганини билдирган. Унинг айтишича, иккита ёқилғи қуйиш шохобчаси ҳамда хорижий инвестициялар иштирокидаги корхонага зарба берилган.
Аввалроқ Украина Президенти Владимир Зеленский мамлакат жануби-шарқидаги Запорожье шаҳри ва ўзининг туғилган шаҳри Кривой Рогга ҳам ҳужумлар уюштирилганини маълум қилган. Запорожье вилояти губернатори Иван Фёдоровнинг айтишича, Запорожье шаҳри ва бошқа аҳоли пунктларига қилинган зарбалар оқибатида 2 киши ҳалок бўлган, 11 киши яраланган.
Кривой Рог ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Вилкул эса шаҳарга кечаси дронлар ва ракеталар орқали берилган зарбаларда 2 киши ҳалок бўлганини айтган.
Россия Мудофаа вазирлиги ўз навбатида мамлакат қўшинлари Запорожье шаҳридаги “Запорожсталь” металлургия корхонаси, Днепрдаги “Интерпайп Стил” мажмуаси ва Кривой Рогдаги бир қатор саноат объектларига, жумладан, “Северный горно-обогатительный комбинат”га зарба берганини билдирган.
Шунингдек, Одесса вилояти губернатори Олег Кипернинг маълум қилишича, тунги ҳужумлар оқибатида 37 киши, жумладан, чақалоқ жароҳатланган. Яна 2 киши бедарак йўқолган. Россия Мудофаа вазирлиги Москва қўшинлари Украина портларига зарбаларни давом эттирганини, Одессада ҳарбий мақсадларда фойдаланиш учун юк олиб кетаётган кемалардан бирига зарба берилганини ҳам маълум қилган.
Украина ҳарбийлари эса Россиянинг Самара вилояти Тольятти шаҳридаги йирик синтетик каучук ишлаб чиқарувчиларидан бири – “Тольяттикаучук” корхонасига зарба берилганини билдирган. Украина томонига кўра, ҳужумдан кейин корхона ҳудудида ёнғин чиққан.
Украина ҳарбийлари ушбу заводда Россия ракеталари ёқилғисида ишлатиладиган синтетик каучук ва ёқилғи қўшимчалари ишлаб чиқарилишини билдирган.
Самара вилояти губернатори Вячеслав Фёдоришчев ҳудуддаги саноат объектларига Украина дронлари ҳужум қилганини тасдиқлаган, аммо қайси корхоналар зарар кўргани ёки уларга қанчалик жиддий талафот етганини аниқ айтмаган.
Тольятти мэри Илья Сухихнинг маълум қилишича, шаҳарда бир нечта турар жой бинолари зарарланган ва бир киши яраланган. Шунингдек, Ростов вилоятининг Таганрог шаҳридаги алоҳида ҳужум натижасида тўртта тижорат объектида ёнғин чиққан. Бу ҳақда шаҳар мэри Светлана Камбулова хабар берган.
Сўнгги икки ой давомида Россиянинг Украинадаги электр станциялари ва бошқа инфратузилма объектларига ҳужумлари кучайган. Шу билан бирга, Украина ҳам Россиянинг узоқ ҳудудларидаги энергетика объектлари ва омборларга зарбалар бермоқда. Икки томон ҳам Қора денгиз ва бошқа ҳудудлардаги кемаларга қарши ҳужумларни кучайтирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия қўшинлари “Герань” русумли учувчисиз учиш аппаратлари ёрдамида Киев яқинидаги Гостомелда ҳарбий юклар сақланадиган логистика омборига зарба берганди.
Live
Барчаси