Россия-Украина урушининг Ўзбекистонга таъсири таҳлил қилинди

Жамият

image

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари томонидан Россия-Украина можаросининг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсири ўрганилди. Бу ҳақда институт матбуот хизмати хабар берди.

Инситут экпертлари томонидан Россия-Украина қарама-қаршилиги оқибатлари Ўзбекистон иқтисодиётига асосан инфляция, ташқи савдо, уй хўжаликларининг бирламчи ва иккиламчи даромадлари, кўчмас мулк ва фоиз каналлари орқали таъсири таҳлил қилинди.

Таҳлил учун 2022 йилнинг 10 ойи статистик маълумотларидан фойдаланилган. Бунда иқтисодий диагностика ва иқтисодий моделлаштиришнинг DSGE усуллари қўлланилган. Можаро таъсири 2022 йил март ойидан бошлаб, кейинги 18 ой учун 3 хил сценарийда (хом-ашё нархи ошиши, пул ўтказмаларининг камайиши, меҳнат бозори қисқариши) ажратилган.

Таҳлил натижаларига кўра, дунёда инфляцияга энг катта босим асосан озиқ-овқат ва энергия нархларининг кескин кўтарилиши ҳисобига содир бўлаётган бўлса, Ўзбекистонда аксарият энергия нархлари давлат назоратида бўлгани сабабли инфляциянинг тезлашишига асосан озиқ-овқат ва хизматлар нархларининг ўсиши сабаб бўлмоқда.

2022 йил февраль ойида йиллик озиқ-овқат нархлари ўсиши 13,1 фоизгача секинлашган бўлса, октябрь ойига келиб 16,3 фоизгача кўтарилган. Мазкур даврда меҳмонхона ва ресторан хизматлари нархлари йиллик ўсиши 14,7 фоиздан 23,3 фоизгача тезлашган.

Қайд этилишича, 2022 йил март-октябрь ойларида Ўзбекистоннинг Россияга экспорти ҳажми 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 47 фоизга ошган. Шундай бўлса-да, глобал бозорларда товар ва хом-ашё нархларининг сезиларли кўтарилиши номинал экспорт ҳажмининг кўтарилишига сабаб бўлмоқда. 

“Мисол учун, март-октябрь ойларида Россияга пахта ип-калаваси экспорти 41 фоизга ортган. Лекин, ушбу даврда пахта толаси нархлари ўзгаришини ҳисобга олинганда, реал ўсиш 8 фоизни ташкил қилади. Таъкидланишича, 2022 йилда сўмнинг АҚШ долларига нисбатан алмашув курснинг барқарорлашуви маълум даражада ташқи шокларнинг салбий таъсирини юмшатди.

Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси маълумотларига кўра, 2022 йилнинг 9 ойи мобайнида Ўзбекистонга россиялик 318 минг нафардан ортиқ фуқаро келган. ПМТИ экспертлари томонидан 750 та релокантлар резюмесини ўрганиш натижаларига кўра келаётган мутахассисларнинг ўртача ёши 32 ёшни ташкил этади. Иш қидираётганларнинг 93 фоиздан ортиғи олий маълумотли ва ўртача 8 йиллик иш стажига эга”, дейди таҳлилчилар.

Ўзбекистонга асосан муҳандислар (барча резюмеларнинг 18 фоизи), IT мутахассислари (15 фоиз), менежерлар, маркетологлар, бошқарув мутахассислари ва маъмурий ходимлар (30 фоиз), ўқитувчилар (7 фоиз), шифокорлар ва фармацевтлар (6 фоиз), шунингдек, молиячилар (4 фоиз) ташриф буюрмоқда.

Пул ўтказмалари таркибида Россиянинг улуши ошиб кетиши кузатилди; 2022 йил март ойида Россиядан пул ўтказмаларининг Ўзбекистонга жами пул ўтказмаларидаги улуши 50 фоизгача тушиб кетган бўлса, май ойига келиб ушбу кўрсаткич 85 фоизга етди (2021 йилда 70 фоиз, 2020 йилда 72 фоизни ташкил этган).

Ноябрь ойида Тошкент шаҳрида 1 кв метр учун хонадон нархлари ўтган йилга нисбатан ўртача 27 фоизга ошган, яъни ушбу кўрсаткич 2021 йил ноябрда $849 бўлган бўлса, 2022 йил ноябрда $1078 га етган. Уй-жой нархларининг жиддий ошиши бошқа давлатларда ҳам кузатилган. Global House Price Index маълумотларига кўра, юқори инфляция ва ипотека фоиз ставкаларининг кўтарилиши аҳолининг уй-жой сотиб олиш имкониятларини чеклаган бўлишига қарамай, 2022 йил биринчи чорагида дунёнинг 56 мамлакатида уй-жой нархлари ўртача 10,2 фоизга ошган.

Таъкидланишича, нархларнинг ўсиши глобал ўзгаришлар натижасида пул оқимларининг кўчмас мулк бозорига йўналтирилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Инфляция даражасининг тезлашиши аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини яшаш харажатлари ошишидан ҳимоялаш учун давлат харажатларининг ошишига сабаб бўлган, масалан 2022 йилнинг 9 ойида ижтимоий нафақалар, моддий ёрдам ва компенсация тўловлари 14.5 триллион сўмга етиб, 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 1,9 баробарга ошган.

Жаҳон бозорида хом-ашё нархларининг 1 фоизга кўтарилиши Ўзбекистон иқтисодиёти реал ўсиши 2023 йилда потенциалидан кўра 2 фоиз бандга секинлашишига олиб келиши мумкин.

Инфляция даражасининг қўшимча 0,4 фоиз бандга ошишига, шу жумладан импорт инфляцияси – 0,3 фоиз бандга ўсишига сабаб бўлади. Зарба таъсири кейинги 4 чорак давомида сезилади.

Оралиқ истеъмол товарлари нархларининг ошиши натижасида маҳаллий ишлаб чиқаришнинг қисқариши сабабли экспорт 1 фоиз банд ва импорт 0,4 фоиз бандга камаяди. Бу эса бандлик даражасининг 1 фоизгача қисқаришига олиб келиши мумкин.

Озода Чориева


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг