Россия тош отган Қудратхўжани ўзбек жамоатчилиги олқишламоқда
Таҳлил
−
15 Февраль
33527Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори ҳамда Миллий медиа ассоциацияси раиси Шерзодхон Қудратхўжанинг блогер Кирилл Алтьманга берган интервьюсида Ўзбекистонда яшаб туриб, ўзбек тилини билмайдиганлар ҳақида айтган қуйидаги сўзлари Россия томонидан ёмон қарши олинди:
“Улар бизнинг тилимизни 40−60 йилдан бери ўрганмаган. Карл Маркс таъкидлаганидек, икки киши яшаётган давлатининг тилини билмайди. Биринчиси — у юртни босиб олган босқинчи. Иккинчиси — аҳмоқ, яъни ўйлаш, фикрлаш ёки ўқиш қобилиятига эга бўлмаган одам. Шундай экан, улар босқинчими ёки аҳмоқми, ўзлари ҳал қилсин. Улар хафа бўлмасин”.
Унинг бу гапларидан сўнг, Ўзбекистон элчиси Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди. МДҲ масалалари бўйича федерал агентлик (“Россотрудничество”) раҳбари Евгений Примаков Шерзодхон Қудратхўжа билан ҳар қандай мулоқот ва алоқаларни тўхтатганини эълон қилди.
“Ишончим комилки, жаноб Қудратхўжа нафақат ўзи, балки яқинлари ҳам Россияда ўқиш, у билан фойдали бизнес юритиш, стажировкада қатнашиш ва бошқа имкониятларни қўлга кирита олмаса, ҳатто ўзи ёқтирмайдиган давлатга шунчаки ташриф буюра олмаса ҳам, хафа бўлмайди”, дейди Примаков.
Россия ҳукумати журналистнинг шахсий фикрига нисбатан кескин жавоб қайтариши Ўзбекистон жамоатчилиги орасида норозиликларга сабаб бўлмоқда ва кўпчилик Қудратхўжани қўллаб-қувватлашини билдиряпти.
“Бугун Россия Ташқи ишлар вазирлиги Шерзодхон Қудратхўжанинг Ўзбекистонда яшаб туриб, ўзбек тилини билмайдиган инсонлар ҳақида айтган гапи учун Ўзбекистон элчисини чақирибди. Қизиқ, элчимизни таклиф қилишмабди, балки чақиришибди. Бутун бошли “Ўзбекистонни босиб олайлик” деган аҳмоқнинг гапидан кейин бизнинг ТИВ Россия элчисини “таклиф қилган” эди…
Хуллас, Россия ТИВ фикрича, Шерзодхон Қудратхўжанинг кескин фикри икки томонлама дўстона муносабатларига тескари эмиш ва руслар Ўзбекистон ТИВдан шу ҳолат бўйича изоҳ талаб қилишибди. Ия, Ўзбекистонда яшайдиганлардан ўзбек тилини ҳурмат қилишни сўраш, қачондан буён Ўзбекистон-Россия алоқаларига зид бўлиб қолди? Мантиқ йўқ. Хуллас, бизникилар ҳам худди русларнинг ўзи каби жавоб бериши керак: Шерзодхон Қудратхўжанинг фикри ўзининг шахсий позицияси бўлиб, сўз ва фикр эркинлигидан фойдаланяпти. Бу фикрлар Тошкентнинг расмий позициясини англатмайди. Тамом. Етади”, деб ёзди Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги директорининг биринчи ўринбосари, блогер Хушнудбек Худойбердиев.
Адлия вазирининг маслаҳатчиси Шаҳноза Соатова ҳам бунга ўз муносабатини билдириб, шундай деди: “Ҳай, тилни ўрганмасанглар ўрганманглар, бундан уялмасанглар уялманглар, лекин нега ўз тили ҳимояси учун гапирса, жанжал қилаверасизлар? Шу юртда яшаётган турли миллат вакиллари ўрганяпти-ку ўзбек тилини. Ҳеч бир жанжал-можаро бўлмаяпти-ку улар билан. Она тилим демайлик экан-да. Деймиз!” – дея ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ёзган у.
Русийзабон блогер Никита Макаренко эса ҳаммани ўзбек тилида ёзишга чақирмоқда:
“Агар биз, ўзбекистонликлар, барчамиз ўзбек тилида гапиришни ва ёзишни бошласак, Россия ТИВ ҳеч нарсани тушунмайди. У ерда ҳеч ким бизнинг тилни билмайди. 100 блогер ўзбек тилида ёзади, ҳеч қандай реакция бўлмайди. Элчихонада, эҳтимол, Миробод бозорига ҳам таржимон билан боришади. Бошқа элчилар камида "символически" ҳурмат белгисини кўрсатишга ҳаракат қилишади. Дарс оладилар, ўзбек тилида гапиришади. Фақат "шимолий" дипломатларга бу ўз қадр-қимматларидан паст деб ҳисобланади”, дейди Макаренко.
Ўз навбатида, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг маслаҳатчиси Расул Кушербоев Ўзбекистонда давлат тили қайси тил эканини эслатиб қўйди:
“Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. "Давлат тили ҳақида"ги Қонуннинг 1-моддаси”, деб пост қолдирди у.
Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев эса Қудратхўжа айнан руслар ҳақида гапирмаган бўлса-да, Россия бунга муносабат билдирганига эътибор қаратди.
“Шерзодхон Қудратхўжанинг бировдан иқтибос келтириб айтган “ўзи яшаб турган мамлакат тилини билмайдиганлар ё босқинчи, ё аҳмоқ” деган гапига ҳе йўқ, бе йўқ Россия томондан жавоб бўлгани қизиқ бўлди-а барибир – ахир у айнан “Россия” ё “руслар” демаган-ку. Бу гап кимга тегиб кетган бўлса, демак, у ё босқинчи, ё аҳмоқ-да”, дейди журналист.
Шерзодхон Қудратхўжа интервьюда ўзбек тилини ўрганиш ҳақида фикр билдиришидан олдин 2018 йилда рўй берган воқеа – русийзабон кекса аёл билан жанжаллашгани, аёл ундан рус тилида гапиришини сўраганига ойдинлик киритган эди. Унинг айтишича, Юнусобод туман ҳокими билан гаплашаётганда кекса аёл келиб жанжал кўтарган ва улардан рус тилида гапиришини талаб қилган. Шерзодхон Қудратхўжа эса аёлга Ўзбекистонда яшаётганини эслатиб, ўзбекча гапириши кераклигини айтган.
“У Россия элчихонасига, Путинга шикоят қилишини билдирди. Мен Россия элчихонасининг, Путиннинг бунга нима алоқаси бор, сизда бошқа Президент бор, деб айтганман… Улар видеога олиб, ижтимоий тармоққа жойлашди. Ўшанда жамият иккига бўлинди: мени қўллаб-қувватлаганлар: “У тўғри гапирди”, дейишди. Қозоғистонда эса “Нега биз ҳалигача ўзимизни колония деб ҳисоблаймиз?“ дейишди. Биз колония эмасмиз, мустақил давлатмиз, ўз тилимизда гаплашамиз”, дейди Шерзодхон Қудратхўжа.
Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев масаланинг бу томонига ҳам эътибор қаратиб, расмийларни шу каби ҳолатларга бефарқ бўлмасликка чақирди.
“Ўшанда Қудратхўжа билан гап талашиб қолган аёл “Россия элчихонасига, Путинга шикоят қилиши”ни айтиб, Қудратхўжанинг овозини ўчирмоқчи бўлган. Ўзи биз кўпроқ мана шу жойини муҳокама қилишимиз, расмийларимиз ҳам мана шу нуқтага эътибор қаратишлари керак. Ўзбекистон – мустақил давлат ва бу ерда яшаётган Ўзбекистон фуқароларида Россия элчихонасига, Москвага ё Путинга шикоят йўллаб, муаммосини ҳал қилиш имконияти тугул хаёлининг узоқ бир чеккасида ҳам бундай фикр бўлмаслиги керак. Расмийларимиз ҳеч бўлмаса ичкарига, мамлакат аҳолисига шундай кучли бир сигнал бериши керакки, “ватандошлар, ҳеч бир хорижий мамлакат Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашишга ҳаққи йўқ, қайсидир давлатнинг босимию дағдағаси бизни у ёки бу ишни қилиш-қилмасликка мажбурлай олмайди”, деб ёзади Аъзамхўжаев.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Россия ҳарбий амалдори Захар Прилепин мигрантларга рус тилини ўргатиш ҳақида гапириб, уларнинг давлатини, масалан Ўзбекистонни босиб олишни таклиф қилган эди. Ўшанда Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова бу Прилепиннинг шахсий фикрлари экани ва у Россия расмий позициясини билдирмаслигини айтган эди. Ўзбекистон ҳукумати эса, мамлакат суверенитети ва дахлсизлигига таҳдид қилган шахсга нисбатан ҳеч қандай чора кўрмади.
Моҳинур Маматова
LiveБарчаси