Россия Путин эълон қилган сулҳни 734 марта бузди – Сибига
Олам
−
08 Май 6274 2 дақиқа
Россия армияси мамлакат Президенти Владимир Путин томонидан эълон қилинган 3 кунлик сулҳга қарамай, бутун фронт чизиғи бўйлаб ҳужумларни давом эттирмоқда. Бу ҳақда Украина Ташқи ишлар вазири Андрей Сибига маълум қилди.
“Кутилганидек, путинча “парад сулҳи” навбатдаги ёлғон бўлиб чиқди. Тунги соат 00:00 дан тушгача Россия томонидан сулҳ режимини 734 бор бузилиб, 63 ҳужум операцияси амалга оширилди, уларнинг 23 таси ҳануз давом этмоқда”, деб ёзди Сибига ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Унинг сўзларига кўра, Россия армияси умумий ҳисобда Украина Қуролли кучлари позицияларига 586 марта ҳужум қилган. Уларнинг 464 таси оғир қуроллардан фойдаланган ҳолда амалга оширилган. Шунингдек, 176 маротаба дронлар билан зарба берилган ва 10 авиацион ҳужумда 16 бошқариладиган бомба қўлланилган.
Сибига барча сулҳ бузилиши ҳақидаги маълумотлар АҚШ, Европа Иттифоқи ва бошқа халқаро ҳамкорларга етказилишини билдирган.
“Украина ҳануз камида 30 кунлик тўлиқ ўт очишни тўхтатишга ва ишончни мустаҳкамлаш чоралари орқали адолатли ва барқарор тинчликка олиб борувчи музокараларни бошлашга тайёр”, деди ТИВ раҳбари.
Украинанинг “Суспiльне” давлат телеканалига кўра, Украина армиясининг бир нечта бўлинмалари аскарлари сулҳ даврида фақат жавоб тариқасида ўт очишга буйруқ олган. Шунга ўхшаш буйруқ апрель ойида эълон қилинган “Пасха сулҳи” вақтида ҳам берилган.
Россия Мудофаа вазирлиги эса, аксинча, Украина томони сулҳни бузганини билдирган. Уларнинг маълумотига кўра, Украина армияси бўлинмалари фронт чизиғи бўйлаб 173 марта артиллерия, танк ва миномётдан ўқ узган ҳамда 4 марта ракета тизимларидан фойдаланган. Шунингдек, 300 дрон орқали зарба ва бомба ташлаш ҳолатлари қайд этилган. Умумий ҳисобда Россия томони 488 та сулҳ бузилишини қайд этган.
Бундан ташқари, Россия Мудофаа вазирлиги Украина томонининг Курск вилояти орқали икки марта давлат чегарасини ёриб ўтишга уринганини ҳам билдирган.
Эслатиб ўтамиз, Путин томонидан эълон қилинган бир томонлама сулҳ 8 май соат 00:00 дан 11 май соат 00:00 гача давом этиши керак. Украина бу сулҳга расмий равишда қўшилмади. Президент Владимир Зеленский 3 кунлик эмас, 30 кунлик ўт очишни тўхтатишни таклиф қилди, бироқ Россия бунга рози бўлмади.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь