Россия мактаблари хулқ-атворни баҳолашда советча амалиётга қайтади

Олам

image

Россия Халқ таълими вазирлиги мактабларда ўқувчиларнинг хулқ-атворини баҳолашни назарда тутувчи буйруқ лойиҳасини тайёрлади. Унга кўра, Россияда жорий йил 1 сентябрдан бошлаб мактабларда ўқувчиларнинг хулқ-атвори учун баҳо қўйиш бўйича совет давридаги амалиёт қайта жорий этилиши мумкин. Бу ҳақдаги ҳужжат норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг федерал порталида эълон қилинган.

Лойиҳа матнига кўра, ички тартиб-қоидаларга, жумладан, дарс жараёнидаги интизомга риоя этилиши устидан назорат “ўқувчиларнинг хулқ-атворига баҳо қўйишни” ҳам ўз ичига олиши мумкин. Шунингдек, ўқувчилар фавқулодда ҳолатлардан ташқари дарс вақтида мобил телефонлардан фойдаланмасликка мажбур бўлади. Агар ҳужжат тасдиқланса, у 2026 йил 1 сентябрдан кучга киради.

Бунгача “Интерфакс” вазирлик раҳбари Сергея Кравцовга таяниб, хулқ-атвор учун баҳони умумий жорий этиш масаласи 2026 йил апрель ойида тажриба натижаларига кўра ҳал қилиниши ҳақида хабар берган. Пилот лойиҳа 2025 йил 1 сентябрда еттита ҳудуд мактабларида ишга туширилган: Новгород, Ярославл, Тула, Ленинград вилоятлари, Чеченистон Республикаси, Мордовия Республикаси ҳамда Украинанинг босиб олинган Луганск вилояти ҳудудида. Тажриба ўқув йилининг охиригача давом этади ва 1–8-синф ўқувчиларини қамраб олади.

Ҳудудларга баҳолашнинг учта шаклидан бирини танлаш таклиф этилган: беш балли тизим (“аъло”, “яхши”, “қониқарли”, “қониқарсиз”), ўтказилди/ўтказилмади шаклидаги баҳолаш ёки уч балли тизим (“намунали”, “йўл қўйиладиган”, “йўл қўйиб бўлмайдиган”).

“Учитель” касаба уюшмаси раиси Дмитрий Казаков ташаббусни танқид остига олган. Унинг фикрича, хулқ-атвор учун баҳо қўйиш мактабларда мавжуд муаммоларни, жумладан, низоларни ҳал этиш масаласини бартараф эта олмайди ва бу “мўъжизавий ечим излашга уриниш” бўлиб, ижобий натижа бериши даргумон.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия мактаб хулқ-атвор

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг