Россия фуқаролигидан воз кечган тадбиркор Тиньковнинг уйини ўғри урди
Олам
−
18 Ноябрь 2022 6782 2 дақиқа
Россиядаги “Тинькофф” банки асосчиси, тадбиркор Олег Тиньковнинг Италиянинг Тоскана ҳудудида жойлашган ҳашаматли уйидан бир неча юз минг евролик қимматбаҳо буюмлар ўғирлаб кетилган. Бу ҳақда РИА Новости нашри хабар берди.
Воқеа 16 ноябрдан 17 ноябрга ўтар кечаси юз берган. Ўғрилик ҳақида хабар берган қўриқчи тонг отганидан сўнг уй эшиги зарарлангани ва хона жиҳозларини ағдар-тўнтар ҳолатда кўрганини айтган. Бу вақтда Тиньков оиласи билан Мексикада эди.
Хабарда қайд этилишича, ўғрилар уйдан олиб кетган қимматбаҳо бойликлар орасида турли хил буюмлар ва қўл соатлари бўлган. Тергов жараёнида уларнинг миқдори тасдиқланмаган бўлсада, тахминан бир неча юз минг еврога баҳоланмоқда.
Айни вақтда Италия полицияси ана шу ҳудуддаги кузатув камераларида қайд этилган ёзувларни ўрганмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 31 октябрь куни Олег Тиньков Россия фуқаролигидан воз кечганини маълум қилган эди.
Маълумот ўрнида, Олег Юревич Тиньков — россиялик тадбиркор. У 2006 йилда ўзининг “Тинькофф” банкига асос солган. 2021 йилда эса Россиядаги барча активларини сотиб юборган. Ўз вақтида 8 миллиард долларлик бойлик соҳиби, дея эътироф этилган Тиньков ҳозирда миллиардерлик мақомини йўқотган. Айни дамда унинг бойлиги Forbes томонидан 800 миллион доллар, деб баҳоланган.
Live
БарчасиЭрдўған Саудияга борди
18:52