Аср тўйи: Роналдунинг никоҳ маросими қандай ўтади?

Спорт

image

Бугун, 8 август куни 2026 йилнинг энг шов-шувли ва ҳашаматли тўйларидан бири шу ҳафта охирида бўлиб ўтиши тахмин қилинмоқда. Криштиану Роналду ва Жоржина Родригес Португалиянинг Мадейра оролида турмуш қуриши кутилмоқда. Бу ҳақда “The Sun” нашри хабар берди.

Жуфтлик 2016 йилда Мадриддаги Gucci дўконида танишган. Ўша пайтда Жоржина савдо маслаҳатчиси бўлиб ишлаган. У кейинчалик Роналду билан муносабатлари “бир кўришдаги муҳаббат”дан бошланганини айтган.

41 ёшли Роналду ўтган ёзда Жоржинага турмуш қуришни таклиф қилган. Родригес Instagram саҳифасида қиймати тахминан 3 миллион фунт стерлингга баҳоланган никоҳ узугини намойиш этган эди. Португалиялик футболчи ҳам аввалроқ Жоржинага уйланишига “1000 фоиз ишонч” билдирган.

Ҳозирда асосан Саудия Арабистонида истиқомат қиладиган жуфтликнинг никоҳ маросими Роналду туғилиб ўсган Мадейра оролида ўтказилади.

Маҳаллий ОАВнинг маълумотларига кўра, орол пойтахти Фуншалдаги собор бугун, 8 август куни йирик тўй маросими учун банд қилинган. Тахминан 800 кишини сиғдира оладиган соборда Жоржина ва Роналдунинг никоҳ маросими ўтказилиши кутилмоқда.

Шундан сўнг, жуфтлик ва меҳмонлар собордан бор-йўғи беш дақиқалик автомобил йўлида жойлашган беш юлдузли Savoy Palace меҳмонхонасига йўл олишади. Хабарларга кўра, тўй зиёфати айнан шу ерда ташкил этилади.

Роналдунинг бойлиги тахминан 1,4 миллиард долларга баҳоланади. Шу боис футбол юлдузи ва Жоржинанинг тўйи ҳам юқори даражадаги ҳашамат билан ўтиши кутилмоқда.

Savoy Palace Мадейрадаги энг нуфузли меҳмонхоналардан бири ҳисобланади. Мажмуада 6 та бассейн, спа, бир нечта ресторан ва Атлантика океанига панорамали манзара очиладиган ҳашаматли хоналар мавжуд.

Роналду ва унинг оиласи аввал ҳам ушбу меҳмонхонада кўриниш берган. Жуфтликнинг меҳмонхонанинг юқори қаватларида жойлашган The Reserve номли ҳашаматли қисмида қолиши тахмин қилинмоқда. У ерда бир кечалик нарх 1100 фунт стерлингдан бошланади.

Меҳмонхонада йирик тантаналар учун мўлжалланган Grand Ballroom ҳам мавжуд бўлиб, у 1000 нафаргача меҳмонни қабул қила олади. Шунингдек, бинонинг том қисмида жойлашган Galáxia ресторани, бассейнлар ва турли ҳашаматли дам олиш ҳудудлари бор.

Қизиғи, Роналдунинг Атлантика океанига қараган етти қаватли, бир неча миллион фунт стерлингга баҳоланадиган шахсий уйи ҳам меҳмонхона яқинида жойлашган. Шунга қарамай, жуфтлик тўйдан кейин дўстлари ва яқинлари билан бирга Savoy Palace’да қолиши кутилмоқда.

Роналду ва Жоржина ҳозирча тўйнинг санаси ва ўтказиладиган жойи ҳақида расман маълумот бермаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Роналдунинг тўй маросимига Мессини ҳам таклиф қилгани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг