Роғун ГЭС ҳудудида жойлашган қабристонлар кўчирила бошланди
Олам
−
19 Сентябрь 16509 2 дақиқа
Тожикистон Роғун ГЭС қурилаётган ҳудудда сувомборини тўлдириш учун сув босадиган йигирмадан ортиқ қабристон ва алоҳида қабристонларни кўчириш жараёнини бошлади. Бу ҳақда “Asia-Plus” хабар берди.
“Роғун ГЭС” АЖ порталида эълон қилинган “Роғун ГЭС лойиҳаси – янгиланган экологик ва ижтимоий таъсир баҳолаш” ҳужжатида бу қадам муқаддас маданий мерос объектларига қурилиш ишларининг бевосита таъсири туфайли амалга оширилаётгани қайд этилган.
Ҳужжат муаллифлари кўмилган жойларни кўчириш жараёни Жаҳон банкининг халқаро стандартлари асосида тегишли идоралар, мутахассислар, маҳаллий жамоатчиликни жалб этган ҳолда амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлаган.
Қайд этилишича, 2023 йилда ўтказилган кенг қамровли этнографик тадқиқот натижасида кўчирилиши мумкин бўлган 25 та қабристон ва алоҳида дафн этилган жойлар аниқланган. Бу жойларнинг аксарияти маҳаллий жамоалар учун юксак маданий, тарихий ва маънавий аҳамиятга эга. Муқаддас қадамжоларни безовта қилмаслик сиёсатига қарамай, бу ҳолатда кўчириш муқаррар эди.
“Устувор чора-тадбирлар зарарни минималлаштириш, жумладан қабристонларни янги жойларга кўчириш орқали ҳамжамиятларнинг кўчириш жойларига имкон қадар яқинроқ бўлишдир”, дейилади нашрда.
Иш Жаҳон банкининг ESS5 (Мажбурий кўчириш) ва ESS8 (Маданий меросни муҳофаза қилиш) стандартларига мувофиқ амалга оширилмоқда. Ҳар қандай эксгумация ва қолдиқларни бошқа жойга кўчириш учун Адлия вазирлиги ва маҳаллий ҳокимият органларининг рухсати, шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича тегишли идоралар билан маслаҳатлашув зарур.
Агар дафн этилганлар археологик хусусиятга эга бўлса, Аҳмад Дониш институтининг иштироки мажбурий бўлиб, у илмий тадқиқотлар зарурлигини баҳолайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари Роғун ГЭСдан 20 йил давомида электр энергияси етказиб бериш бўйича келишувга эришганди.
Live
Барчаси