Туҳмат ҳақида қонунчилик нима дейди ва унга жавобгарлик қандай?
Таҳлил
−
05 Январь 2020
130786Замон ривожлангани сари кишилар ўртасида мулоқот воситаларининг турлари ҳам ортиб бормоқда. Интернет аталмиш жаҳон ахборот тармоғида сузиб юрган сон-саноқсиз маълумотларнинг бири тўғри, бири қинғир мақсадни кўзлаган бўлса, яна бири кимнидир шаъни ва қадр-қимматини камситишга, бадном қилишга “хизмат қилади”.
Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқлар орқали бир шахсга нисбатан бошқа шахс ёки гуруҳлар томонидан туҳмат қилиш ҳолатлари тез-тез учраб турибди.
Хўш, туҳмат ўзи нима, унга қонунларимизда қандай жазо белгиланган? Ушбу мақолада булар ҳақида қисқача тўхталамиз.
Туҳмат нима?
Била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш, шаъни, қадр-қимматини камситилишига олиб келувчи ёлғон маълумотлар бериш туҳмат ҳисобланади.
Туҳмат дея аташ учун қуйидаги уч белги бўлиши лозим:
• туҳмат қилаётган шахс ўзининг тарқатаётган маълумоти ёлғон эканлигини олдиндан билади;
• маълумот бошқа жисмоний ва юридик шахсга нисбатан қаратилган бўлади;
• тарқатилаётган бу маълумотларда шахсни ёки ташкилотни шарманда қилиш эҳтимоли мавжуд бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суднинг пленум қарорига кўра, туҳмат деганда юридик ёки жисмоний шахсларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини пастга урувчи маълумотларни оммавий ахборот воситаларида, хизмат таърифномаларида, кўпчилик олдида сўзлаганда, мансабдор шахслар номига ёзилган аризаларда ёки бошқа, шу жумладан оғзаки бўлса ҳам бир неча шахсга ёхуд бир кишига хабар қилиш тушунилади.
Бундай маълумотларни шахснинг ўзига айтиш – маълумот тарқатиш дея ҳисобланмайди. Бадном этувчи дея, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини оёқости қилувчи, обрўни тўкувчи маълумотлар дея белгиланган.
Ишдаги камчиликларни, жамоат ва иш жойларидаги, турмушдаги феъл-атворини танқид қилувчи, ҳақиқатга тўғри келадиган маълумотларга шахсни бадном қилувчи маълумотлар деб ҳисобланмайди. Тарқатилаётган маълумот рост бўлса, бу туҳмат ҳисобланмайди.
Туҳмат учун жавобгарлик қандай?
Амалдаги қонун ҳужжатларида туҳмат қилган шахсга нисбатан унинг оғирлик даражасига қараб икки хил – маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддасига кўра, туҳмат қилганлик, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатганлик учун энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан олтмиш бараваригача миқдорда жарима белгиланиши мумкин. Туҳматга оид ишлар бўйича суриштирув ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан кўриб чиқилади. Туҳмат қилган шахсга нисбатан жазо эса тегишли маъмурий суднинг қарорига мувофиқ қўлланилади.
Маъмурий суднинг қарорига асосан туҳмат қилганликда ифодаланувчи маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилган шахс бир йил ичида ушбу ҳаракатни такрор содир этса, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиши мумкин.
Жиноят кодексининг 139-моддаси биринчи қисмига кўра, туҳмат у учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил ичида такроран содир этилса, жиноий қилмиш дея баҳоланади. Бунинг учун энг кам ойлик иш ҳақининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан боғлиқ жазо қўлланилиши мумкин.
Агар туҳмат қилиш нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёхуд оммавий ахборот воситалари орқали амалга оширилган бўлса, бу қилмишни ва унинг учун жавобгарликни янада оғирлаштиради. Бундай ҳолатда бир йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан қўлланилиши мумкин.
Бордию, шахс оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб ёки оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлган ҳолда ёхуд хавфли рецидивист томонидан ёки ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда туҳмат қилинса, уч йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Агар шахс туҳматда айбланаётган бўлса, буни суриштирувчи, терговчи, прокурор томонидан айби исботланиши лозим ва бунга суд баҳо беради. Бажарилган хатти-ҳаракатнинг туҳмат эканлигини исботлаш эса маълум вақт талаб қилади.
LiveБарчаси