Президент Бош прокурор, ДХХ раиси, Ички ишлар вазири олдига янги талаблар қўйди
Жамият
−
30 Июнь 2020
53139Андижон ва Қашқадарёдаги бўлган ҳолатлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон тергов институти ташкил этилади. Терговчилик касбини эгаллашга мутлақо янги талабларни ишлаб чиқилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида сўз борган. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар бермоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг январь ойида Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани ИИБда, май ойида Андижон шаҳар ИИБда содир бўлган ҳолат натижасида икки фуқаро вафот этганига эътибор қаратаркан, ҳуқуқ-тартибот органларида тергов сифати талабга мутлақо жавоб бермаслигини айтди
“Ҳозирги тергов сифати ва ходимлар малакаси талабга мутлақо жавоб бермайди.
Жорий йил 5 ойида тергов органлари асоссиз айб қўйган 323 нафар шахс судлар томонидан оқланган, 1 минг 854 нафар шахсга нисбатан қўйилган асоссиз айбловлар олиб ташланган.
Ўтган йилнинг ўзида 236 нафар оқланган шахсга давлат ҳисобидан 6,7 миллиард сўмлик моддий ва маънавий зарар тўлаб берилган”, дейди давлат раҳбари.
Йиғилишда қайд этилишича, судьялик лавозимини эгаллаш учун муайян иш стажига эга бўлиш, Судьялар олий мактабини ўқиб тугатиш каби талаблар қўйиш орқали танловни кучайтирилган. Президентнинг фикрича, энди терговчиликка номзодларга ҳам бундай талабларни қўйиш керак.
Президент Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев, Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов, Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов, Олий суд раиси Козимжон Комилов, Бош прокурор ўринбосари Абдуҳалим Холмахматов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринсабосари Акмал Саидовга бир ой муддатда:
• тергов институтини ташкил этиш;
• терговчилик касбини эгаллашга мутлақо янги талабларни ишлаб чиқиш;
• соҳага илғор тажриба ва стандартларни жорий этиш бўйича қарор лойиҳасини киритиш талабини қўйди.
Кутилаётган янги тизим ҳақида гапираркан, давлат раҳбари қуйидагиларни қўшимча қилди:
“Пировардида янги тергов мактаби ва методологиясини яратиш керак. Тергов идоралари нечанчи йилдаги услублар билан ишлаяпти? Қандай технологиядан фойдаланаяпти? Шиддатли ривожланиш жараёнларига уларни қандай тайёрлаяпмиз, деган мураккаб саволларга жавоб топиш лозим”.
Йиғилишда ҳуқуқ-тартибот идораларида ишларнинг терговга алоқадорлиги бузилиб кетгани танқид қилинди. Шундай жиноят турлари борки, уларни ҳар қандай тергов идораси тергов қилиши мумкин бўлса, айрим моддалар эса қайси тергов органига мансублиги қонунда кўрсатилмаган.
"Токи терговга алоқадорликка қатъий амал қилинмас экан, терговчи аниқ йўналиш бўйича ишламас экан, на сифат, на натижага эришиб бўлмайди.
Йўлдошев, Азизов, Бобожонов бир ой муддатда терговга алоқадорлик институтини такомиллаштириш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқсин", дейди давлат раҳбари.
LiveБарчаси