Путиннинг сафдоши умрни узайтириш пайида: у маймунлар билан ишлаяпти

Олам

−

image

Россияда Курчатов институти олимлари инсоннинг соғлом умрини узайтириш усулларини топиш мақсадида приматларнинг қаришини ўрганмоқда. Бу ҳақда мамлакат Президенти Владимир Путиннинг яқин сафдоши, илмий марказ президенти Михаил Ковальчукка таяниб, “Bloomberg” хабар берди.

Қайд этилишича, Ковальчук ўтказилаётган тадқиқотлар ҳақида Москвадаги Курчатов геном форумида сўзлаб берган. Унинг сўзларига кўра, олимлар қаришнинг турли босқичларини кузатиш учун кекса маймунларни текширувдан ўтказмоқда.

Тадқиқотчилар 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ҳайвонларни ўрганяпти: биокимёвий кўрсаткичлар, тўқималар, томирлар ва мия ҳолатини текширилмоқда. Ковальчук томонидан “уникал” деб аталган узоқ яшовчи маймунлар гуруҳи алоҳида қизиқиш уйғотмоқда.

“Bloomberg”нинг қайд этишича, Ковальчук Россия Президенти билан узоқ пайтдан буён алоқаларга эга ва унинг илмий масалалар, жумладан, генетика соҳасидаги норасмий маслаҳатчиси ҳисобланади.

Владимир Путин жорий йил октябрь ойида 74 ёшга тўлди. Агентлик унинг узоқ умр кўриш мавзусига бўлган қизиқишини эслатиб ўтади. 2025 йил сентябрь ойида Россия Президентининг ХХР раиси Си Цзиньпин билан суҳбати Пекиндаги ҳарбий парад олдидан тасодифан расмий трансляцияга тушиб қолган. Ўшанда улар биотехнологиялар ва аъзоларни кўчириб ўтказиш имкониятларини, шунингдек, умр кўриш давомийлигини 150 ёшгача ошириш истиқболларини муҳокама қилган.

Эслатиб ўтамиз, узоқ умр кўриш мавзусини Путиннинг тўнғич қизи, эндокринолог Мария Воронцова ҳам кўтарган. Октябрь ойида у Москванинг “Сколково” бошқарув мактабида соғлиқни сақлаш одамларга узоқроқ яшашга қандай ёрдам бериши мумкинлиги ҳақида маъруза қилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг