Путин танланган Президентларгагина табрик йўллади. Улар орасида Мирзиёев борми?
Олам
−
30 Декабрь 2022
41568Россия Президенти Владимир Путин хорижий давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарларини Рождество байрами ва яқинлашиб келаётган Янги 2023 йил билан табриклади. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.
Путин хорижлик етакчилар қаторида Боливия Кўп миллатли давлати Президенти Луис Арсе, Бразилия Федератив Республикаси Президенти, Венесуэла Боливар Республикаси Президенти Николас Мадуро, Вьетнам, Ҳиндистон, Хитой, Туркия, Куба, Никарагуа, Сербия ва Сурия раҳбарларига табрик йўллади. Бироқ бу рўйхатга Оқ уй раҳбари Жо Байденнинг исми киритилмаган.
МДҲ раҳбарлари
Путин постсовет маконидаги давлатлар раҳбарларини анъанавий Янги йил табригида Россиянинг улар билан ҳамкорлиги ривожланиш даражасини юқори баҳолади ва алоқаларни янада мустаҳкамлашга умид билдирди.
Хусусан, Путин Озарбайжон – Илҳом Алиев, Арманистон – Ваагн Хачатрян, Беларусь – Александр Лукашенко, Қозоғистон – Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон – Садир Жапаров, Тожикистон – Имомали Раҳмон, Туркманистон – Сердар Бердимуҳамедов, Ўзбекистон – Шавкат Мирзиёев, Жанубий Осетия – Алан Гаглоевга табрик йўллади. Россия давлат раҳбари Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ва Туркманистон парламенти юқори палатаси раиси Гурбангули Бердимуҳамедовни ҳам табриклади. Шу билан бирга, Россия Федерацияси Президенти бу сафар Молдова Президенти Майя Сандуни Янги йил билан табрикламаган. Шунингдек, Путин ўз табрикларида аввалги йиллардагидек Грузия ва Украина халқларини тилга олмади.
Умуман олганда, Россия раҳбаридан постсовет ҳудудидаги давлатлар раҳбарлари номига юборилган барча телеграммаларда улар билан муносабатлар жадал ривожланаётгани, иқтисодий алоқалар мустаҳкамланиб бораётгани, кўплаб соҳаларда муваффақиятли ҳамкорлик қилинаётгани қайд этилган. Путин бу келажакда ҳам давом этишига умид қилмоқда.
Россия Федерацияси Президенти ўз табрикларида ўтаётган йилда рўй берган бир қатор муҳим воқеаларни ҳам айтиб ўтди. Хусусан, Алиевга йўллаган телеграммасида у мамлакатлар ўзаро ҳамкорликнинг янги, иттифоқчилик даражасига кўтарилганини таъкидлаган. Россия давлати раҳбари Пашинян ва Хачатурянга йўллаган табрикларида мамлакатлар дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги ҳамда Дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги шартнома имзоланганининг 25 йиллигини нишонлаганини эслатди. Путин Мирзиёевга йўллаган табригида юбилей сана – дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини ҳам эслатди. Бердимуҳамедовга йўллаган мактубида асосий йўналишларда Россия-Туркманистон алоқаларини сифат жиҳатидан ошириш учун шарт-шароит яратган стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги имзоланган декларацияга эътибор қаратди.
Лукашенкога йўллаган телеграммасида Россия раҳбари Москва ва Минск ўтаётган йилнинг қийинчиликлари ва синовларига бардош бериб, биргаликда нафақат мисли кўрилмаган сиёсий ва санкция босимига самарали қаршилик кўрсатишга, балки Иттифоқ давлати институтларини мустаҳкамлашга ҳам қодир эканини таъкидлади.
Бундан ташқари, Путин МДҲ раҳбарларига йўллаган табрик мактубларида БМТ, ЕОИИ, КХШТ, ШҲТ, Каспий бешлиги ва Марказий Осиё плюс Россия формати каби кўп томонлама форматларда ҳамкорликни давом эттириш муҳимлигини таъкидлади. Бу, хусусан, Тўқаев, Жапаров, Раҳмон, Пашинян ва Хачатурян, Бердимуҳамедов, Мирзиёевга йўллаган мурожаатларида айтилган.
Ўз навбатида Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Путин “дўст бўлмаган” давлатлар раҳбарлари, жумладан, Германия канслери Олаф Шольц ва Франция Президенти Эммануэль Макронни табрикламаслигини айтди.
LiveБарчаси