Путин армияни кенгайтиришни осонлаштиришга оид қонунни имзолади
Олам
−
28 Май 2022
9432Россия Президенти Владимир Путин россияликлар ва чет элликлар учун Россия Федерацияси Қуролли Кучларида (ҚК) хизмат қилиш учун биринчи шартномани тузишда энг юқори ёш чегарасини бекор қилувчи қонунни имзолади.
Жорий йилнинг 25 май куни Давлат Думаси тегишли қонун лойиҳасини бир вақтнинг ўзида учта ўқишда қабул қилди, худди шу куни у Федерация Кенгаши томонидан маъқулланди.
Илгари ҳарбий хизматни ўташ шартномасини “18 ёшдан 40 ёшгача бўлган фуқаролар ва 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган чет элликлар” тузиши мумкин эди. Янги қонун меҳнатга лаёқатли ёшдаги фуқароларга (хорижий фуқаролар) ҳарбий хизмат учун биринчи шартнома тузиш ҳуқуқига эга бўлган ёш чегарасини бекор қилди.
Қонун муаллифларининг фикрича, юқори ёш чегарасининг бекор қилиниши талаб қилинадиган соҳаларда, биринчи навбатда, фуқаролар билан боғлиқ бўлган, шу жумладан алоқа, муҳандислик ва тиббий ёрдам соҳасида шартнома асосидаги мутахассисларни ишга олиш имконини беради.
Қонун лойиҳасининг тушунтириш хатида қурол-яроғ ва ҳарбий техникадан фойдаланиш, шунингдек, юқори аниқликдаги қуроллардан фойдаланиш учун юқори малакали мутахассислар зарурлиги қайд этилган. Ташаббус муаллифларининг таъкидлашича, тажриба шуни кўрсатадики, бундай маҳорат даражасига 40-45 ёшда эришилади.
Давлат котиби – Россия Федерацияси Мудофаа вазирининг ўринбосари Николай Панков ҳужжатни Федерация Кенгашида кўриб чиқиш чоғида маълум қилишича, россияликлар ва чет элликлар 50 ёшга тўлгунга қадар ҳарбий хизматни ўташ учун шартнома тузишлари мумкин.
LiveБарчаси