Президентнинг йўлини тўсмоқчи бўлган аёлларга қандай жазо тайинланди?

Жамият

image

Аввалроқ, жорий йилнинг 20 май куни Тошкентда бир гуруҳ аёллар Президент Шавкат Мирзиёевнинг кортежи ҳаракатланадиган кўчага чиқиб, унга мурожаат қилишга урингани ҳақида хабар берган эдик. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Гулбаҳор Ташматова, Малика Хаитова, Муҳаббат Акбарова,  Гулбаҳор Каримбекова ва Хурсаной Эргашевага нисбатан қандай чора кўрилганини очиқлади. 

Унда шундай дейилади:

Иш ҳужжатларидаги жиноят иши қўзғатишни рад этиш ва маъмурий иш қўзғатиш тўғрисидаги қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддаси ва 194-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганлик ҳолати бўйича маъмурий ишнинг Х.Эргашевага оид қисми унинг хаста эканлиги муносабати билан алоҳида иш юритувига ажратилганлиги кўрсатилган.

Мазкур маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман маъмурий суди томонидан 2019 йил 21 майда кўриб чиқилган.

Суд мажлисида сўралган Г.Ташматова, М.Хаитова, М.Акбарова ва Г.Каримбекова ўзларининг ҳуқуқбузарлик ҳаракатини инкор этиб, судда ҳолат юзасидан кўрсатув беришдан бош тортганлар.

Гарчанд шикоятчи аёллар ўзларига оид маъмурий иш юзасидан суд мажлисида кўрсатув беришдан бош тортган бўлсалар-да, суд иш ҳужжатларини атрофлича ўрганиб, уларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериб, мазкур ҳуқуқбузарликларни содир қилганликлари қуйидаги асосларга кўра, яъни миллий гвардия ходимларининг билдиргилари, гувоҳларнинг тушунтириш хатлари, суд мажлиси жараёнида аниқланган ҳолатлар ва иш ҳужжатларида мавжуд бўлган бошқа далиллар билан тўлиқ тасдиқланган.

Фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топилиб, Г.Ташматова ва М.Хаитова Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси ва 194-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топилиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 34-моддасига асосан узил-кесил 3 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган;

М.Акбарова ва Г.Каримбекова Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси ва 194-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир қилган деб топилиб, уларга 34-моддасига асосан узил-кесил 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Ушбу фуқаролардан кассация тартибида шикояти келиб тушмаган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

154

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг