Президентнинг собиқ ёрдамчиси пора олгани учун 12 йилга қамалди
Олам
−
05 Июль 2019
10095Беларусь Олий суди мамлакат Президентини Александр Лукашенконинг Гродзен вилояти бўйича собиқ ёрдамчиси Сергей Ровнейкони йирик миқдорда пора олгани учун 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда Беларусь Олий суди сайтида хабар берилди.
“Барча мол-мулкини мусодара қилган ҳолда 12 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони кучайтирилган тартибдаги аҳлоқ-тузатиш колониясида ўташи белгиланди”, дейилади суд хабарида.
Шу жиноят иши бўйича “Вестерн Технолоджиз” компанияси бош директори бўлиб ишлаган Дмитрий Тихомолов ҳам пора беришда айбланиб, икки йилга қамалди. У Беларусь бокс федерацияси раиси ҳам бўлган. Тихомолов ҳам жазони кучайтирилган тартибдаги аҳлоқ-тузатиш колониясида ўтайди.
Мазкур иш бўйича суд жараёни ёпиқ тартибда ўтказилган. Қарор қонуний кучга кирган.
Беларусь Президенти Александр Лукашенконинг собиқ ёрдамчиси жорий йилнинг май ойида 200 минг доллар пора олаётганда қўлга тушганди.
LiveБарчаси