Президент Жўқорғи Кенгес раисига генерал-майор унвонини берди

Жамият

image

Бугун, 19 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаевга “генерал-майор” махсус унвони берилди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби маълум қилди.

Қайд этилишича, Нукус шаҳрида Шавкат Мирзиёев раислигида  Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилган. Йиғилиш якунида ички ишлар органлари тизимидаги кўп йиллик самарали меҳнати, Қорақалпоғистонни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳоли фаровонлиги, хавфсизлиги ва осойишта ҳаётини таъминлаш, жамиятда меҳр-оқибат, аҳиллик ва тотувликни асраш ҳамда мустаҳкамлаш борасидаги катта хизматлари учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаевга Президент томонидан “генерал-майор” махсус унвони берилган.

Маълумот учун, Оринбаев Аманбай Тлеубаевич 1979 йил Кегейли туманида туғилган. Ички ишлар вазирлиги академияси, Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш олий мактабини тамомлаган. Аманбай Оринбаев “Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист”, “Дўстлик” ордени билан тақдирланган. У меҳнат фаолиятини Кегейли тумани қурилиш-монтаж бошқармаси ишчиси сифатида бошлаган. Ҳозирги вазифасига тайинланмасдан олдин бир муддат Қорақалпоғистон Ички ишлар вазири бўлган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг август ойида Аманбай Тлеубаевич Оринбаев Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси лавозимига тасдиқланганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг