Президент ёшларнинг бандлигини таъминлаш бўйича қатъий топшириқлар берди
Жамият
−
27 Январь 2021
8465Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бугун, 27 январь куни ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, йиғилишда шу пайтгача ишсиз аҳоли ва бўш иш ўринлари ўзаро уйғунликда кўриб чиқилмагани танқид қилинган.
Хабарга кўра, Тошкент шаҳрида 26 минг ёш ишсиз. Айни пайтда бу ерда 77 мингта вакант бор, шундан 45 мингтасига олий маълумот талаб этилмайди. Давлат раҳбари ёшларни касбга ўқитиш орқали малака тоифасини бериб, шундай вакант ўринларга жойлаштириш мумкинлигини таъкидлаган.
Шунингдек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига “Ишга марҳамат” мономарказларида, шунингдек, қатор олий таълим муассасалари ва йирик санот тармоқларида малакани баҳолаш марказлари ташкил этиш вазифаси қўйилган. Бу орқали жорий йилнинг ўзида 30 минг йигит-қизга малака сертификати бериб, уларнинг бандлигини таъминлаш мумкинлиги айтилган.
Тадбиркорлигини бошламоқчи бўлган ёшларнинг мини-технология ва ускуналар харид қилиши учун субсидия ажратиш, кредит олишда суғурта тўлови бўйича кўмаклашиш юзасидан топшириқлар берилган.
Президент Матбуот хизматига кўра, бандликни таъминлашда энг катта захиралардан бири деҳқончилик қилиш учун ер ажратишдир. Лекин, ўтган йили бу борада мурожаат қилган 14 минг нафар ёшдан атиги 3 мингига ер берилган, холос.
Йиғилишда Бош вазир ўринбосарига жойларда ҳар 10 гектар экин еридан 1 гектарини ёшларга деҳқончилик учун ажратиш тартибини жорий этиш вазифаси топширилган.
Шунингдек, қудуқлар қазиб, захира ерларни ёшларга фойдаланиш учун бериш, томорқада лимончилик, паррандачилик, қуёнчилик, асаларичилик қилишлари учун кредитлар ажратиш юзасидан кўрсатмалар берилган.
Йиғилишда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, қобилиятини юзага чиқариши учун зарур шароитлар яратиш масалалари ҳам муҳокама қилинган.
Мусиқа ва санъат мактаблари, маданият марказлари, музейлар қуриш ҳамда таъмирлаш орқали уларда ёшлар қамровини 30 фоизга етказиш мақсади белгиланган. Бунга, жорий йилда бюджетдан 150 миллиард сўм ажратилади.
Шунингдек, чекка ҳудудлардаги мактабларда намунавий тўгараклар ташкил этиш, ёшларни аждодларимизнинг бой маданий мероси билан яқиндан таништириш, улар ўртасида ички туризмни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берилган.
Жорий йилда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиб, спорт билан шуғулланувчи аҳоли сонини 25 фоизга, ёшлар қамровини 20 фоизга етказиш мақсад қилинган. Болалар боғчаси ва мактабларни спорт анжомлари билан жиҳозлаш учун бюджетдан 100 миллиард сўм ажратилган.
Мутасадди вазирликларга мактабларда 20 мингта спорт тўгарагини ташкил этиш, спорт федерацияларини, халқаро мусобақалар ғолибларини мактабларга бириктириб, ёшларни профессионал спортга жалб қилиш юзасидан вазифалар қўйилди.
Ҳозирги ёшларнинг замонавий технологияларга қизиқиши юқори. Ўтган йили IT-паркнинг 5 та филиали ва Рақамли технологиялар ўқув марказларида 10 мингдан ортиқ ёшлар сабоқ олган.
Бу қамровни кенгайтириш мақсадида ҳар бир туманда камида биттадан мактабда IT-тўгараги очиш, яна 100 та Рақамли технологиялар ўқув маркази ташкил этиб, 20 минг йигит-қизни дастурлаш ва ахборот технологиялари соҳасида тадбиркорликка ўқитиш муҳимлиги таъкидланди.
Йиғилишда ёшларнинг ижтимоий масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги кунда 129 та олий ўқув юртида 500 мингдан ортиқ талаба ўқиётгани, лекин улар ётоқхона билан етарлича таъминланмагани кўрсатиб ўтилди. Мутасаддиларга талабалар уйларини кўпайтириш бўйича топшириқ берилди.
Давлат раҳбари иқтидорли ёшларни кашф қилиш, уларнинг ташаббус ва интилишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ўзбекистон учун 100 ғоя” лойиҳасини илгари сурди. Лойиҳа доирасида шаҳар ва қишлоқлардаги ташаббускор ёшларнинг иқтисодиёт, таълим, спорт, соғлиқни сақлаш, ахборот технологиялари каби соҳалардаги ғояларини рўёбга чиқариш учун шароит яратилади.
Ёшлар ишлари агентлигининг вилоят ва туман ходимлари ойлик маошини ошириш бўйича ҳам таклиф билдирилди.
Бундан буён вилоят, шаҳар ва туман сектор раҳбарлари маҳаллий матбуот ва ижтимоий тармоқлар орқали ёшларнинг муаммо ва масалалари юзасидан қилган ишлари тўғрисида аҳолига ҳисобот бериб бориши белгиланди. Ёшлар бандлигини таъминлашда жонбозлик кўрсатган тадбиркорлар, ташкилотчи ва раҳбарлар рағбатлантирилиши таъкидланди.
Йиғилишда Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар ва ҳокимлар белгиланган вазифалар ижросини ташкил этиш бўйича ахборот берди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь