Президент ЎзМУдаги 10 муаммони айтди ва ректорни огоҳлантирди
Жамият
−
18 Июнь 2019
5369Аввалроқ, Шавкат Мирзиёев “2019-2023 йилларда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида талаб юқори бўлган малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолагани ҳақида хабар берган эдик.
Қарорда таъкидланишича, ЎзМУда танқидий ва ҳар томонлама таҳлилларда юқори малакали кадрлар тайёрлаш, илмий ва кўп қиррали инсон капиталини ривожлантириш соҳасида жиддий тўғаноқ ва тўсиқ бўлаётган комплекс камчиликлар ва муаммолар аниқланди. Кейинги йилларда университетнинг Миллий университет мақомига муносиб бўлиши учун амалий ва самарали чора-тадбирлар таъминланмади. Шу жумладан:
биринчидан – ҳар бир факультет ва кафедра бўйичатаълимнинг йўналишлари ва мутахассисликлари таркиби, шунингдек, қабул квоталари реал эҳтиёждан анча орқада қолмоқда, кўпинча ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларига, меҳнат бозори ва кадрларнинг буюртмачилари эҳтиёжларига мос келмайди. Битирувчиларнинг ишга жойлаштирилиши ҳамма вақт ҳам эгалланган мутахассисликка мувофиқ эмас;
иккинчидан – таълим жараёнига, шу жумладан, синовдан ўтган ва халқаро стандартларга мувофиқ бўлган замонавий педагогик технологияларни жорий этиш даражаси паст. Таълим жараёнини ўқув-методик таъминлаш ва унинг мазмуни иқтисодиёт тармоқларининг инновацион ва технологик ривожланишидан орқада қолмоқда, талабаларнинг назарий ва ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш самарали эмас;
учинчидан – университетни, шу жумладан, ўқув-тарбиявий ва илмий жараённи самарали бошқаришни таъминлаш учун кадрлар захирасини тайёрлашнинг аниқ ифодаланган тизими мавжуд эмас. Айрим педагог кадрларнинг касбий маҳорати даражаси етарли эмаслиги,малака ошириш курсларининг, педагог ва илмий ходимлар стажировкасининг самарасизлиги, магистрантлар ва диссертантларнинг раҳбарлари ва маслаҳатчиларини тайинлашда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг илмий-тадқиқот институтлари салоҳиятини суст жалб этиш, турли дастурлар, шу жумладан, чет элда магистратура бўйича кадрлар тайёрлашнинг тизимсизлиги сақланиб қолмоқда;
тўртинчидан – университет ўқитувчиларининг атиги 59,0 фоизи илмий даражага эга, фан докторларининг ўртача ёши 61 ёшни, фан номзодларининг ўртача ёши – 54 ёшни ташкил этмоқда. Университет нуфузли халқаро агентликлар рейтингига кирмайди, олимларнинг илмий мақолаларидан халқаро иқтибос келтириш даражаси пастлигича қолмоқда, талабалар маълум бир қисмининг илм-фанга интилиши ва қизиқиши жуда суст эканлиги кузатилмоқда;
бешинчидан – университет ахборот тизимининг мазмуни, унумдорлиги ва сифати, шунингдек, IT мутахассисларининг ўз ишини билиши паст даражада қолмоқда. Юқори тезликдаги Интернет тармоғидан фойдаланиш имконияти йўқ, университет ҳудудининг атиги 7,0 фоизида Интернетга, шу жумладан, хорижий ахборот таълим ресурсларига симсиз уланиш мумкин;
олтинчидан – етакчи хорижий ихтисослашган илмий марказлар билан, айниқса илмий стажировкалар асосидаяқин шериклик муносабатларини ўрнатиш ишлари зарур тарзда амалга оширилмаяпти, университетнинг ўқув ва илмий фаолиятига жалб этилган хорижий профессорлар ва ўқитувчилар сони етарли эмас;
еттинчидан – ўтказилган социологик тадқиқотлар йигитлар ва қизлар, шунингдек, ёш педагоглар билан олиб борилаётган маънавий-маърифий ишларни аниқ мазмун билан тўлдириш, уларда билимга интилишнигина эмас, балки инсонпарварликнинг миллий анъаналарига содиқлик ва юксак маънавиятни тарбиялаш, ёт ғоялар ва мафкураларга нисбатан танқидий тафаккур ва иммунитетни мустаҳкамлаш зарурлигини кўрсатмоқда. Ректорат, факультетлар ва кафедраларнинг кўпчилик раҳбарлари ушбу муҳим ишдан ўзларини четга олишган, уларнинг талабалар турар жойларида ёшлар билан учрашувлари сони жуда кам. Дам олиш, кўплаб тадбирларнинг, шу жумладан, маданий-оммавий ва спорт тадбирларининг даражаси пастлигича қолмоқда;
саккизинчидан – айрим факультетлар, академик лицей, спорт иншоотлари ва талабаларнинг дала амалиётлари ўтадиган жойларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун амалий чора-тадбирлар кўрилмаяпти.Илмий-тадқиқот лабораторияларида замонавий асбоб-ускуналар етишмайди. Талабалар яшаш жойларида ўринлар тақчиллиги мавжуд, шунингдек, университет ходимлари ва чет элдан таклиф қилинадиган мутахассислар учун турар жой етарли эмас;
тўққизинчидан – университетни ривожлантиришда олий таълим муассасалари менежментининг замонавий усуллар ва илғор амалиётга асосланган аниқ ифодаланган стратегияси мавжуд эмас. Молиялаштириш тизимини қайта кўриб чиқиш ва оптималлаштириш, шунингдек, маблағлардан, энг аввало бюджет маблағларидан оқилона ва самарали фойдаланишнинг шаффоф механизмларини жорий этиш талаб қилинади;
ўнинчидан – деканатлар ва кафедралар раҳбарлари, шунингдек, профессор-ўқитувчилар таркиби меҳнати самарадорлигини баҳолашнинг ва кейинчалик уларни моддий рағбатлантиришнинг рейтинг тизими жорий этилмаган.
Қарорга мувофиқ ЎзМУ ректори А.Р.Мараҳимов ва унинг ўринбосарлари Д.Х.Жумабоев, А.С.Тўраев, В.А. Ибодуллаев, Н.Н. Қодиров университетнинг таркибий бўлинмалари томонидан самарали менежментни таъминлаш бўйича жиддий камчиликларга йўл қўйилганлиги, жорий, ўрта муддатли ва истиқболли вазифалар тизимли таҳлил қилинмаганлиги, эътироф этилган халқаро талаблар ва стандартлар даражасида замонавий таълим, шу жумладан, инновацион дастурлар ва самарали илмий-тадқиқот ишлари жорий этилишини таъминлаш юзасидан бошқарув бўғинининг раҳбар кадрлари ва профессор-ўқитувчилар таркибига нисбатан талабчанликнинг сустлиги, шунингдек,университетнинг мамлакатимиз университетлари ва етакчи хорижий олий таълим муассасалари орасида рейтинги ошиши учун шахсан жавобгар эканлиги тўғрисида қатъий огоҳлантирилди.