Президент “Ургут” эркин иқтисодий зонасидаги корхоналар билан танишди

Жамият

image

Президент Шавкат Мирзиёев “Ургут” эркин иқтисодий зонасидаги корхоналар фаолияти билан танишди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, давлат раҳбарининг 2017 йил 12 январдаги фармонига асосан ташкил этилган “Ургут” иқтисодий зона мавжуд хомашё ва инфратузилмадан самарали фойдаланиб, қишлоқ жойларда саноатни ривожлантириш, иш ўринлари очишда муҳим ўрин тутмоқда.

Хабарга кўра, бугунги кунда “Ургут” эркин иқтисодий зонасида қиймати 402 миллион долларликдан зиёд 84 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. 313 миллион долларлик 55 та лойиҳа бўйича ишлаб чиқариш бошланган, уларда 4 минг 328 та киши меҳнат қилмоқда. Ушбу корхоналар томонидан газ плиталари, енгил саноат ва чарм-пойабзал товарлари, гиламлар, гигиена воситалари, электр техникаси буюмлари каби 220 турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. 2020 йилда 1,2 триллион сўмлик маҳсулот тайёрланиб, 30 миллион долларлик экспорт қилинган.

Президент иқтисодий зона ҳудудидаги “Kamalak Tekstil” корхонаси фаолияти билан танишди. Ургут туманининг Мерганча массивида жойлашган ушбу ширкатда гилам ва тафтинг, ковролан маҳсулотлари, синтетик ип ва сунъий чим ишлаб чиқарилмоқда.

Корхонага Бельгия, Швейцария, Австрия, Франция ва Германия давлатларининг замонавий, энергия тежовчи ускуна ва жиҳозлари ўрнатилган. 328 та иш ўрни яратилган.

Ўтган йили бу ерда тайёрланган 170 миллиард сўмлик маҳсулотнинг 59 фоизи ички бозорга, 41 фоизи хорижга сотилган. Жорий йилда 7,5 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиниши режалаштирилган.

Маҳаллийлаштиришни кенгайтириш, бошқа туманларда ҳам шундай корхоналар ташкил этиб, иш ўринларини кўпайтириш юзасидан топшириқлар берилди.

Маълум қилинишича, Президент “Сам электро сервис” масъулияти чекланган жамияти маҳсулотларини ҳам кўздан кечирди.

Корхона “Идеал” бренди остида йилига 260 минг дона электр духовка, 150 минг дона газ плиталари ва улар учун қўшимча буюмлар ишлаб чиқариш қувватига эга. Унга Германия, Туркия ва Хитойдан замонавий, энергия тежовчи ускуна ва жиҳозлар келтириб ўрнатилган.

2020 йилда умумий қиймати 58 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, унинг 32 фоизи хорижга экспорт қилинган. Жорий йилда 2 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш кўзда тутилган.

Маҳсулот турларини кенгайтириш, замонавий электр техникалари  ишлаб чиқариш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича мутахассислар тайёрлаш муҳимлиги таъкидланди.

“Ургут” эркин иқтисодий зонасида айни пайтда қиймати 90 миллион долларлик 29 та лойиҳа бўйича қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. Мазкур лойиҳалар ишга туширилиши натижасида яна 2 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади.

Бундан ташқари, қиймати 144 миллион долларлик 21 та қўшимча лойиҳа шакллантирилган, қиймати 206 миллион долларлик 33 та истиқболли лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Шавкат Мирзиёев иқтисодий зона имкониятларидан самарали фойдаланиш, янги ва истиқболли лойиҳаларни кўпайтириш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди.

Шу ерда самарқандлик нуронийлар билан мулоқот бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

72

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг